Ҳасад

Ҳасад – қизғаниш, кўролмасликдир. Аллоҳу таолонинг эҳсон қилган неъматининг ундан тортиб олинишини истамоқдир. Фойдаси бўлмаган, зарари бўлган бирор нарсанинг ундан соқит бўлишини хоҳлаш ҳасад бўлмайди, “Ғайрат” бўлади. Илмини, мол-давлатга, мавқега эришиш, гуноҳ қилиш учун ишлатган дин арбобларида илмнинг бўлмаслигини исташ ҳам ғайрат бўлади. Молини ҳаромда, зулм қилишда, исломиятни йўқотишда, бидъатларда ва гуноҳларда фойдаланувчининг моли йўқ бўлиб кетишини исташ ҳам ҳасад бўлмайди, дин ғайрати бўлади. Бировнинг қалбида ҳасад бўлса-ю, ўзи бундан азобланса, буни хоҳламаса – бу гуноҳ бўлмайди. Қалбда бўлган хотира, ўй-фикр гуноҳ саналмайди. Хотиранинг қалбда уйғониши одамнинг қўлида эмас. Қалбида ҳасад бўлишдан озор чекмаса ёки орзуси билан ҳасад қилса гуноҳ бўлади, ҳаром бўлади. Шу ҳасадини гаплари билан, хатти-ҳаракати билан билдирса гуноҳи тағин ҳам кўп бўлади. Ҳадиси шарифда Инсон уч нарсадан қутулолмайди: Шубҳа, тайара, ҳасад. Суи-зан, яъни шубҳа қилсангиз, бунга хос ҳаракатда бўлманг. Омадсиз деб билганингиз нарсани Аллоҳу таолога таваккул қилиб бажаринг. Ҳасад қилган одамингизни асло ранжитманг! деб марҳамат қилинади. Тайара – омадсизликка ишонишдир. Суи-зан биров ҳақида ёмон ўйлашдир. Ушбу ҳадиси шарифдан англашилишича, қалбда, яъни дилда ҳасад ҳосил бўлиши ҳаром эмас. Бундан рози бўлиш, давом этишини исташ ҳаром бўлади. “Ҳадиқа”да айтиладики: “Кўнгилга келувчи ўй беш даражалидир. Биринчиси, кўнгилда сақланмайди, даф этилади. Бунга “Хажиё” дейилади. Иккинчиси қалбда – кўнгилда бир муддат қолади. Бунга “Хотира” дейилади. Учинчиси, қилиш билан қилмаслик орасидаги тараддуд бўлади. Бунга “Ҳадис-ун-нафс” дейилади. Тўртинчи даража қилинишга мойиллик бўлади. Бунга “Ҳамм” дейилади. Бешинчи даражада бу мойиллик кучайиб, қарор берилади. Бунга “азм” ва “жазм” дейилади. Дастлабки уч даражани фаришталар ёзмайди. Ҳамм, ҳасана ёзилади. Сайия эса тарк қилинса савоб ёзилади. Азм бўлса, бир гуноҳ ёзилади”. Азм қилинмаса, афв этилади. Ҳадиси шарифда Кўнгилга келган ёмон нарса гапирилмаса шунга мос ҳаракат қилинмаса, афв этилади дейилади. Инсоннинг қалбига куфр ёки бидъат эътиқоди бўлган бир ўй келса бундан хафа бўлиб, дарҳол рад этса шу оний ўй куфр бўлмайди. Лекин йиллар ўтиб, кофир бўлишга қарор қилса, ҳатто буни бирор шартга боғласа ҳам, қарор қилган заҳоти кофир бўлади. Анча вақтдан кейин бир кофир билан турмуш қуришни ният қилган аёл ҳам шундайдир.

(Ҳаром соҳиби бўлишнинг гуноҳи шунга қарор беришдан ҳам каттадир. Ҳаром деб Аллоҳу таоло тақиқлаган нарсага айтилади. Гуноҳ – исм демакдир. Яъни, ҳаром қозониш эвазига берилажак жазо демакдир. Гуноҳ қозонди демак – жазо ва азоб берилишига сабаб бўладиган бирор иш қилган, яъни ҳаром қозонган демакдир. “Савоб” – савоб иш ва ибодат қилгувчига охиратда бериладиган мукофот демакдир. Аллоҳу таоло, дунёда яхшилик ва ибодат қилгувчиларга охиратда савоб берилишини ваъда қилгандир. Яхшилик ва ибодат қилганга охиратда савоб берилиши вожиб ва лозим эмасдир. Аллоҳу таоло лутф этиб, марҳамат қилиб, буларга охиратда савоб беражагини ваъда қилгандир. Аллоҳу таоло ваъдасидан қайтмайди, муҳаққақ қилгусидир.)

Ҳадиси шарифда “Инсон ҳаром қозонишни кўнглидан ўтказса-ю, Аллоҳу таолодан қўрқиб, ундай қилмаса ҳеч бир гуноҳ ёзилмайди. Ҳаром қозонса бир гуноҳ ёзилади” дейилади.

Инсон бир одамда мавжуд неъматнинг унда бўлмаслигини истамай, ўзида ҳам бўлишини истаса ҳасад эмас. Бунга “Гибта” – ҳавас уйғотмоқ дейилади. Гибта гўзал феъл-атвордир. Исломиятнинг аҳкомига, яъни фарзларини бажаришга ва ҳаромлардан сақланишга риоя қилган, асраган солиҳ кимсага ҳавас қилиш вожибдир. Дунё неъматлари учун гибта қилиш покланишга нисбатан макруҳ бўлади.

        “Ғайрат” (жаҳл) бирор одамда бўлган ҳаққига унинг бошқани шерик қилишни истамасликдир. Аллоҳу таолонинг ғайрат кўрсатиши бандасининг ёмон, хунук иш қилишига рози бўлмаслигидир. Банданинг вазифаси тилаганини қилиш эмас. Унга хизмат қилишдир. Унинг амрларига, тақиқларига бўйсунишдир. Ҳар тилаганини бажо келтириш Аллоҳга хосдир. Ёлғиз Унинг ҳаққидир. Банданинг ўз тилаганини қилиши гуноҳ қилиши Аллоҳ таолонинг ҳаққига шерик бўлиш демакдир. Мўмин гуноҳ қилаётганда ўзига ғайрат қилиши лозим. Бу ҳам гуноҳ қиларкан, ҳаяжонланиши, қалбининг жунбушга келиши билан юз беради. Мўминнинг қалби Аллоҳу таолонинг уйидир ва гўзал феълларнинг жойидир. Қалбида ёмон, хунук ўй-фикрларга ўрин бериш хунукларни гўзалларга шерик қилиш бўлади. Қалбнинг бунга рози бўлмаслиги, типирчилаб монелик қилиши ғайрат бўлади.

Ҳасаднинг зидди “Насиҳат” қилишдир. Аллоҳу таолонинг бир кимсага берган неъматнинг унда қолиб, динига ва дунёсига фойдали бўлишни исташ демакдир. Насиҳат қилиш барча мусулмонларга вожибдир. Ҳадиси шарифда “Хайрга сабаб бўлгувчига буни қилганнинг ажри қадар савоб берилади” ва “Ўзи учун истаганини диндош биродари учун ҳам истамаган кимса иймон қилган бўлмайди”, яна “Диннинг асоси насиҳатдир” дейилади. Насиҳат қилиш демак Аллоҳу таолонинг мавжудлигини, битта эканлигини, барча камол ва жамол сифатларининг Унда борлигини, Унга лойиқ бўлмаган сифатларнинг, айбларнинг, камчиликларнинг Унда йўқлигини, холис ният билан унга ибодат қилиши лозим эканини, кучи етгунча Унинг ризосини олишга ҳаракат қилишини, Унга исён қилинмаслигини, Унинг дўстларига муҳаббат, душманларига мухолифат қилинишини, Унга итоат қилувчиларни севишни ва исён қилувчиларни севмасликни, неъматларини тан олмоқ ва уларга шукр қилмоқ, барча махлуқотларга шафқат ва марҳамат қилмоқдир. Унда топилмаган сифатларни Унга  гапирмасликни билдириш Аллоҳу таоло учун насиҳат қилган бўлади. Шукр қилиш Аллоҳу таолонинг юборган неъматлардан исломиятга уйғун фойдаланиш демакдир. Қуръони каримда билдирилганларга ишонишни амр этилганларни бажаришни, ўз ақли билан, нуқтаи назари билан уйдирма таржималар қилмаслиги, Уни кўп марталаб ва тўғри ўқиш, таҳорат қилмай унга қўл теккизиш жоиз эмаслигини одамларга билдириш Қуръони Карим учун насиҳат қилиш бўлади. Муҳаммад алайҳиссалом баён қилган нарсаларнинг ҳаммасига ишониш кераклигини, Уни ва исмини ҳурмат қилиш лозимлигини, Унинг суннатларини бажариши ва ёйиши, унинг гўзал ахлоқи билан феъл-атвор соҳиби бўлиши, оиласини, Асҳобини ва умматини севишни баён қилиш, Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам) учун насиҳат қилиш бўлади.  Унга эҳтиром кўрсатган, Унинг динини муҳофаза қилган, Унинг динини ёйишда, ибодат қилишда ўзларига ҳуррият берган ҳукуматларга ёрдам бериш, уларга тўғрини англатмоқ, мусулмонмонларнинг ҳаққини асрашларини билдирмоқ, уларга исён қилмаслик, қонунларига қарши чиқмаслик, уларнинг исломиятга ва одамларга хизмат қилишлари учун дуо қилмоқ, орқаларида туриб намоз ўқиш, кофирлар жиҳодларида мол билан, жон билан ва дуо билан ёрдам учун шошилмоқ, закот ва солиқларни тўламоқ, қурол билан бировга ҳужум қилмаслик, зулм ва ҳақсизлик қилганларида ҳам исён қилмай, ширин сўз билан уларни  тўғри йўлга, адолатга бошламоқ, уларга ялтоқлик қилмаслик, тўғри йўлдан чалғишларига сабаб бўлмаслик, ҳукумат раҳбарларига қарши бормаслик кераклигини ҳар кимга билдириш ва Аҳли суннат олимлари (раҳматуллоҳи таоло алайҳи ажмаин)нинг фиқҳ китобларига, илмиҳол китобларига ва ахлоқий китобларига эргашиш лозимлигини тушунтириш, давлат учун насиҳат қилиш бўлади. Одамларга дунёда ва охиратда фойдали бўлган нарсаларни қилиш ва зарарли бўлган нарсаларни қилмаслик кераклигини ва бировга азоб бермаслик, кўнглини оғритмаслик, билмаганларини ўргатиши, камчиликларини яшириши, фарзларни амр этиши, ҳаромлардан асраши, буларнинг ҳаммасини яхшиликча, ачиниб тушунтириши, кичикларга марҳамат, катталарга ҳурмат кўрсатилишини, ўзларига қилинадиган истакларини бошқаларга ҳам қилинишини, ўзларига қилинишини истамаганларини бошқаларга ҳам қилинмаслигини, уларга таналари, моллари билан ёрдам қилинишини билдириш барча инсонлар учун насиҳат қилиш бўлади.

Ҳасад ибодатларнинг савобини кетгизади. Ҳадиси шарифда “Ҳасад қилишдан эҳтиёт бўлинг. Билингларки, олов ўтинни йўқ қилгандай, ҳасад ҳам ҳасанотларни йўқ қилади!” дейилади. Ҳасад қилган уни ғийбат қилади, уриштириб қўяди. Унинг молига, жонига ҳуруж қилдиради. Қиёмат куни бу зулмларнинг эвазига ҳасаноти олиниб унга берилади. Ҳасад қилинган кимсадаги неъматларни кўргач, дунёси азоб ичида кечади. Уйқуси қочади. Хайр, ҳасанот қозонганларга ўн баравар савоб берилади. Ҳасад буларнинг тўққизтасини йўқ қилади, биттаси қолади. Куфрдан (Аллоҳга душман бўлмоқдан) бошқа ҳеч бир гуноҳ ҳасанот савобларининг барини йўқ қилмайди. Гуноҳ бўлганига ишонмай ёки исломиятга аҳамият бермай, ҳаром соҳиби бўлиш ва куфрга, диндан қайтишга сабаб бўлгувчи ишларни қилиш савобларнинг ҳаммасини йўқ қилади. Чунки бундай қилувчилар муртад бўладилар.

 “Мусулмонлар хайрли бўлади. Ҳасад қилса хайр қолмайди” дейилади ҳадиси шарифда. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳасад, намима ва каҳанат соҳиблари мендан эмаслар” дейилади. Намима (иғво) фитна чиқариш, ўртага нифоқ солиш учун одамлар орасида сўз ташишдир. Каҳанат (башорат) билмаган нарсасини гапириб, бундан ҳукм, маъно чиқаришдир. (Билиб бўлмайдиган нарсаларни хабар қилувчи фолбинларга “Коҳин” дейилади. Коҳинга ишониш керак эмас.) Бу ҳадиси шарифдан ҳасад қилгувчининг шафоатдан маҳрум бўлиши англашилмоқда. Яъни шафоат тилашга ҳаққи бўлмайди.

Ҳадиси шарифда “Олти кимса олти сўровга тортилади, маҳшарда азоб тортганидан сўнг жаҳаннамга кирадилар: Давлат бошлиқлари зулмдан, араблар қавмият ғайратидан, вилоят ҳокимлари кибрдан, савдогарлар хиёнатдан, қишлоқликлар жаҳолатдан, олимлар ҳасаддан” дейилгандир. Тижорат билан машғул бўлганнинг ёлғон гапириш, фоиз, ҳийла ва фасид ишлатиб сотиш билан бошқанинг молини оширмоқ нима экани ва бу ҳаромлардан қутулиш чораларини ўрганиши лозим. Қишлоқликларнинг, яъни ҳар бир мусулмоннинг Аҳли суннат эътиқодини ва илми ҳолини билиши керак. Бу ҳадиси шариф ҳасаднинг дин арбобларида янада кўп бўлишидан дарак бермоқда. “Тафсири кабир”да таъкидланадики, “Ҳасад ўн қисмдан иборат. Шулардан тўққизтаси дин арбобларида бўлади. Дунё қийинчиликлари ўн хил бўлади. Шулардан тўққизтаси солиҳлардадир. Зиллат (пастлик) ўн қисмдир. Тўққизтаси яҳудийлардадир. тавозу ўн қисмдир. Тўққизтаси насородадир. Шаҳват ўн қисмдир. Тўққизтаси аёлларда, биттаси эркаклардадир. Илм ўн қисмдир. Биттаси Ироқдадир. Иймон ўн қисмдир. Тўққизтаси Ямандадир. Ақл ўн қисмдир. Тўққизтаси эркаклардадир. Ер юзининг баракати ўн қисмдир. Тўққизи Шомдадир”. Фаҳриддин Розий ҳазратлари ушбу тафсирида ўз замонида бўлганларни баён қилган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи ва саллам) дунёга келишдан олдин яҳудийлар жанг қиладиган пайтларида “Ё Рабби! Юборишни ваъда қилганинг ва энг кўп севганингни билдирганинг ўша шарафли Пайғамбар ҳурматига” деб дуо қилишарди. Дуолари қабул бўлиб, Аллоҳу таоло ўзларига ёрдам берарди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни мусулмон бўлишга даъват қилгач, унинг ваъда қилинган Пайғамбар эканини тушундилар. Лекин ҳасад қилиб, қизғаниб инкор этишди. Ҳасадлари ўзларининг ва келажак наслларнинг абадий фалокатга, азобларга дучор қилинишларига сабаб бўлди.

Аллоҳу таоло шайтоннинг иғвосидан эҳтиёт бўлишимизни амр этгани сингари, ҳасад қилганнинг иғвосидан ҳам эҳтиёт бўлишимизни буюрди.

Ҳадиси шарифда “Неъмат соҳибларидан эҳтиёжларингизни яширин равишда сўранглар. Чунки неъмат соҳибларига ҳасад қилинади” дейилади.

Ҳасад қилиш Аллоҳу таолонинг тақдирини ўзгартирмайди. Бекорга ўзини қийнаган, чарчатган бўлади.

Ҳасад қилинган одамга дунёда ва охиратда бундан ҳеч қандай зарар бўлмайди. Ҳатто фойдаси бўлади. Ҳасад қилганнинг умри ғам-алам билан ўтади. У ҳасад қилган одамнинг неъматлари камаймагани ва ҳатто кўпайганини кўриб, асаблари бузилади. Ҳасаддан қутулиш учун унга совғалар бериши, насиҳат қилиши, уни мадҳ этиши керак бўлади. Унга нисбатан тавозу кўрсатиши жоиздир. Унинг неъматлари ортишига дуо қилиши керак.