Кибр

Кибр деб – ўзини бошқалардан устун кўриш билан қалби роҳатланишига айтилади. Ужб (манманлик) ҳам ўзини бошқадан устун билишдир. Бу ерда бошқани ўйламайди. Ўзини ва ибодатларини яхши кўради. Кибр – ёмон феъл-атвордир. Ҳаромдир. Холиқни, Раббини унутмоқнинг аломати, белгисидир. Кўпгина дин арбоблари ушбу ёмон ҳасталикка чалингандир. Ҳадиси шарифда Қалбида заррача кибр бўлган киши Жаннатга кирмайди дейилади. Кибрнинг акси – “Тавозу” аталади. Тавозу ўзини бошқалар билан тенг, баровар кўришдир. Бошқалардан устун ҳам, паст ҳам кўрмасликдир. Тавозу – инсон учун жуда яхши феъл-атвордир. Ҳадиси шарифда Тавозу қилганга муждалар бўлсин дейилади. Тавозу соҳиби ўзини бошқалардан паст кўрмайди. Залил ва мискин бўлмайди. Молини ҳалол топиб, кўп ҳадялар беради. Олимлар ва фан арбоблари билан танишади. Фақирларга марҳамат кўрсатади. Ҳадиси шарифда Тавозу қилган, ҳалол мол топган, феъли яхши бўлган, ҳаммага нисбатан мулойим бўлган ва бировга ёмонлик қилмаган жуда яхши инсондир ва Аллоҳ учун тавозу қилганини Аллоҳу таоло юксалтиради! дейилади. Такаббурлик қилганга, яъни кибр соҳиби бўлганга нисбатан такаббурлик қилиш жоиздир. Аллоҳу таоло бандаларига нисбатан мутакаббирдир. Аллоҳу таоло кибриё соҳибидир. Кибр соҳибига такаббур этмоқ садақа бериш сингари савобдир. Кибр соҳибига нисбатан тавозу қилган киши ўзига зулм қилган бўлади. Бидъат соҳибларига ва бойларга нисбатан ҳам такаббурлик ўзини баланд тутиш учун эмасдир. Уларга сабоқ бермоқ, ғафлатдан уйғотиш учундир. Урушда душманга нисбатан такаббурлик қилмоқ савобдир. Бундай такабурликка “Хуйало” дейилади. Садақа бераётганда нашъа ва севинч аралаш такаббурлик қилиш лозим. Садақа берувчининг такаббурлик қилиши фақирга қарши эмас. Бераётган молини арзимас қилиб кўрсатишдир. Молига қиймат, яъни аҳамият бермаётганини билдиришдир. Ҳадиси шарифда Бераётган қўл, олаётган қўлдан баланддир дейилади. Риё, намойиш қилувчиларга нисбатан ҳам такаббурлик қилиш жоиздир. Ўзидан паст бўлганларга нисбатан тавозу кўрсатиш яхши бўлса-да, бутун ифратга етмаслиги, яъни ошириб юбормаслиги лозим. Ошириб юборилган тавозу “Тамаллуқ” дейилади. Тамаллуқ фақат устозга ва олимга нисбатан жоиздир. Бошқаларга нисбатан жоиз эмас. Ҳадиси шарифда: “Тамаллуқ мусулмон ахлоқидан эмас”, дейилади.

Кибр турларидан энг ёмони Аллоҳу таолога нисбатан кибрли бўлишдир. Намруд шундай эди. Тангри бўлганлигини эълон қилди. Аллоҳу таолонинг насиҳат учун юборган Пайғамбари (алайҳиссалоту вассалам)ни оловга ташлади. Фиръавн ҳам шундай аҳмоқлардан бири эди. Мисрда улуҳиятини эълон қилди. Мен сизларнинг энг кучли тангрингизман, деди. Аллоҳу таоло насиҳат қилиш учун Мусо алайҳисаломни юборди. Бунга ишонмади. Аллоҳу таоло Сувайш денгизида ғарқ қилди. Шулар каби бу дунёнинг яратувчисига ишонмайдиганларни даҳрий, атеист дейилади. (Ҳар асрда шундай аҳмоқлар бўлган. Мао каби, Сталин сингари золимлар миллионларча одамларни ўлдириб, қийнаб, дин ва ислом арбобларини, китобларини йўқ қилиб, миллатларни қўрқитган, қирғин қилган эдилар. Истаганларини зўрлаб қилдирганлар. Илоҳга, маъбудга махсус устунликларга эгамиз деб ўйлашган ва шуни таъкидлашган. Ислом китобларининг юртларига кириб боришини, ўқилишини тақиқлаганлар. Диндан, Аллоҳу таолодан сўз очганларни қатағон қилганлар. Аллоҳу таолонинг қаҳрига, ғазабига учраб йўқ бўлиб кетдилар. Тариҳда барча ўтган золимлар каби лаънат ва нафрат билан эсланадилар. Ихтилол ва ҳийла йўли билан баъзи араб мамлакатлари бошига келган заҳарли ташвиқотлар билан миялари булғанган золимлар, диктатор-мустабидлар ҳам ўша даҳрийларга тақлид қилиб, исломга душманлик йўлини тутмоқдалар. Тарих китобларида ўқиганлари золимларнинг фожеавий оқибатларидан ибрат олмаётирлар. Дунёда, охиратда бошларига тушадиган азобларни, фалокатларни ҳеч ўйламаяптилар).

Бу такаббурлар ожиз, заиф, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган, ҳатто ўзининг ва баданининг тузилишидан ҳабари бўлмаган қулнинг ўз маликига, соҳибига, қуввати, кучи чексиз бўлган Раббисига қарши жанг эди. Вақтида иблис ҳам шундай такаббурлик қилди. Малойикларга, Одам алайҳиссаломга нисбатан сажда қилишлари амр этилганда “Тупроққа нисбатан нега сажда қилайин? Мен ундан анча устунман. Мен оловдан, уни эса лойдан яратдинг” деб Раббига қарши чиқди. Оташнинг оловини, латифлигини ва ёруғ таратишини кўриб, уни сувдан ҳам, тупроқдан ҳам устун деб ўйлади. Ҳолбуки, устунлик ўзини устун кўришда эмас, тавозу кўрсатишдадир. Жаннатда тупроқ бор ва у мушк-анбар сингари ҳид таратади. Жаннатда олов йўқ. Олов Дўзахда азоб воситасидир. Олов хароб қилишга, тупроқ бунёд қилишга ярайди. Махлуқлар тупроқ устида яшайдилар. Хазиналар ҳам тупроқдадир. Каъба тупроқдан барпо қилинган. Оловнинг ёғдуси кечаларга чек қўяди, ёруғлик олиб келса-да, тупроқдан гуллар, мевалар унади. Коинотнинг, борлиқнинг энг устуни бўлган Муҳаммад алайҳисалломнинг ери – тупроқдир.

   Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло буюрадики, кибриё, устунлик ва буюклик менга хосдир. Шу икковида менга шерик бўлмоқчи бўлганни дўзахга ташлайман, ҳеч ачинмайман. Қалбида заррача кибр бўлган киши Жаннатга киролмайди” деб буюрилганида “Чиройли кийим кийишни севган одам ҳам шундайми?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ жавобида “Аллоҳу таоло жамилдир. Жамол соҳибларини яхши кўради” дедилар. [Чиркин-хунук, иркит бўлмаслик учун, хунуклиги билан машҳур бўлмаслик учун қилинган тоза-озодаликка, гўзалликка, жамол соҳиби бўлиш дейилади. Эҳтиёж буюмларини ёқимли ва чиройли шаклда ишлатиш жамол бўлади. Безаниш, ясаниш, гўзал кўриниб, бошқалардан устунликка эришмоқ учун баданида, кийимида, буюм-ашёларида қилинган ўзгаришларга зийнат дейилади. Баданини, соғлигини, шарафини, қимматини ҳимоя қилиш учун эҳтиёж бўлгандан ортиқ нарсалардир. Эркакларнинг ҳар жойда безаклардан фойдаланишлари жоиз. Аёлларнинг эса бегона эркаклар ёнида зийнат, яъни безак ашёларидан фойдаланишлари  жоиз эмасдир.] Аллоҳу таолонинг ҳамма иши гўзалдир. Ахлоқи гўзалларни яхши кўради. Бу ҳадиси шариф кибр соҳибларининг, бошқа гуноҳ қилганлар каби азобсиз дарров жаннатга киролмасликларини билдирмоқда. Жаннатга кирмаганларнинг борадиган жойи жаҳаннамдир. Чунки охиратда шу икковидан бошқа борадиган жой йўқ. Заррача бўлсада иймони бор одам Дўзахда мангу қолиб кетмайди, жаннатга боради. Катта гуноҳ қилиб ҳам тавба қилмаган, шафоатга, авфга эришмаган мўмин жаҳаннамда гуноҳлари эвазига олган азобларни  тортганидан сўнг Дўзахдан чиқарилади, жаннатга киради. Жаннатга кирган ундан ҳеч қачон чиқмайди. Ҳадиси шарифда “Кибри, хиёнати ва бандалик қарзи бўлмаган мўмин абадий жаннатга киргусидир. Бандалик ҳаққи, мўминнинг айби, қусури-хатосидир” дейилади.

   Бир ҳадиси шарифда “Қиёмат куни дунёдаги кибр соҳиблари кичкина чумоли сингари залил ва ҳақир сифатида қабрдан чиқариб олинади. Қумурсқа каби, лекин инсон шаклида бўладилар. Ҳар ким буларни паст кўрадилар. Жаҳаннамнинг энг чуқур ва энг шиддатли бўлган Бўлис чуқурига ташланадилар. Олов ичида ғойиб бўладилар. Сув сўраганларида уларга Дўзахдагиларнинг йиринглари берилади” дейилади. Ҳадиси шарифда “Олдинги умматларда кибр соҳиби бўлган биттаси этакларини ерда судраб юрарди. Ғайрати илоҳияга тегиб кетиб ер уни ютди”, “Эшакка миниш, жун кўйлак кийиши, ва қўйнинг сутини соғиш кибрсизлик белгисидир” дейилади.

   Кибрнинг асосан етти сабаби бор: Илм, яъни дин билимлари, ибодат, насаб, жамол, куч-қувват, мол-давлат, мавқе-мартаба. Ушбу сифатлар соҳибларида пайдо бўлса кибрга сабаб бўладилар.

   Илм кибрга сабаб бўлгани сингари, кибрнинг давоси ҳам илмдир. Кибрга сабаб бўлувчи илмнинг давоси жуда қийиндир. Чунки илм жуда қимматли нарсадир. Шунинг учун илм соҳиби ўзини устун ва шарафли деб ўйлайди. Бундай одамнинг илмига жоҳиллик демак янада тўғри бўлади. Ҳақиқий илм инсонга ожизлигини, хато ва камчиликларини, Раббининг буюклигини, устунлигини билдиради. Ҳолиқига нисбатан қўрқувини ва маҳлуқларга нисбатан тавозусини оширади. Қул ҳақларига аҳамият беради. Бундай илмни ўргатиш ва ўрганиш фарздир. Бунга “Илми нафи” дейилади. Ихлос билан ибодат қилишга сабаб бўлади. Кибрга сабаб бўлгувчи илмнинг давоси икки нарсани билмак-ла амалга ошади. Биринчиси, илмнинг қимматли, шарафли бўлишига, солиҳ ниятга боғлиқдир. Жаҳолатдан ва нафс балосидан қутулиш учун ўрганиш лозим. Иккинчиси, илм билан амал бажариш ва бошқаларга ўргатиш ҳамда буларни ихлос билан қилиш керакдир. Амал ва ихлос билан бўлмаган билим зарарлидир. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ учун ўрганилмаган илмнинг эгаси Дўзахда олов ичра ўтиргусидир” дейилади. Мол-мавқе ва шуҳрат учун илм соҳиби бўлиш шундайдир. Мол-дунёга эга бўлиш учун илм ўрганиш, яъни динни дунёга васила қилиш – тилла қошиқда нажосат ейишга ўхшайди. Динни дунё қозониш учун восита қилганлар дин ўғриларидир. Ҳадиси шарифда “Диний билимларини фойда кўриш учун ўрганувчилар жаннатнинг ҳидини ҳам туймайдилар” дейилади. Фан билимларини дунё манфаати учун ўрганиш жоиздир. Ҳатто лозимдир. Ҳадиси шарифда “Бу умматнинг олимлари икки турли бўлгусидир. Биринчиси, илмлари билан одамларга фойдали бўладилар. Бундай инсонга денгиздаги балиқлар, ер юзидаги ҳайвонлар, ҳаводаги қушлар дуо қиладилар. Илми бошқаларга фойдаси бўлмаган, шу илмидан мол-дунё тўплаш учун фойдаланганларга қиёматда Дўзах ўтидан жиловлар солинади” дейилади.

   Такаббурлик қилиш ҳаромдир. Такаббур Аллоҳу таолонинг бир сифатидир. Кибр ва Кибриё сифати унга хосдир. Инсон нафсини на қадар пасайтирса, Аллоҳу таоло олдида қиммати шу қадар ортади. Ўзига баҳо берувчининг Аллоҳу таоло олдида қиймати бўлмайди. Кибрнинг зарарини билмайдиган одамга олим демак ёлғондир. Инсоннинг илми ошган сари унинг Аллоҳу таолодан қўрқуви орта боради. Гуноҳ қилишга жасорат этолмайди. Шунинг учун пайғамбар (алайҳимуссаллам)лар тавозу соҳиби эдилар. Аллоҳу таолодан жуда қўрқардилар. Ўзларида кибр ва манманлик каби ёмон феъллар ҳеч йўқ эди. Кичикларга, фосиқларга ва фоҳишларга нисбатан кибрли бўлмаслик керак. Фақат такаббур соҳибларига такаббур бўлиш лозимдир. Бир олим жоҳилни кўриб, бу билмагани учун гуноҳга ботаяпти, мен эса билганим учун гуноҳкор бўлаяпман дейиши керак. Бир олимни кўрганда эса,  бу мендан анча кўп билади ва илмнинг ҳаққини бераяпти. Ихлос билан амал қилаяпти. Мен бундай эмасман, дейиши лозим. Ўзидан ёши анча катта одамни кўрса, бу менга қараганда кўп ибодат қилади, дейиши керак. Ёшларни кўрса, буларнинг гуноҳи кам, менинг гуноҳим кўп дейиши жоиз. Ўзининг ёшидагиларни кўриб, гуноҳларимни биламан, унинг нима қилганини билмайман. Билинган ёмонликларни таҳқир қилиш лозим демоғи керак. Бир бидъат соҳибини ёки кофирни кўргач, одамнинг аҳволи сўнгги нафасида маълум бўлади. Ажабо менинг ҳолим не кечаркин, дейиши буларга такаббур қилмаслиги керак. Фақат уларни севмаслиги лозим. Айниқса куфрни, бидъатни, ёйиш билан шуғулланувчи “Динда ислоҳотчилар” Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатига душманлардир. Улар суннатнинг нурларини сўндиришга ва бидъатни ёйишга ҳамда Аҳли суннат олимлари (раҳимаҳулуллоҳу таоло)ни ёмонлашга, ояти карималарга ва ҳадиси шарифларга нотўғри маъно бериб, исломиятни ичидан бузишга уринмоқдалар.

   Оталари, боболари билан мақтаниш, такаббурлик қилиш жоҳиллик ва аҳмоқликдир. Қобил Одам алайҳисалломнинг ўғли эди. Отасининг пайғамбар эканлиги уни куфрдан халос қила олмади. Инсоннинг мақтанган боболари бир сиқим тупроқ бўлди. Тупроқ билан мақтаниш ақлга сиғадиган ишми? Уларнинг солиҳ бўлганликлари билан мақтанмаслик керак. Улар сингари солиҳ бўлишга, уларнинг изидан боришга ҳаракат қилиш лозим.

   Аёлларнинг кўплари гўзалликлари билан такаббур қиладилар. Ҳолбуки, гўзаллик одамда вақтинча, ўткинчи нарсадир, тезда ўтади-кетади. Инсонга мулк бўлмайди. Орият бўлган нарса билан такаббур қилиш аҳмоқликдир. Зоҳирнинг гўзаллиги қалбнинг гўзаллиги билан, яъни яхши фъел-атвор ила биргаликдагина қадрлидир. Қалбнинг тозалиги ҳам Расулуллоҳнинг суннатига эргашиш билан маълум бўлади. Инсоннинг қалбига, руҳига, ахлоқига баҳо берилмаса, одамнинг ҳайвондан фарқи бўлмайди. Ҳатто ҳайвонлардан паст бўлади. Ёмонлик билан тўла, бузилган, парчаланган бир машина бўлади-қолади. Ҳамиша асраб-авайланиши, тозалаб турилиши, таъмирланиши керак бўлган хароб бир машинага ўхшайди. Бундай одамга такаббурлик қилиш ярашадими? Бунинг фақат тавозу кўрсатиши керак бўлади.

   Ёш ва кучлилиги билан такаббурлик қилиш ҳам жоҳилликдир. Ҳайвонларнинг механик ва хиссий органларидаги кучлари инсонлардан анча ошиқдир. Ҳайвонларнинг одамларга такаббурлик қилиши лозим бўлади. Ҳамиша кучли бўлиб қолишини, касаллика чалинишини, таҳликага, фалокатга йўлиқмаслигини ким кафолатлай олади. Ёшлигидан, кучидан, қувватидан, ҳатто ҳаракатидан маҳрум бўлмаган бирор кишини ҳеч ким кўрганми? Шундай ўткинчи бўлган, узоққа чўзилмайдиган ва ҳайвонлар билан шерик бўла оладиган нарсаларга такаббурлик қилиш ақлга сиғадими?

   Мол, авлод, мавқе ва рутба билан такаббурлик қилиш инсонга асло ярашмайди. Чунки булар одамнинг ўзида мавжуд бўлган устунликлар эмас. Келиб кетувчи, ўзида қолмайдиган, одамдан тез айриладиган нарсалардир. Булар ахлоқсизларда, ёмон одамларда ҳам топилади. Бунинг устига уларда янада кўпроқдир. Булар устунлик бўлса эди, буларга эришмаганлар, эришиб яна йўқотганлар жуда паст кимсалар бўлишлари керак бўлади. Мол-давлат шараф василаси бўлгандайди ўғриларнинг қисқа муддатда шарафли одамлар бўлишига тўғри келарди.

   “Ҳикд” ҳам такаббурга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳикд – луғатда гина қилмоқ, кин сақламоқ демакдир. Қалбидан душманлик, кек сақлашдир. Ўзи билан айни бир даражада бўлган ёки янада устун бўлган одамдан ғазабланишдир. Бирор нарса қўлидан келмагани учун унга такаббурлик қилади. Тавозу кўрсатиш керак бўлган одамга эҳтиром кўрсатолмайди. Унинг ҳақгўй гапларини, насиҳатларини қабул қилмайди. Ҳаркимга нисбатан ундан ҳам устун эканлигини кўрсатмоқчи бўлади. Унга азият, безовталик етказса узр сўрамайди.

   “Ҳасад” ҳам такаббурга сабаб бўлади. Унда мавжуд бўлган неъматларнинг уни тарк айлаб ўзига келишини истайди. Унинг ҳақгўй сўзларини, насиҳатларини рад этади. Ундан бирор нарса сўраб ўрганишни истамайди. Ўзи ҳам устун бўлганини билгани ҳолда, унга такаббурлик қилади.

   “Риё” ҳам такаббурга сабаб бўлади. Риё билан намойишкорона танимаган одамига бошқаларнинг олдида такаббурлик қилади. Ёлғиз қолган пайтлари ундай қилмайди. Бундай одамларнинг такаббуридан қутулиш учун олимларнинг виқор соҳиблари бўлишлари, обрўларига хос кийим кийинишлари керак. Шунинг учун имоми аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳу таоло) “Саллангиз катта бўлсин, жуббангизнинг енги кенг бўлсин” деганлар. Одамларга ваъз айтадиган кишилар янги, тоза кўйлак кийиб, ўзларига зеб беришлари ибодат бўлади. Ҳурмат қилинмасалар, гапларига қулоқ солинмайди. Чунки жоҳиллар одамнинг қиёфасига, уст-бошига қарайдилар. Илмини, ахлоқини тушунмайдилар.

   Кўплар кибрли бўлишларнинг фарқига бормайдилар. Шунинг учун кибрнинг белги аломатларини билиш керак. Ичкари кирганда ҳамманинг ўрнидан туришни хоҳлайди. Ўзини ҳурмат қилишаётганини тушунгач, уларга насиҳат бермоқчи бўлган олимнинг ўзи учун оёққа туришликни орзу қилиш кибр бўлмайди. Ўзи ўтириб, бошқаларнинг ўзига нисбатан тикка туришларини исташ такаббурликдир. Ҳазрати Али (радияллоҳу анҳ) айтадиларки: “Жаҳаннамлик бир одамни кўриш истаган киши ўзи ўтириб бошқаларни оёқда турғизган кимсага қарасин!”

   Ёлғиз бўлиб юрмасдан, орқасидан бошқаларнинг эргашишини исташ, ёки ўзи улов устида, талабаларининг пиёда юришларини ёқтириш ҳам кибр аломатидир. Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинанинг “Боқий” қабристонига бораётганди. Бир неча киши кўриб, орқасидан келишди. Тўхтаб туриб, уларнинг олдинга ўтишларини буюрдилар. Ўзи уларнинг орқасидан юрдилар. Сабабини сўрашганида “Оёқ товушини эшитдим. Қалбимга кибрдан бир зарра келмаслиги учун шундай қилдим” дедилар. Ўзларига кибр келмайди. Асҳобларига сабоқ бериш учун шундай йўл тутдилар.

   Ўзини унинг олдида бурчли деб билганларни, яъни таниганларни зиёрат қилмаслик ҳам кибр аломатидир. Ўзидан паст мартабали одамни зиёрат қилиш тавозу аломатидир.

   Ёнига бошқанинг ўтиришини истамаслик ва касаллар билан бирга ўтирмаслик, уйининг ишини қилмаслик, уйига керак бўлган нарсаларни сотиб олиб уйига келтирмаслик ва кийилган куйлакни қайта кийишни истамаслик ҳам кибр аломатидир. Иш бошида иш кийимини кийиш истамаслик ҳам шундайдир. Фақирларнинг таклифини қабул этмай, бойларнинг чақирган жойига бориш такаббурликдир. Ақробаси ва фарзандлари муҳтож бўлган нарсаларни таъмин этмаслик ва тўғри сўзни қабул қилмай бахслашса, қусурини, қабоҳатини айтганларга ташаккурини билдирмаса, бошқаларнинг олдида бўлса риё бўлади. Ҳам ёлғиз пайтида, ҳамда бошқаларнинг ёнида шундай қилса кибр бўлади.

   Тавозу соҳиби бўла олиш учун дунёга қаердан келганини, қаерга боришини билиш лозим. Ҳеч нарса йўқ эди. Дастлаб ҳеч нарса қила олмайдиган, ҳаракатда бўлолмайдиган чақалоқ бўлди. Энди эса ҳар он касал бўлиш, ўлиб қолиш қўрқувидадир. Ниҳоят ўладиган, чирийдиган ва тупроқ бўладиган ҳолига келди. Қурт-қумурсқаларга озуқа бўлгусидир. Ҳукм хонасига қўйилгач, ўлим ҳукмини кутаётган одамнинг ўлим хонасида тортган уқубатлар сингари дунё зиндонида қачон азоблаш учун олиб боришади деб кутаётибди. Ўлади, майит бўлади, ҳашоратларга ем бўлади, қабр азобини тортади. Жаҳаннамда абадий ёниш қўрқуви ичида яшаётган кимсага такаббурлик ярашадими? Инсонларнинг яратувчиси етиштирувчиси, ҳар он таҳликалардан қўриқловчиси бўлган ва қиёматда саволга тутадиган, чексиз азоб берадиган, чексиз куч-қувват соҳиби, ўхшаши, шериги бўлмаган ёлғиз ҳоким ва қодир бўлган Аллоҳу таоло “Такаббур бўлганларни севмайман, тавозу бўлганларни севаман” деб буюрган. Ожиз, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бечора инсонга булардан қайси бирини қилиш ярашади? Ақли жойида бўлган, ўзини ва Раббини таниган банда ҳеч такаббурлик қила оладими? Инсон ҳамиша ҳақирлигини, ожизлигини, Раббига изхор этишга мажбурдир. Шунинг учун ҳар он, ҳамма жойда ожизлигини намойиш қилиш, таводдуда бўлиши лозимдир.

   Ҳадиси шарифларда буюриладики Аллоҳу таоло тавозу юзасидан менга амр этди. Ҳеч қайси бирингиз, ҳеч кимга такаббурлик қилманг!