Ғийбат қилмоқ
Маълум бир мўминнинг ёки зиммий (ғайри муслим ватандош)нинг айбини уни ёмонлаш учун орқасидан гапириш ғийбат бўлади. (Ёмонлаётган сўзлар тўғри бўлса, “ғийбат” бўлади. Ёлғон бўлса “туҳмат” бўлади. Ғийбат ва бўҳтон гапириш катта гуноҳ бўлгани каби, уларни тинглаш ҳам ҳаромдир. Гапирган ва тинглаган жаҳаннам оловида куяди. Гапирганни жим бўлишга ундаш керак. Жим бўлмаса у ердан туриб кетиши лозим. Ва булар учун хайрли дуо қилмоғи керак. Дўстлари, жўраларининг исмини ёзиб деворга илиб қўйиш, бу исмларни ҳар кўрганида, исм соҳибларига хайрли дуо қилиш лозим. Мозорлари устига тош ўрнатиб, маййитнинг исми ёзилади, ўтиб кетаётиб кўрганлар, бу маййитга раҳмат ва истиғфор ўқийдилар. Йиллар оша бу дуоларга қовушган маййитлар қабр азобидан қутуладилар.) Ғийбат ҳаромдир. Тинглаётган ғийбат қилинаётган кимсани танимаса, ғийбат бўлмайди. Ғийбат қилинган кимса буни эшитса, қайғу чекади. Баданида, насабида, ахлоқида, ишида, сўзида, динида, дунёсида ва ҳатто кийимида, уйида ҳайвонида бўлган бирор қусур орқасидан гапирилганда буни эшитгач, хафа бўлса, ғийбат бўлади. Яширин гапириш, имо-ишора, хатти-ҳаракат билан билдириш, ёзиб маълум қилиш ҳам ғийбат ҳисобланади. Бир мусулмоннинг гуноҳи ва қусури гапирилганда дин арбобларининг, алҳамдулиллоҳ биз бундай эмасмиз дейишлари ғийбатнинг энг ёмони бўлади. Бирор киши ҳақида баҳс кетаётганда, алҳамдулиллоҳ Аллоҳ бизни у каби ҳаёсиз қилмади дегандек уни ёмонлаш жуда хунук ғийбатдир. Фалончи одам жуда яхши, ибодатида шу қусури бўлмаса, янада яхши бўларди, дейиш ғийбатдир. Хужурат сурасининг ўн иккинчи оятида маолан “Бир-бирингизни ғийбат қилмангиз!” дейилади. Ғийбат одамларни уриштириш демакдир. Бировни ғийбат қилиш – ўлган одамнинг гўштини ейиш каби бўлади, дейилади. Ҳадиси шарифда “Қиёмат куни одамнинг савоб дафтари очилади: “Ё Рабби! Дунёда эканлигимда шу ибодатларни қилгандим. Саҳифада булар ёзилмай қолибди, дейди. Улар дафтарингдан ўчирилди, ўрнига қилган ғийбатларинг ёзилди, дейилади”, “Қиёмат куни бир кимсанинг ҳасанот дафтари очилади. Қилмаган ибодатлари у ерда ёзилганини кўради. Булар сени ғийбат қилганларнинг савобларидир, дейилади” деб марҳамат қилинади.
Абу Хурайра (родияллоҳу анҳ) айтадики: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўтирган эдик. Ичимиздан биттаси туриб кетди. Ё Расулуллоҳ! Раҳматсиз бўлиб кетди, дейишди. “Ўртоғингизни ғийбат қилдингиз, гўштини едингиз” дедилар.
Ойша (родияллоҳу анҳу) айтадики: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнида бир хотиннинг бўйи узунлигини гапирдим. “Оғзингдагини чиқариб ташла!” деб буюрдилар. Тупурдим. Оғзимдан гўшт парчаси тушди. Аллоҳу таоло сифатларни, ўзига хосликларни жисм сифатида кўрсатишга қодирдир.
Ғийбат диндош биродарининг, бир ғайри диннинг эшитса хафа бўладиган бир қусурини орқасидан гапиришдир. Аллоҳу таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилдики: “Ғийбат қилиб, тавба қилган кимса жаннатда энг охирида боради. Ғийбат қилиб, тавба қилмаган кимса жаҳаннамга энг олдин боради”.
Иброҳим Адҳам (раҳимаҳуллоҳу таоло) бир зиёфатга таклиф қилинганди. Дастурхон узра чақирилганлардан биттаси йўқлиги гапирилганда у бемалолхўжа бир одам деган сўз ишлатилди. Иброҳим бин Адҳам (раҳимаҳуллоҳу таоло) ғийбат қилинди, деб зиёфатдан чиқиб кетди. Ҳадиси шарифда “Бир кимса учун гапирилган қусур унда бор бўлса, бу гап ғийбат бўлади. Йўқ бўлса, бўҳтон, яъни ифтиро бўлади” дейилади. Диндаги қусурларни гапириш, масалан, намоз ўқимайди ёки шароб ичади, ёхуд ўғрилик қилади, гап ташийди ва дунёдаги қусурларини гапириш, масалан, қулоғи кар, кўзи ғилай, дейиш ғийбат бўлади. Диндаги камчиликлари уни ёмонлаш учун гапирилса, ғийбат бўлади. Унинг ислоҳини ўйлаб гапирилса, ғийбат бўлмайди. Ачиниб гапирилса ҳам ғийбат бўлмайди, дейилади. Бу қишлоқда намоз ўқимайдиган бор ёки коммунист бор, ўғри бор, дейиш ғийбат бўлмайди. Чунки, аниқ бир шахс айтилмаяпти.
Бир киши намоз ўқийди, рўза тутади ва қўли билан одамларга зарар етказади. Масалан, калтаклаб, молларини зўрлик билан тортиб олиб, ўғирлик қиларди. Ёки тили билан зарар беради. Масалан, сўкар, иғво қилар, ғийбат қилар, гап таширди. Ошкора қилинган фисқу фасод ва ҳаромларни гапириш ғийбат бўлмайди. Буларни маън қилиш учун ҳукуматга хабар бериши гуноҳ эмас. Бирор киши отасидан яширин равишда ҳаром ишлар билан шуғулланса, отасининг монелик қилишини билган кимса отасига айтиши ёки ёзиб билдириши лозим. Монелик қилишини билмаса, хабар бериш жоиз эмас. Чунки душманликка сабаб бўлади. Биттасининг зарарларини унга ачинганидан ёки бошқаларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари учун гапирса, ғийбат бўлмайди. Уни ёмонлаш учун гапирса, ғийбат бўлади. Олти кишининг камчиликларини, айбларини орқасидан гапириш ғийбат бўлмайди: “Унга ачинганидан гапириш, унга монелик қилиш учун гапириш, фатво олиш учун гапириш, мусулмонларни унинг туҳматидан қутқариш учун гапириш. Ўша камчилик унга ном бўлиб қолган бўлса, уни бу ном билан танитиш мажбуриятида бўлиш. Ҳаммага маълум бўлган фисқни, бидъатни ва зулмни гапириш. Аччиқланиб, уни ёмонлаш ниятида гапирилса, ғийбат бўлади. Сотилаётган молнинг камчилигини харидорга айтиш сотувчини ғийбат қилиш бўлмайди. Уйланадиган йигитга никоҳига олмоқчи бўлган қизнинг камчилигини айтиш ғийбат эмас, насиҳат бўлади. Бир нарсани билмаганга насиҳат қилиш вожибдир. Ошкора ҳаром иш қилганнинг ва зулм этганнинг ошкор бўлмаган бошқа айбларини маълум қилиш ғийбат бўлади. Ҳадиси шарифда “Ҳаё жилбобини чиқарган бировни гапириш ғийбат бўлмайди” дейилади. Жилбоб – аёлларнинг кенг бош ёпинчиғидир. Бу ерда ҳаё жилбобини чиқариш ошкора ҳаром иш қилиш демакдир. Ҳадиси шариф бундай кимсанинг ҳаёси йўқлигига ишора қилмоқдадир. Имом Ғазолий ва баъзи олимлар (раҳимаҳумуллоҳу таоло) “очиқ гуноҳ қилганнинг ва бошқаларнинг қусурини гапиришнинг ғийбат бўлиши учун уни ёмонлаш шарт эмас” дедилар. Шунинг учун ғийбат қилишдан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Инсонни ғийбат қилишга ундовчи сабаблар кўп. Бу ерда шулардан ўн биттасига тўхталиб ўтилади: Унга нисбатан душманлик, ёнида бўлганларнинг фикрига қўшилиш тушунчаси, ёқтирмаган кимсани ёмонлаш, ўзининг ўша гуноҳни қилмаганини билдириш, ўзининг ундан устун эканини билдириш, ҳасад қилмоқ, ёнида бўлганларни кулдириш, ҳазиллашиш, уни масхара қилиш, ҳаром иш қилишини кутмаган кимсага ҳайратини билдириш, бундан хафа бўлиб, унга ачинганини билдириш, ҳаром иши учун уни яхши кўрмаслигини билдириш.
Ғийбат одамнинг савоблари камайишига, бошқаларнинг гуноҳлари ўзига берилишига сабаб бўлади. Буларни ҳамиша ўйлаб юриш одам ғийбат қилишига моне бўлади.
Ғийбат уч хилдир: Биринчисида, мен ғийбат қилмадим, унда бор нарсани гапирдим, дейди. Бундай гапириш куфр бўлади, чунки ҳаромга ҳалол деган, бўлади. Иккинчисида, ғийбат қилинаётган кимсага эшиттиришдир. Бу ҳам ҳаромдир. Тавба қилиш билан афв этилмайди. У билан ҳалоллашиш ҳам керак бўлади. Учинчисида, ғийбат қилинаётган кимсанинг бундан хабари бўлмайди. Тавба ва истиғфор қилиш ҳамда унга хайр дуо қилиш билан афв этилади.
Ёнида ғийбат қилинганини эшитган одам дарров монелик қилиши керак. Ҳадиси шарифларда “Диндош биродарига, унинг хабари бўлмасдан ёрдам берган одамга Аллоҳу таоло дунёда ва охиратда ёрдам қилади”, “Ёнида диндош биродари ғийбат қилинса, кучи етгани ҳолда унга ёрдам бермаган кимсанинг гуноҳи дунёда ва охиратда ўзига тегади”, “Бир кимса дунёда диндош биродари номус-орини ҳимоя қилса, Аллоҳу таоло фаришта юбориб, уни Дўзах азобидан ҳимоя қилади”, “Бир кимса диндош биродарининг ор-номусини бирор нарсадан ҳимоя этса, Аллоҳу таоло, уни жаҳаннам азобларидан ҳимоя қилади” деб марҳамат қилинган. Ғийбат қилинаётганда ўша ерда бўлган одам қўрқмаса, сўз билан, қўрқса қалби билан рад этмаса, ғийбат гуноҳига шерик бўлади. Гапини бўлиши ёки ўрнидан туриб кетиши мумкин бўлса, шундай қилиш керак. Қўли, боши, кўзи билан маън қилиши етарли бўлмайди. Очиқча жим бўл дейиш лозимдир.
Ғийбат қилишнинг кафолати, пушаймон бўлиш, тавба қилиш ва у билан ҳалоллашишдир. Пушаймон бўлмасдан ҳалоллашиш риё бўлади, бошқа бир гуноҳ бўлади. (Ўлганни ва зиммий бўлган кофирни ғийбат қилиш ҳаром экани Ибн Обидин, 5-жилд, 263-бетида ёзилган.)