Риё

Риё иккиюзламачилик дегани. Риё бор нарсани аксини, тескарисини айтишдир. Қисқаси, нотўғри кўрсатишдир. Охират амалларини қилиб, охират йўлида эканини кўрсата туриб дунё орзуларига эришмоқ демакдир. Қисқаси, дунё, мол-мулк қозонишга диндан  восита, қурол сифатида фойдаланишдир. Ибодатларини кўз-кўз қилиб одамлар севгисини, ишончини қозонишдир. [Сўзлари ёки ибодатлари риё билан қилинган одамнинг диний билими бўлса, у “мунофик” аталади. Диний билими бўлмаса, у “дин нодони”, жаҳолатпараст аталади. Фан илмидан хабари йўғу, ўзини фан арбоби деб танитиб, ўз дунё қарашини фан билими сифатида гапириб, мусулмонларни алдашга, уларнинг динини, иймонини бузишга уринаётган кимсалар – ислом душманларига “даҳрий” ёки “фан нодони” дейилади. Диний нодонларга ва фан нодонларига алданмаслик керак.] Риё фақат мулжи икроҳ содир бўлгандагина жоиз бўлади. “Икроҳ” – деб бир одамни хоҳламаган ишни зўрлаб қилдиришга айтилади. Ўлим билан ёки бирор аъзосини йўқ қилиш билан зўрлашга “Мулжи икроҳ” дейилади. [Золимларнинг, қароқчиларнинг исканжага олиши, зулм қилиши ҳам мулжи икроҳ  бўлади.] Бундай пайтда зўрланган  ишни қилишга зарурат бўлади. Ҳибсга олиш, калтаклаш билан мажбурлашга  ҳафиф икроҳ дейилади. Ҳафиф икроҳга  учраган кимсанинг риё қилиши жоиз эмас. Риёнинг зидди, акси “Ихлос”дир. “Ихлос – дунё фойдаларини ўйламай , ибодатларини фақат Аллоҳу таоло ризоси  учун қилишдир”. Ихлос соҳиби ибодат қилишларини бошқаларга кўрсатиш учун қилмайди, буни ўйламайди ҳам. Унинг қилган ибодатларини бошқаларнинг кўриши ихлосига зарар бермайди. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолони кўриб турган каби ибодат қил! Сен кўрмасанг ҳам у кўриб турибди” дейилади.

Бошқаларнинг севгиси ҳамда мадҳ қилишларига эришмоқ учун дунё ишлари билан уларга яхшилик қилиш риё бўлади. Ибодатда қилинган риё янада ёмондир. Аллоҳу таолонинг ризосини ҳеч ўйламасдан қилинган риё ҳаммасидан ҳам ёмон. Ибодат қилиб Аллоҳу таолодан дунё манфаатларини тилаш риё бўлмайди. Ёмғир ёғишини истаб дуо қилиш ана шундайдир. Истиҳора қилиш ҳам шундай. Ҳақ олиб имомлик, хатиблик, муаллимлик қилиш, заруратдан, касалликдан ва фақирликдан қутулиш учун ояти карималарни ўқиш ҳам шундай, дейилади. Буларда ҳам ибодат ҳамда манфаат ниятлари мавжуд. Тижорат мақсадида ҳажга бориш ҳам шундай. Ибодат нияти асло бўлмаганда риё ҳисобланади. Ибодат нияти кўп бўлса савоб ҳосил бўлади. Ибодатларини бошқаларга кўрсатиш, уларга ўргатиш ва ташвиқ этиши нияти билан қилса, яна риё бўлмайди ва кўп савоби тегади. Рамазон рўзасини тутишда риё бўлмайди. Аллоҳу таолонинг ризоси учун бошлаган намоздан кейин ҳосил бўлган риёнинг зарари бўлмайди. Риё билан қилинган фарзлар саҳиҳ бўлади. Ибодат бурчи ўталган бўлса-да, савоби бўлмайди. Гўшт эҳтиёжини қондириш ниятида қурбонлик сўйиш жоиз эмас. Аллоҳу таоло учун ва бир одам учун биргаликда ният қилиб қурбонлик сўйиш жоиз бўлмайди. Аллоҳу таолонинг ризоси учун бўлмай, фақат ҳаждан, ғазовотдан келгани учун ва келувчи амир, раис шарафига сўйилган ҳайвон лош, яъни ҳаром бўлади. Бундай жонлини сўймоқ ва емоқ ҳаромдир. Риёдан қўрқиб ибодатни тарк этиш жоиз эмасдир. Аллоҳу таолонинг ризоси учун намозга туриб, намозни тугатгунча дунё ишларини ўйламаса, намози саҳиҳ бўлади. Шуҳратга сабаб бўладиган тарзда кийинмоқ ҳам риё бўлади. Дин арбобларининг  тоза, яхши либослар кийиши лозим. Бунинг учун имомларнинг жума ва байрам кунлари  зийнатли кийимлар кийишлари суннатдир.

Шуҳрат учун ваъз айтиш, насиҳат қилиш, китоб ёзиш ҳам риё бўлади. “Ваъз” амри маъруф ва наҳйи мункар демакдир. Мунозара қилиш, бошқалардан устун кўриниш ва мақтаниш учун илм ўрганиш ҳам риё бўлади. Дунё тўплаш, яъни мол, мавқе қозониш учун илм ўрганиш ҳам риё ҳисобланади. Риё ҳаромдир. Аллоҳу таоло учун олинган илм Аллоҳу таолодан қўрқувни орттиради. Ўз айбларини кўришга сабаб бўлади. Шайтоннинг алдашига моне бўлади. Илмни дунё қозонишга, мол ва мавқега эришишга восита қилувчи дин арбобларига яъни ёмон дин арбоблари дейилади. Уларнинг борадиган жойи дўзахдир. Бошқаларнинг ёнида суннатларга амал қилиб, ёлғиз бўлганида адабларга эргашмай қилинган ибодатлар риё бўлади.

Ибодатларнинг саҳиҳ бўлиши учун Аллоҳу таолонинг ризосига бажариш ният қилиниш лозим. Ният қалбдан бўлади. Фақат гапиришнинг ўзи билан ният қилиб бўлмайди. Қалбдан гапириш шарти билан қилинган ният жоиз бўлади, дейилади. Қалб билан қилинган ният, сўз билан айтилган ниятга ўхшамаса, қалбдаги ниятга қаралади. Лекин онт ичиш бундай эмас. Онт ичганда сўз асос бўлади. Ибодатларда ниятини сўз билан қилинишини билдирадиган бирорта ҳадиси шариф ва хабар мавжуд эмас. Тўрт мазҳабнинг имомлари ҳам билдирмаганлар. Ният – ибодат қилишни кўнгилга олиш ҳотирлаш эмас. Аллоҳу таоло учун бажаришни ирода қилиш, исташ демакдир. Ният-ибодатга бошлаётганда қилинади. Олдинроқ, масалан, бир кун аввал қилинса, ният бўлмайди. Бунга – амал, орзу, ваъда дейилади. Масалан, Ҳанафий мазҳабида рўзага ният қилиш вақти бир кун олдин, қуёшнинг ботишидан бошлаб, эртаси кун “Даҳваи кубро” пайтига қадардир.

   Ҳадиси шарифда “Бошқаларга кўрсатиш учун намозини чиройли қилиб ўқиган, ёлғиз пайтида эса бундай қилмаган, Аллоҳу таолони таҳқир этган бўлади” ва “Сизда мавжуд бўлишидан  энг кўп қўрққан нарсам ширки асгарга учрашингиздир. Ширки асгар – риё демакдир” ҳамда “Дунёда риё билан ибодат қилувчига қиёмат куни: – Эй ёмон инсон? Бугун сенга савоб йўқдир. Дунёда кимлар учун ибодат қилган бўлсанг, савобини ўшалардан сўра дейилади ва Аллоҳу таоло буюрадики, менинг шеригим йўқ. Бошқани менга шерик қилгувчи савобларини ўшандан сўрасин. Ибодатларингизни ихлос билан қилинг! Аллоҳу таоло ихлос билан қилинган ишларни қабул қилади” деб таъкидланади. Ибодат Аллоҳу таолонинг ризосига эришмоқ учун қилинади. Бошқа бировнинг муҳаббатига, эҳсонига эришмоқ учун қилинган ибодат унга сиғиниш, сажда қилиш бўлади. Аллоҳу таолога ихлос билан ибодат қилишимиз амр этилади. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолонинг бирлигига иймон келтирувчидан ҳамда намозни, закотни ихлос билан бажарувчидан Аллоҳу таоло рози бўлади” дейилади. Дунё неъматлари ўткинчидир. Умрлари жуда қисқадир. Буларни қўлга киритиш учун динини сотиш аҳмоқликдир. Одамларнинг ҳаммаси ожиз. Аллоҳу таоло тиламагунча биров бошқа бировга фойда ва зарар етказолмайди. Инсонга Аллоҳу таоло кифоядир.

Аллоҳу таолодан қўрқиш лозим, унинг раҳматидан умидни узмаслик керак. Умид, илтижо, қўрқув кўп бўлмоғи даркор. Шундай бўлган бандаларнинг ибодатлари завқли бўлади. Ёшларда қўрқувнинг янада кўпроқ бўлиши, кексаларда илтижоларнинг тағин ҳам кўп бўлиши лозимлиги айтилади. Беморларда илтижо кўп бўлиши даркор. Қўрқувсиз илтижо ва илтижосиз қўрқув жоиз эмас. Биринчиси амин бўлиш, иккинчиси умидсиз бўлишдир.