Кибрдан сақланиш
Авлиёуллоҳдан бир зот Рамазон ойида талабалари билан бирга бир шаҳарга бориш учун йўлга чиқдилар. Шаҳарга яқинлашганларида тўп-тўп одамларнинг уларни кутиб олишга чиққанини кўрдилар. Муборак зот дарҳол тугунидан қотган нонни чиқариб, оғзига солди. Буни кўрган аҳоли “Биз бу зотни олим ва авлиё деб билардик. Рамазон ойида рўза тутмабди, бунинг устига очиқдан-очиқ овқат еяпти. Бундай одамнинг суҳбатини эшитишнинг кераги йўқ” деб тарқаб кетдилар.
Талабалари бу зотдан қилган ишининг ҳикматини сўраганларида “Шунча одамнинг бизни кутиб олиш учун йўлга чиққанини кўриб, қалбимга кибр ва улуғворлик келишидан қўрқдим. Уларнинг олдида ўзимни паст кўрсатиб, нафсимни ерга уриш учун бу ишни қилдим. Нонни чайнадим, аммо ютмадим. Барча нон еяпти деб ўйлади. Қалбимга кибр жойлашиб, Аллоҳу таолонинг ғазабига сабаб бўлганимда ҳолим нима кечарди” деб жавоб берди.