Тама
Дунё лаззатларини ҳаром йўллардан излашга Тама дейилади. Таманинг энг ёмони одамлардан ниманидир кутишдир. Кибрга, ужбга сабаб бўлгувчи нофила ибодатларни ва охиратни унутдиргувчи мубоҳларни қилиш ҳам тамадир. Таманинг зиддига, аксига “Тафвиз” дейилади. Тафвиз ҳалол ва фойдали нарсаларга эришишга ҳаракат қилиб, буларга етишувни Аллоҳу таолодан кутмоқдир.
Шайтон риёни ихлос ва тамани тафвиз сифатида кўрсатиб, одамни алдашга уринади. Аллоҳу таоло ҳар кимнинг қалбига бир фариштани вазифа билан жойлаб қўйгандир. Бу малак-фаришта одамга яхши ўйлар – “илҳом” беради. Шайтон ҳам одам қалбига ёмон ўйлар – “васваса”лар солади. Ҳалол кун кўрувчи инсон илҳом билан васвасани бир-биридан ажратади. Ҳаром егувчилар ажратолмайди. Инсоннинг нафси ҳам қалбига ёмон ўйларни солади. Бундай ўйлар ва орзуларга “Ҳаво” дейилади. Илҳом ва васваса давомли бўлмайди. Нафснинг ҳавоси эса давомлидир ва борган сари ортади. Васваса дуо билан, зикр билан озаяди ва йўқ бўлади. Ҳаво эса фақат кучли кураш билан камаяди. Шайтон итга ўхшайди, қувласанг қочади-ю, бошқа томондан айланиб келаверади. Нафс қоплонга ўхшайди, ҳужум қилса ўлдирмай қўймайди. Одамларга васваса солувчи шайтонга шунинг учун “ҳаннас” дейилади. Инсон шайтоннинг бирор васвасасига учмаса, иблис ундан воз кечади. Бошқа васвасани бошлайди. Нафси аммора[1] ҳамиша зарарли нарсаларни истайди. Шайтон бўлса кўплаб яхши-хайрли ишларга монелик қилмоқ учун кам хайрли ишни ҳам васвасасига айлантиради. Катта гуноҳга етаклаш учун кичкина хайрли бўлган нарсани васваса қилади. Шайтоннинг васвасаси бўлган хайрли иш одамга ширин кўринади ва дарҳол шу ишни қилишни истайди. Шунинг учун ҳадиси шарифда: “Шошилиб иш қилиш – шайтондандир. Беш нарса бундан мустасно: Қизини турмушга бериш, қарзини тўлаш, жаноза хизматларини тез бажариш, меҳмон қорнини тўйғизиш, гуноҳ қилган бўлса дарҳол тавба этишдир” дейилади. “Ашиъатул-ламаот”да намозни кечиктирмаслик бобидаги ҳадиси шарифда: “Ё Али! Уч нарсани кечиктирма! Намозни ўз вақтида ўқи! Тайёрланган жаноза намозини дарҳол ўқи! Бева ёки қизни тенги чиқди дегунча дарҳол узат!” деб марҳамат қилинди. Яъни намоз ўқийдиган ва гуноҳ қилмайдиган, нафақасини ҳалол ишлаб топадиган бирортаси топилса, дарҳол ўшанга эрга бер, дейилади.