Суи-зан - шубҳа
Суи-зан ёмон шубҳада бўлиш деганидир. Гуноҳининг афв этилмаслигидан шубҳа қилиш – Аллоҳу таолога суи-зан бўлади. Мўминларни ҳаром иш қилувчи, яъни фосиқ деб гумон қилиниши суи-зан бўлади. Суи-зан, яъни шубҳа ҳаромдир. Қилаётгани ҳаром эканини билгач, ундан нафратланиш суи-зан бўлмайди. Буғди-филлаҳ бўлади, савоб бўлади. Диндош биродарининг айбини кўриш билан унга ҳусни-зан қилиш лозим, уни тузатишга ҳаракат қилиш керак. Уни ислоҳ қилиш лозим. Қалбга келган хотира, фикр суи-зан бўлмайди. Зан этмоқ – гумон қилиш, яъни қалбнинг у томонга оғиши суи-зан бўлади. Хужурат сурасининг ўн иккинчи оятида маолан “Эй, иймон келтирувчилар! Шубҳа қилишдан ўзингизни ҳимоя этингиз! Гумоннинг баъзиси гуноҳдир” дейилади. Ҳадиси шарифда “Шубҳа қилмангиз. Шубҳа – янглиш қарорга келишга сабаб бўлади. Одамларнинг яширин нарсаларини ахтармангиз, камчиликларини кўрмангиз, баҳслашмангиз, ҳасад қилмангиз, бир-бирингизга душманлик қилмангиз, жанжаллашманглар, ака-укадек меҳрибон бўлингиз. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, ёрдам қилади. Уни ўзидан паст кўрмайди” дейилади. Мусулмоннинг мусулмонни ўлдириши ҳаромдир. Бир ҳадиси шарифда “Мусулмон мусулмоннинг молига, жонига ва эътиқодига қасд қилмайди. Аллоҳу таоло баданларингизнинг куч-қувватига, гўзаллигига қарамайди. Амалларингизга ҳам қарамайди. Қалбларингизга қарайди” дейилади. Аллоҳу таоло қалбларингизда бўлган ихлосга Аллоҳ қўрқувига қарайди. Амалларнинг, ибодатларнинг қабул қилиниши учун, яъни савоб берилиши учун ҳам шартларига мос бўлиши, ҳам ихлос билан ният қилиниши лозим. “Ибодат саҳиҳ бўлса, қабул қилинади. Ниятга қаралмайди” дейиш даҳрийлик бўлади. Аллоҳ ризоси учун қилинмаган хайрот ва ҳасанот, ибодатлар, қабул бўлмайди. “Аллоҳу таоло қалбга қарайди. Яхши ният билан қилинган ҳар нарсани қабул қилади” дейиш ҳам жоҳил шайҳларнинг, тариқатчиларнинг гапларидир.
(Қалбимиз соф дея ҳаромларни, ифлос ва ёмон нарсаларни қиладилар. Яхши ният билан қилинган ҳар нарса ҳасанот ва ибодат бўлади, дейдилар. Шу тариқа ошкора гуноҳ қозонаётганларни ва мусулмонларни алдаб ўзларига муридлар йиғувчиларни севмаслик, уларга эргашмаслик керак. Уларнинг фосиқ эканликларини гапириш суи-зан бўлмайди.)
Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолога ҳусни-зан қилинглар” дейилади. Зумар сураси эллик учинчи оятида маолан “Эй гуноҳи кўп бўлган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умидларингизни узманглар. Аллоҳ гуноҳларнинг ҳаммасини афв этади. У чексиз мағфират ва бениҳоя марҳамат соҳибидир” дейилади. Шартларига мос тавба қилинса, ҳар хил куфрни ва турли гуноҳни албатта кечиради. Тиласа, куфрдан бўлак гуноҳларни тавбасиз ҳам афв этади. Ҳадиси Қудсийда “Бандам мени қандай деб ўйласа, мен ҳам унга ўзи ўйлагандай муомала қиламан” дейилади. Қабул қилинади деб ўйлаб тавба қилганни кечиради.
Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолога ҳусни-зан қилишлик ибодатдир” ва “Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳу таолога онт ичаманки, Аллоҳу таоло ўзига ҳусни-зан қилинган дуони, албатта, қабул қилади” деб марҳамат қилинган. Яна бир ҳадиси шарифда “Қиёмат куни Аллоҳу таоло бир бандасининг жаҳаннамга ташланишини амр этади. Дўзахга олиб бориларкан, орқасига ўгирилиб: Ё Рабби! Дунёда фақат сенга ҳусни-зан қилдим деганида, “Уни Дўзахга олиб борманглар! Бандамни менга бўлган эътиқодидек қилиб кутиб оламан” деб буюради” дейилади.
Солиҳ ёки фосиҳ экани билинмаган мўминга ҳусни-зан қилиш керак. Фосиқ ёки солиҳ бўлишнинг эҳтимоли бир хил бўлса “Шак”, шубҳа дейилади. Тенг бўлмаса, ошиқчасига “Зан”, камига “Ваҳм” дейилади.