Имом Аъзам Абу Ҳанифа

Аҳли суннатнинг раисидир. Фиқҳ билгиларини, аҳли суннат эътиқодини тўплади. Буларни юзларча талабасига ўргатиб, китобларга ўтказилишига сабаб бўлди. Мусулмонлар тарафида қоғоз тайёрлаш шу даврда бошланди.

Чуқур илми, закоси, ақли, тақвоси, ҳилми, салоҳи ва сахийлиги юзларча китобларда билдирилган.талабалари жуда кўп бўлиб, буюк мужтаҳидлар, олимлар етиштирди. Аҳли суннатнинг 80 фоизи Ҳанафий мазҳабидадир.

Асл исми Нўъмондир. 80 (м. 699) йили Куфада туғилиб, 150 (м.767)йили Бағдодда шаҳид этилди. Отасининг исми Собитдир. Эроннинг таниқли кишилари авлодидан бўлиб, форс ўғилларидандир. Бобоси Зута ислом динини қабул этган ва ҳазрати Алига икромда бўлган эди. Илм соҳиби ва солиҳ бўлган отаси Собит ҳазрати Али билан кўришиб, ўзи ҳамда авлоди учун дуо олган эди. Имом Аъзам Куфада туғилиб, шу ерда ўсди. Оиласидан жуда яхши тарбия ва дин билими олди. Кичиклигида Қуръони каримни ёд олди ва араб тилининг сарф, наҳв, шеър ҳамда адабиётини ўрганди. Ёшлигининг илк йилларида Асҳоби киромдан Анас бин Моликни, Абдуллоҳ бин Абу Авфани, Васила бин Аскани, Саҳл бин Саидани ва ҳижрий 102 йили энг сўнгги Маккада вафот этган Абут-Туфайл Амир бин Василани кўрганди. Улардан ҳадис тинглаганди.

Шу вақтларда Куфа Ироқнинг катта шаҳарларидан ва аҳамиятли илм марказларидан эди. Эски маданиятларга эга бўлган Ироқда бошқа динларга ва бузуқ эътиқодларга мансуб қавмлар бор эди. Бундан ташқари, эътиқоди бузуқ бўлган Шиа ва Мутазила фирқалари шу ерда пайдо бўлган, чўлда хорижийлар ўртага чиққанди.

Бошқа тарафдан Асҳоби киром билан кўришиб, улардан аҳли суннат эътиқодини ва дин билимларини нақл этувчи Тобеиннинг буюклари ҳам шу ерда яшардилар. Бу ерда ҳукумат кучларини қўлга олиш учун фирқалар орасида оғир жанглар давом этарди. Имом Аъзам шундай муҳитда илк йигитлик йилларида отасидек тижорат билан шуғулланишни бошлади. Бундан ташқари, тез-тез олимларнинг мажлисига бориб, уларни эшитар эди.

Бу олимлар тартибсизликлар ва фитналарга барҳам бериш учун аҳли суннат эътиқодини ёярдилар ҳамда бузуқ фирқалар билан тортишиб, уларнинг бузуқ фикрларини йўққа чиқарардилар. Куфада одатда шу каби мунозаралар кўп бўлиб, ҳатто бу мунозаралар мажлислардан чиқиб, бозорларга ҳам етиб борарди. Ҳали жуда ёш бўлган имом Аъзам ҳам оиласидан ва борган илм мажлисларидан олган дин билимлари билан баъзан мунозараларга қатнашарди. У устун қобилияти, ўткир заковати, теран фикрлаши ва тез қабул қилиши билан маълум эди. Ҳали илм ўрганишни бошламай туриб, бузуқ фирқадагилар билан қилган мунозараларидаги ишонтириш қобилияти ва муваффақиятлари замонининг буюк олимларининг диққатини тортган эди. Унинг бир жавоҳир эканлигини тушунган олимлар уни илм ўрганишга ташвиқ этдилар. У ҳам бу тавсияларга қулоқ тутиб, илм ўрганишни бошлади.

Илм ўрганишни бошлаши ҳақида ўзи шундай билдиради:

“Бир кун шу даврнинг олимларидан бўлган Шабийнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда мени чақириб “Қаерга кетяпсан?” деб сўради. Мен “Бозорга” дедим. У “Мақсадим, олимлардан кимнинг дарсларида давомли бўляпсан шуни билмоқчи эдим” деди. Мен “Ҳеч бирининг дарсида давомли бўла олмаяпман” дедим. У “Илм ўрганишни ва олимлар билан кўришишни асло тарк этма. Мен сенинг ақлли, заковатли ва қобилиятли бир йигит эканингни кўриб турибман” деди. Унинг бу сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди. Бозорни ташлаб, илм йўлини тутдим. Аллоҳу таолонинг ёрдами билан Шабийнинг сўзининг менга фойдаси жуда катта бўлди.”

Имом Шабийнинг гапидан кейин бутунлай илм ўрганишга шўнғиди. Имом Аъзам аввало калом илмини, имон-эътиқод ва мунозара билмларини Шабийдан ўрганди. Қисқа вақтда бу илмларда бармоқ билан кўрсатадиган даражага етишди. Ундан кейин Хаммад бин Абу Сулаймоннинг дарсларига қатнашиб, фиқҳ илмини ўргана бошлади. Унинг дарсларига қатнашганда ҳузурида жуда одоб сақлаб ўтирар, айтган ҳар сўзини ёд оларди. Устози талабаларини суҳбат йўли билан билимларини назорат қилганда унинг дарсларни ёд олганлигини кўрар ва “Менинг ёнимда дарс ҳалқасининг бошида Нўъмондан бошқа ҳеч ким ўтирмайди” дерди.

Имом Аъзамнинг устози Хаммад фиқҳ илмини Иброҳим Наҳоийдан, у Алкамадан, Алкама эса Абдуллоҳ бин Маъсуддан, у эса Пайғамбар жанобимиздан ўрганган эди. Хаммаднинг дарсларига 28 йил қатнашиб, тенгсиз бир даражага етишди, бу вақтда фиқҳ илмида танилиб, машҳур бўлди.

Устози Хаммаднинг дарсига қатнашиб юрган вақтларида тез-тез Ҳижозга бориб, Макка ва Мадинада кўпи Тобеиндан бўлган олимлар билан кўришар, улардан ҳадис тинглар, фиқҳ ҳақида суҳбатлашарди. Аҳли байтдан бўлган Зайд бин Алидан, Муҳаммад Бакирдан илм ўрганди. Муҳаммад Бакир унга қараб “Боболаримнинг динига оид ҳукмларни бузадиганлар кимсалар кўпайган вақтда сен уни жонлантирасан, сен қўрққанларнинг қутқарувчиси, адашганларнинг паноҳи бўласан. Адашганларни тўғри йўлга туширасан. Аллоҳу таоло ёрдамчинг бўлади” деган эди.

Тасаввуф билимларини Муҳаммад Бакир, ундан кейин Силсилаи олиянинг буюкларидан бўлган Жаъфар Содиқ ҳазратларидан ўрганди. Юксак мақомларга қовушди. Асҳоби киромдан Ибн Аббоснинг илмини, Макка фоқиҳи Ота бин Аби Рабоҳдан ва Икримадан, ҳазрати Умар ва ўғли Абдуллоҳдан нақл этилган илмларни Абдуллоҳ бин Умарнинг озод этгани Нафийдан ўрганди. Шу тариқа, Асҳоби киромдан Ибн Масъуд ва ҳазрати Алидан нақл этилган илмларни ҳам Тобеиндан ўрганди.

“Илмни кимдан ўргандинг?” деб сўраганида шундай жавоб берганди: “Ҳазрати Умардан илм олганлар воситаси билан ҳазрати Умардан, ҳазрати Алидан илм олганлар воситаси билан ҳазрати Алидан, Абдуллоҳ бин Масъуддан илм олганлар воситаси билан Абдуллоҳ бин Масъудддан ўргандим.

Имом Аъзам Асҳоби киромнинг илм занжири ҳалқаларидан бўлган 4000 кишидан илм ўрганиб, бутун илмларда ва устунликларда энг юксак даражаларга эришди. Шуҳрати ҳар ерга ёйилиб, замонида ва сўнгра келган бутун мужтаҳидлар, олимлар, буюк кишилар уни мадҳ этган, мақтаган.

Устози Хаммад бин Абу Сулаймон вафот этгач, талабалар, дўстлари ва халқнинг кўзга кўринган кишилари унинг ўрнини босадиган олим фақат Имом Аъзам эканлигини билиб, қатъийлик билан устозининг ўрнига ўтиришини истадилар. “Илмнинг ўлишини истамайман” деб илм курсисига ўтирди. Устози Хаммаднинг ўрнига муфти бўлди ва талаба етиштиришни бошлади.

Имом Аъзам устозининг ўрнига ўтиргач, илми, виқори, тақвоси, ширин сўзлари ва кулар юзлилиги билан барча тарафидан севилган ҳамда диний масалалардан инсонларнинг мушкулларини осон қилган ягона мурожаат манбаси бўлди. Ҳар куни бомдод намозини масжидда ўқиб, кейин пешинга қадар берилган саволларга жавоб, фатволар берарди. Пешиндан аввал бир оз вақт қайлула (ухлаш) қилиб, пешин намозидан кейин хуфтонга қадар талабаларига дарс берарди. Хуфтондан кейин уйига кетиб, бироз дам олиб, сўнгра яна масжидга келиб, бомдодгача ибодат қиларди. Берилган саволларга жавоб беришдан аввал масала музокара этилиб, талабалари жавоб беришга уринардилар. Масаланинг музокараси тугагандан кейин ўзи керакли тузатишлар қилар, изоҳлагандан кейин жавоб берарди. Жавоблар берилгандан кейин фатвони шахсан ўзи айтиб, тушунарли ифодалар билан талабаларига ёздирарди. Диний бир масала ҳал этилиб, жавоб берилгандан кейин шукр учун такбир келтирардилар. Бу вақтда Куфа масжиди такбир садоларига тўларди.

Талабаларига берган мунтазам дарсларни жуда мукаммал бир усул билан юритарди. Бир тарафдан фиқҳнинг эски ҳадисларга оид ҳукмлари тушунтирилар ва музокара қилинар, бошқа тарафдан янги ҳадисларга оид ҳукмлар билдириларди. Бўлиб ўтган ва шу вақтда бўлаётган ҳодисаларнинг ҳукмлари билдириларкан, буларга ўхшаган ёки шу жинсдан бўлиб, келажакда юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларга оид ҳукмлар ҳам излаб топиларди.

Имом Аъзам ҳазратларининг дарсида ҳал этилган амалий ва назарий фиқҳ масалаларининг ҳисоби 600 000 дан ошганди. Буларнинг ичида фиқҳ илмини тушунишга керак бўладиган сарф, наҳв ва ҳисобга (фан олимларига) оид шундай нозик масалалар борки, уларнинг келиб чиқиши ва ҳал этилишида араб тили ҳамда алгебра илмининг мутахассислари ожиз қолгандилар, ҳайратда қолган эдилар. Ҳал этилган фиқҳ масалалари жинсларига кўра қисмларга (китобларга), қисмлар ҳам турларига кўра боб ва фаслларга ажралганди.

Шу тариқа имом Аъзам фиқҳ илмини биринчи марта қисмларга ажратиб, ҳар соҳанинг билимларини алоҳида-алоҳида тўплаган эди. Бундан ташқари, Асҳоби киромнинг Пайғамбар жанобимиздан нақлан билдирган имон, эътиқод билимларини ҳам тўплаб, юзлаган талабаларига билдирди. Илми калом, яъни имон билимлари мутахассисларини етиштирди. Имом Мотурудий ундан келган имон билимларини китобларга ёзди. Етиштирган талабалари сони 4000 га етиб, улардан 730 нафари илмда жуда яхши даражага юксалган, 40 нафари эса ижтиҳод даражасига чиққан эди. Баъзи муаллифлар унинг дарсида етишган талабаларнинг исм-шарифларини, қайси шаҳардан эканликларини тадқиқ қилиб, ёзганлар.

Имом Аъзам тижорат билан ҳам шуғулланарди. Талабаларининг эҳтиёжларини ўз ёнидан тўларди. Талабаларига жуда шафқат билан муомала қилар, уларнинг илмни яхши ўрганишлари учун катта эътибор қаратарди. Талабаларини шу қадар мукаммал қилиб тайёрлардики, бошқалар узоқ вақтда топган ҳукмларни улар қисқа вақтда топардилар. Унинг дарс усулини, талабаларини кўришга келган ва ораларида Тобеиннинг буюклари ҳам бўлган илмий ҳайъат уларнинг устунлигини, муваффақитини кўриб, мамнун бўлгандилар. Талабаларига “Сизлар менинг қалбимнинг севинчи, ғамимга тасаллисизлар” дерди.

Ўттиз йиллик муддат ичида етиштирган талабалари шу вақтда кенгайиб кетган ислом дунёсининг ҳар тарафига ёйилиб, муфтилик, мударрислик, қозилик каби турли вазифаларда аҳли суннат эътиқодини ва фиқҳ илмини ҳар тарафга ёйдилар. Инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб, саодатга қовуштирдилар.

Энг илғор талабалари: Имом Абу Юсуф исми билан машҳур бўлган Ёқуб бин Иброҳим, Муҳаммад Шайбоний, Зуфар бин Ҳузайл, Ҳасан бин Зиёд, ўғли Хаммад, Довуд Таий, Асад бин Амр, Афият бин Язид ал-Адвий, Қосим бин Маъан, Али бин Мусҳир, Хиббан бин Али каби олимлардир.

Имом Аъзам ҳазратлари фиқҳда ҳукм чиқариш учун Адиллаи шаърияга мурожат қиларди. Булар Китоб, яъни Қуръони карим, Суннат (Пайғамбар жанобимизнинг сўзлари, ишлаганлари ва билдирганлари), Ижмои уммат (Асҳоби киромнинг бир масала ҳақида сўз бирлиги) ва Қиёси фуқаҳо (ҳукми берилган бир масалага ўхшатиб, бошқа бир масалага ҳукм бериш)дир.

Имом Аъзам ҳар қанақа бир фиқҳ масаласини ҳал этиш учун навбати билан бу тўрт манбага мурожат қиларди.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа энг мукаммал шаклда қилган узоқ меҳнати ва ижтиҳоди натижасида ҳал этган ва тўплаган фиқҳ билимлари билан мусулмонларнинг ибодатларида ҳамда бошқа ишларида исломиятга мос ҳолда ҳаракат қилишлари учун юрадиган йўлни кўрсатди. Бу йўлга “Ҳанафий мазҳаби” дейилди.

Вафоти

Имом Аъзам бутун мажбурлашларга қарамай сиёсат ва ҳукумат ишларига аралашмади. Иккинчи Аббос халифаси Абу Жаъфар Мансур золим эди. Шу сабабдан имом Аъзамни ҳибсга олдирди. Ҳар куни уриладиган дарра сонини орттириб борди. Дарра сони юзга етган куни имом йиқилди. Йиқилиб ётганида оғзига заҳар томиздилар ва шаҳид бўлди.

Буюк олимлардан Шуъбага ўлим хабари етганида “Илм нури сўнди, энди ҳеч қачон у каби олимни топа олмайдилар” деди. Вафотидан кейин жуд кўп инсонлар уни тушида кўриб ва қабрини зиёрат этиб, унинг шаънининг юксаклигини кўрсатадиган нарсаларни билдирганлар.

Имом Шофеъий айтдики:

“Абу Ҳанифа билан билан баракатланаман. Унинг қабрини зиёрат этиб, фойдаларга қовушаман. Бир эҳтиёжим бўлса, икки ракат намоз ўқиб, Абу Ҳанифанинг қабри ёнига келиб, унинг қабри ёнида Аллоҳу таолога дуо қиламан. Дуоларим шу заҳоти қабул бўлиб, истакларимга қовушаман.”

“Юз эллигинчи йили дунёнинг зийнати кетади” ҳадиси шарифи имом Аъзам учун аталганлигини олимлар билдирганлар. Чунки бу вақтда имом Аъзамдан бошқа, унинг каби буюк бир инсон вафот этмаганди. Мазҳаби ислом оламининг катта қисмига ёйилди. Салжуқли Султон Маликшоҳнинг вазирларидан Абу Саъдий Хоразмий имом Аъзамнинг қабри устига мукаммал бир мақбара ва атрофига бир мадраса қурдирди. Сўнгра Усмоний подшолари ҳам бу мақбарани бир неча марта таъмир қилдирдилар.

Асарлари:

1. Рисола-и радд-и хавариж ва радд-и қадария. Имом Аъзамнинг усул-и динда ёзган илк асаридир.

2. Ал фиқҳ-ул акбар. Қоидаларга доир. Бу асарга бир неча шарҳлар ёзилган бўлиб, асосийлари шулардир: Ал қавлул фасл, Муҳиддин бин Баҳоуддин тарафидан ёзилган шарҳдир. Паздавий, Абул Мунтаҳа ва имом Мотурудий томонидан ёзилган шарҳлар ҳам машҳур.

3. Ал фиқҳул абсат. Имом Аъзам бу асарида иститоат (инсон кучи), хайр ва ёмонлик, қазо ва тақдир масалаларини очиқламоқда.

4. Ар-Рисола ли Усмон Бусти. Асарда имон, куфр, иржо ва ваид масалалари очиқланган.

5. Китоб-ул олим вал мутааллим. Бу асарда турли масалалар ҳақида аҳли суннат эътиқодини билдириш учун тартибланган савол-жавоблар бор.

6. Васияти нукирру. Асарда аҳли суннат вал жамоатнинг хусусиятлари билдирилмоқда, қоида ва фарзларининг ҳудудлари очиқланмоқда. Бу васиятдан бошқа ўғли Хаммадга ва талабаси Абу Юсуфга қилган васиятларидан 15 нафари бор.

7. Қасидаи Нумания.

8. Ал-Асл.

9. Ал Муснад лил Имом-и Аъзам Абу Ҳанифа.