Арафа ва Тарвия куни

Тарвия деб Арафа кунидан аввалги кунга айтилади. Жорий йилда тарвия куни 14 июнга, арафа 15 июнга ва қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июнга тўғри келади. Тарвия куни рўза тутиш жуда фазилатлидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳу таоло Тарвия куни рўза тутган ва гуноҳ сўзламаган кимсани албатта Жаннатга киритади.” (Рамуз)

“Тарвия куни рўза тутиш минг қул озод этишга, икки минг туя қурбонлик қилишга ва жиҳод учун юборилган минг отга бадалдир.” (Абулбаракот)

Тарвия кунидан кейин Арафа куни келади.

Арафа кунининг аҳамияти:

Муборак кечага ўзидан кейин келадиган куннинг номи берилади. Фақат Арафа ва Қурбон байрамининг уч кечаси бундан мустасно. Бу тўрт кечанинг аввал кундузлари келади. Арафа Зулҳижжанинг тўққизинчи кунидир. Яъни Қурбон байрамидан аввалги кунга айтилади. Рамазон байрамидан аввалга ва бошқа кунларга Арафа дейилмайди. Арафа куни қилинадиган ишларнинг баъзилари қуйида келтирилган:

Арафа куни бомдод намозидан байрамнинг тўртинчи куни аср намозигача 23та фарз намозни тугатиб, салом бергач, ташриқ такбири ўқиш вожибдир. Бир марта “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллоҳил ҳамд” дейилади. Масжиддан чиққач ёки гапириб қўйгандан кейин ўқиш лозим эмас. Имом такбирни унутса ҳам, жамоат тарк этмайди. Эркаклар баланд овозда ўқиши мумкин. Бу такбир келтириладиган кунлар Арафа, байрам ва айёми ташриқ дейиладиган уч кун бўлиб, жами беш кунни ташкил этади. Илк кунга Арафа, иккинчи кунга байрам ёки ҳайит, Зулҳижжанинг 11, 12, 13 кунларига айёми ташриқ (ташриқ кунлари) дейилади.

Зулҳижжанинг илк тўққиз куни рўза тутиш савобдир. Фақат Арафа куни рўза тутиш улардан ҳам савоблироқ. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Арафа куни рўза тутган кимсага Одам алайҳиссаломдан суръа чалингунга қадар яшаган бутун инсонлар сонининг икки баробари миқдорида савоб ёзилади.” (Р.Носиҳин)

“Арафа куни тутилган рўза минг кун нофила рўзага бадалдир.” (Табароний)

“Арафа куни рўза тутиш минг қул озод этишга, икки минг туя қурбонлик қилишга ва жиҳод учун юборилган икки минг отга бадалдир.” (Т.Ғофилин)

“Арафа куни тутилган рўза, ўтган ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади.”(Муслим)

“Арафа куни (бисмиллоҳ билан) минг Ихлос ўқиган кимсанинг гуноҳлари авф бўлиб, дуоси қабул бўлади.” (Абушшайх)

“Арафа кунидан устун кун йўқ. Бу куни Аллоҳу таоло ердагилар билан фахрланиб, кўкдагиларга “Эй кўк аҳли, қаранглар, раҳматимга қовушиш ва азобимдан қочиш учун узоқ хойлардан келдилар... деб буюради. Арафа куни Жаҳаннамдан шунчалик кўп қул озод этиладики, бошқа кунларда бу қадар озод бўлмайди.” (Ғуня)

“Шайтон бошқа кунларда Арафа кунидагидек залил, хор, разил, ҳақир кўринмайди.”(И.Молик)

“Аллоҳу таоло Арафа куни қулларига назар этади. Зарра қадар имони бўлган кимсани авф этади.” (Ғуня)

“Арафа кечаси ибодат этган Жаҳаннамдан озод бўлади.” (С.Абадия) (Ибодат сифатида илм ўрганиш энг фазилатлисидир. Илмиҳол, фиқҳ ўқиш орқали энг тўғри илмни ўрганган бўласиз.)

“Дуонинг фазилатлиси Арафа куни қилинган дуодир.” (Байҳақий)

“Арафа кунини ҳурмат қилинг. Арафа Аллоҳнинг қиймат берган кунидир.” (Дайламий) (Ҳурмат кўрсатиш гуноҳ ишламаслик билан бўлади.)

“Арафа қандай гўзал кундир. Бу куни раҳмат эшиклари очилади.” (Дайламий)

“Арафа куни кўзига, қулоғига ва тилига эга бўлган кимса, мағфират этилади.” (Табароний)

Қулоғига эга бўлиш - ғийбат, чолғу каби гуноҳ нарсаларни тингламасликдир. Агар биз истамасдан қулоғимизга чалинса, гуноҳ бўлмайди. Кўзига эга бўлиш - гуноҳ нарсаларга қарамаслик ва  қараган мубоҳ нарсаларидан ибрат олишдир. Тилига эга бўлиш эса, ёлғон гапирмаслик, ғийбат этмаслик, гап ташимаслик, ёмон сўз айтмаслик, ҳатто бекорчи нарсаларни гапирмаслик, ҳеч кимни тили билан ранжитмаслик деганидир. Буларга риоя қилган одам Арафа кунининг қадрини ўзи учун орттирган бўлади.

Арафа кечаси - Арафа куни билан Қурбон байрамининг биринчи куни орасидаги кечадир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Раҳмат эшиклари тўрт кечада очилади. Бу кечаларда қилинган дуолар рад этилмайди. Рамазон ва Қурбон байрамининг биринчи кечалари, Барот ва Арафа кечаси.” (Исфаҳоний)

“Тўрт кечанинг кундузи ҳам худди кечаларидек фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кечаларда дуо қилувчининг истагини қайтармайди, уларни мағфират этади ва улар бу кечаларда мўл эҳсонга ноил бўладилар. Булар: Қадр, Арафа, Барот, Жума кечаси ва кунларидир.” (Дайламий)

“Арафа кечаси ибодат этган киши Жаҳаннамдан озод бўлади.” (С.Абадия)

Савол: Арафа куни ўқиши керак бўлган минг Ихлосни тугатолмасак, шомдан кейин ҳам ўқиса бўладими?

Жавоб: Ҳа, ўқиса бўлади. Арафа ва Қурбон байрами кунларининг кечалари бошқа муборак кечалардек эмас. Ўзларидан кейин келадиган кечалардир. Кеча ва кундуздан таркиб топган 24 соатга "бир кун" дейилади. Минг Ихлос ўқиб тугатолмаган одам шомдан кейин ҳам давом этиши мумкин.