Имом Шофеъий

Жаннат билан суюнчиланган Аҳли суннат вал жамоатнинг тўрт буюк мазҳабидан бири бўлган Шофеъий мазҳабининг раисидир.

Исми Муҳаммад бин Идрисдир. Бобосининг бобоси Шофеъий Қурайш қабиласидан ва Асҳоби киромдан бўлгани учун Шофеъий исми билан машҳур бўлган. Шофеъийнинг бобосининг бобоси ҳам Ҳошим бин Абду Манафдир.

150 (м.767) йили Ғаззада туғилди. 204 (м.820) йили Мисрда вафот этди. Қабри Куфаро қабристонида катта мақбара ичида.

Ҳали бешикдалигида отаси вафот этди. Онаси уни икки ёшида асл ватани бўлган Маккага олиб келди. Шу ерда улғайди. Етти ёшига етганида Қуръони каримни ёд олди. Ундан кейин илм ўрганишни бошлади.

Жуда ёшлигидан Маккада яшаган замонининг машҳур олимларининг дарсларига ва суҳбатларида иштирок эта бошлади.

Ўзи бу илм ўрганишни бошлаган илк кунлари ҳақида шундай деган эди: “Қуръони каримни ёд олгандан кейин давомли равишда Масжиди ҳарамга кириб, фиқҳ ва ҳадис олимларидан жуда кўп фойдаландим. Фақат жуда фақир эдик, бир варақ қоғоз олишга кучимиз етмасди. Дарсларимни ва ўрганган масалаларни ёзишда жуда қийналардим.”

Маккадаги бу илк таҳсилидан кейин араб тилининг нозикликларини ўрганиш учун Ҳузайл қабиласи орасига боради. Бу хусусда шундай деганди: “Мен Маккадан чиқдим. Чўлда Ҳузайл қабиласининг яшашини ва тилини ўргандим. Бу қабила арабларнинг тил жиҳатидан энг сухандони эди. Улар билан бирга кездим, айландим, ўқ отишни ўргандим. Маккага қайтган вақтим бир қанча ривоят ва адабиёт билимларига эга эдим.”

Ўн ёшлигида шу замоннинг энг машҳур олими имом Моликийнинг “Муватта” номли ҳадис китобини тўққиз кунда ёд олди. Ёшлик йилларида ўзи бутунлай илмга бағишлаб, Маккадаги Суфён бин Уйайна, Муслим бин Халид аз-Занжий каби фоқиҳ ва муҳаддислардан илм ўрганди. Ҳадис, фиқҳ, луғат ва адабиётда жуда юксалди. Маккалик ёшлар орасида илм бобида бармоқ билан кўрсатадиган бир даражага етишди.

Таҳсилидаги энг аҳамиятли босқич имом Молик ҳазратларига талаба бўлиш билан бошланди. Маккадан Мадинага келиб, имом Моликдан дарс олишини ўзи шундай билдирган эди: “Дастлаб Маккада Муслим бин Халиддан фиқҳ ўргандим. Шу вақтда Мадинада яшайдиган Молик бин Анаснинг буюклигини ва мусулмонларнинг имоми бўлганлигини эшитдим. Кўнглимга унинг ёнига бориб, талабаси бўлиш фикри келди. Сўнгра унинг машҳур асари бўлган “Муватта”нинг бир нусхасини Маккада биттасидан қайтариб бериш шарти билан олиб, тўққиз кунда ёд олдим. Макка валисига кириб, бири Мадина валисига, яна бири Молик бин Анасга бериш учун икки мактуб олиб Мадинага кетдим. Мадинага боргач, валининг олдига кириб, унга тегишли мактубни бердим ва иккимиз биргаликда Молик бин Анаснинг ҳузурига бордик. Имом Молик ташқарига чиқди. Узун бўйли ва жуда ҳайбатли эди. Мадина валиси Макка валиси юборган мактубни унга тақдим этди. Мактубда “Муҳаммад бин Идрис шундай-шундай...” деб ёзилган қисмини ўқиб “Субҳоналлоҳ! Расулуллоҳнинг илми шу даражага етдими, мактуб билан ёзилиб, сўралиб, илтимос қилинади” деди. Мен аҳволимни ва илм ўрганиш истагимни айтдим. Сўзларимни тинглаб, менга боқди. “Исминг нима” деди. “Муҳаммад” дедим. “Эй Муҳаммад, келажакда буюк бир инсон бўласан. Аллоҳу таоло сенинг қалбингга бир нур берибди. Буни гуноҳ билан сўндирма. Эртага бир киши билан кел, сенга “Муватта”ни ўқисин” деди. Мен “Уни ёд олганман, ёддан ўқийман” дедим. Эртасига имом Моликнинг олдига келиб, ўқишни бошладим. Имомни ранжитиб қўйишдан қўрқиб, ўқишни тўхтатмоқчи бўлганимда менинг чиройли ўқишимга ҳайратда қолган имом Молик “Эй йигит, яна ўқи” дер эди. Қисқа вақт ичида “Муватта”ни тугатдим.”

Имом Моликнинг ёнига келганида йигирма ёшларда эди. Имом Молик уни қарамоғига олиб, тўққиз йил илм ўргатди. Илмда юксак даражага етишган имом Шофеъий Маккага қайтгач, у ерга келган Яман валиси уни Яманга олиб бориб, қозилик вазифасини берди. Беш йил мобайнда бу вазифада ишлагандан кейин илмини чуқурлаштириш учун Бағдодга келиб, имом Аъзамнинг талабаси бўлган имом Муҳаммаддан дарс олишни бошлади. Имом Муҳаммад унга ўз китобларини ўқитиш билан бирга Ироқда тўпланган фиқҳ илмини ва машҳур бўлган ривоятларни ўргатди. Имом Муҳаммад бундан ташқари, имом Шофеъийнинг ўгай отаси эди. Имом Шофеъий унинг илмидан ва китобларидан жуда кўп фойдаланди.

Абу Убайд шундай деганди:

Имом Шофеъийдан эшитдимики: “Имом Муҳаммаддан ўрганган масалалар ва илм билан бир туяга юк бўладиган китоб ёздим. Агар у бўлмаганида эди, мен илм эшигининг ёнида қолиб кетардим. Бутун инсонлар илмда Ироқ олимларининг, Ироқ олимлари эса Куфа олимларининг фарзандларидир. Улар эса Абу Ҳанифанинг болаларидир.” Яъни бир ота болалари учун ишлаб топиб ўстирганидек, имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари ҳам ўзидан кейингиларни шу тариқа илм билан озиқлантирди.

Имом Шофеъий Бағдодда имом Муҳаммаддан оладиган дарсларини тугатиб, Маккага қайтди. Бу ерда бироз вақт тадқиқотлар ўтказиб, бундан ташқари талабаларга дарс берди. Айниқса, ҳақ мавсумида турли ислом вилоятларидан келган илм одамлари ундан илм ўрганарди. Маккада тўққиз йил яшади. Сўнгра қайтадан Бағдодга қайтди. Бу вақтда Бағдод ислом оламининг аҳамиятли илм маркази эди. Бу ердаги олимлар имом Шофеъийга ҳурмат кўрсатдилар ва илм талабалари ҳам унинг атрофига тўпландилар. Бағдод олимлари ундан дарс олдилар. Аввалроқ Маккада имом Шофеъий билан кўришган ва ундан ҳадис тинглаган Аҳмад бин Ханбал талаба бўлиб, унинг устунлигига ҳайрон қолган эди.

Имом Шофеъий чиройли ва очиқ гапириши, ифода ва изоҳ тарзи, мунозара қилиш ва таъсир этиш тарафидан жуда кучли эди. Имом Шофеъий Бағдоддалигида “Ал-китоб-ул Бағдодия” номли асарини ёзди. Имом Шофеъийнинг устун шахсиятига ва юксак илмига ҳайратда қолиб, ундан дарс олиб, илм ўрганган талабаларидан бир қисми шулардир: Аҳмад бин Ханбал, Исҳоқ бин Раҳавайҳ, Аз-Зафароний, Абу Савр Иброҳим бин Халид, Абу Иброҳим Музаний, Раби бин Сулаймон-и Муродий каби олимлар. Кейинги асрларда Шофеъий мазҳабида етишган машҳур олимлардан баъзиларининг қуйида исмлари келтирилган:

Ҳадис олимларидан имом Насоий, калом (ақоид) олимларидан Абул-Ҳасан Ашъорий, имом Маверди, имом Нававий, имом-ул Ҳарамайн Абдулмалик бин Абдуллоҳ, имом Ғазолий, Ибн Ҳожар-и Маккий... Каффал Кабир, Ибн Субкий, имом Суйутий ва шу кабилар.

Имом Шофеъий ҳазратлари илм, зуҳд, маърифат, заковат, ёд олиш ва насаби бўйича замонидаги олимларнинг энг устуни эди. Ўн уч ёшида Ҳарами шарифда “Мендан истаганингизни сўранг” дерди. Ўн беш ёшлигида фатво берарди. Замонининг буюк олими бўлган ва уч юз минг ҳадиси шарифни ёддан билган имом Аҳмад бин Ханбал ундан дарс олгани келарди. Кўплаган одамлар имом Аҳмадга “Шундай буюк олим бўлиб туриб, унинг олдига нима учун борасан?” деганларида “Биз ёд олганларимизнинг маъносини у билади. Агар уни кўрмаганимда эди, илм эшигининг олдида қолиб кетардим. У дунёни ойдинлатган бир қуёшдир, у руҳларга озуқадир” деб жавоб берарди. Бир сафарида “Фиқҳ эшиги бекилганди. Аллоҳу таоло бу эшикни қулларига имом Шофеъий орқали такрор очди” деганди. Имом Аҳмад яна айтадики: “Аллоҳу таоло ҳар юз йилда бир олим яратади, менинг динимни барчага у орқали ўргатади” ҳадиси шарифидаги билдирилган олим имом Шофеъийдир.

Ҳадиси шарифда “Қурайшлиларга тил теккизманг. Чунки қурайшли бир олим ер юзини илмга тўлдиради” деб марҳамат қилинди. Ислом олимлари бу ҳадиси шариф имом Шофеъийнинг келишини билдирган деганлар.

Имом Шофеъий иккинчи марта Бағдодга келганидан кейин у ердаги сиёсий ва фикр қарама-қаршиликлар сабабли Мисрга кетиб, умрининг охиригача шу ерда қолди. Унинг ўз усули билан шарий далиллардан чиқарган ҳукмларга, яъни кўрсатган бу йўлига “Шофеъий мазҳаби” дейилди.

Имом Шофеъий ҳазратлари ислом динига хизмат қилиб кечирган умрининг сўнгги онларини Қуръони карим тинглаш билан ўтказди. Умрининг сўнггига қадар ҳар куни бир хатм қилиб, ойда ўттиз хатм қиларди. Рамазони шарифда эса кеча ва кундузда биттадан хатм қилиб, ойда олтмиш хатм қиларди. Вақоти яқинлашган вақтда аввалгидек ўқидиган аҳволда эмасди. Фақат ўқиган кишини тингашни хоҳларди. У шу аҳволдалигида талабаси Абу Мусо Юнус бин Абдул-алага ўқитиб, хушуъ билан тингларди. Сўнгги нафасларида ҳолини сўрадилар. “Дунёдан кўчяпман, энди ундан ажраляпман. Умид шарбатини ичмоқдаман. Карим бўлган Раббимга кетяпман” деди. Вафоти ислом олами учун катта йўқотиш бўлди. Вафоти ҳақида хабар борган жойда ғам ва кўзёши бўлди. Қабри қазилаётганда атрофга миск ҳиди тарқалди. У ерда бўлганлар бу ҳиднинг таъсирида ўзларидан кетдилар. Қоҳирада Ал-Мукаттам тоғининг этагида Курафа қабристонига дафн этилди. Кейнроқ қабри устига мақбара қурилди.

Асарлари:

Умрини илм ўрганиш, ўргатиш ва асар ёзиш билан исломга хизмат йўлига сарфлаган имом Шофеъий ҳазратларининг жуда кўп қийматли асарлари бор. Уларнинг баъзилари қуйида келтирилган:

1. Ал-Умм. Фиқҳ илмига доир бўлиб, имом Шофийнинг ижтиҳод этиб билдирган масалаларни ўз ичига олган асардир. Етти жилд бўлиб босилган.

2. Китоб-ус-Сунан вал Муснад. Ҳадис илмига доир.

3. Ар-Рисола фил усул. Фиқҳ усулига доир. Усули фиқҳнинг китоб ҳолида ёзилган илк асардир.

4. Ал-мабсут.

5. Аҳқком-ул Қуръон.

6. Ихтилоф-ул ҳадис.

7. Муснад-уш-Шофеъий.

8. Ал-маворис.

9. Ал-амали ал-кубра.

10. Ал-амали ас-сағир.

11. Адаб-ул Кади.

12. Фадоил Қурайш.

13. Ал-ашриба.

14. Ас-сабку вар-Рамйу.

15. Исбат-ун нубувва ва Радди алал бараҳима.