Ашуро куни ва кечаси
Муҳаррам ойи Қуръони каримда қиймат берилган тўрт ойдан бири. Муҳаррам ойининг биринчи куни рўза тутиш бутун бир йил рўза тутгандек фазилатлидир. Ҳадиси шарифда: “Рамазон ойидан кейин энг фазилатли рўза Муҳаррам ойида тутилган рўзадир” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
Бу ойнинг энг қийматли кечаси Ашуро, яъни 27 июлдан 28 июлга ўтадиган, ўнинчи кечасидир. Аллоҳу таоло кўплаб дуоларни Ашуро кечаси қабул қилган. Ҳазрати Одамнинг тавбаси, ҳазрати Нуҳнинг тўфондан қутулиши, ҳазрати Юнуснинг балиқнинг қорнидан омон чиқиши, ҳазрати Иброҳимнинг гулхандан омон қолиши, ҳазрати Идриснинг тирик ҳолида кўкларга чиқарилиши, ҳазрати Яқубнинг ўғли ҳазрати Юсуф билан дийдор кўришиши, ҳазрати Юсуфнинг қудуқдан чиқиши, ҳазрати Аюбнинг хасталикдан соғайиши, ҳазрати Мусонинг Қизил денгиздан ўтиши, ҳазрати Исонинг таваллуди ва ўлимдан қутулиб, тирик ҳолида кўкка чиқарилиши Ашуро куни рўй берган. Ҳадиси шарифда: “Ашуро куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жуди тоғи тепаларига ўтирди. Бу куни Нуҳ ва ёнидагилар Аллоҳу таолога шукр учун рўза тутгандилар. Ҳайвонлар ҳам ҳеч нарса емаганди. Аллоҳу таоло денгизни Бани Исроил учун Ашуро куни ёрди. Яна Ашуро куни Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломнинг ва Юнус алайҳиссалом қавмининг тавбасини қабул қилди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам шу куни туғилди” - деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Аввалдан Қурайш халқи ҳам, Расулуллоҳ ҳам Ашуро куни рўза тутардилар. Мадинага келгач, яна шу куни рўза тутдилар ва мусулмонларга ҳам тутишни амр этдилар. (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд)
Мадинада Ашуро куни рўза тутган Сарвари олам жанобимиз яҳудийларнинг ҳам рўза тутганини кўриб, “Нимага рўза тутяпсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Бугун Аллоҳ Исроил ўғилларини душманларидан қутқарган кун. Мусо мана шу кунда рўза тутгани учун биз ҳам тутамиз”- дейишди. Расулуллоҳ мусулмонларнинг бугун рўза тутишларининг сабабини изоҳлаш мақсадида “Мен Мусо алайҳиссаломга сиздан кўра лойиқроқдирман” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)
Ашуро куни бажариладиган амаллар:
1. Ашуро куни рўза тутиш суннат. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Ашуро куни рўза тутган инсоннинг бир йиллик гуноҳлари авф бўлади.” (Муслим, Термизий, И.Аҳмад, Табароний)
“Ашуро куни рўза тутган одам шу йили тута олмаган (нофила) рўзаларнинг савобига қовушади.” (Дайламий)
“Ашуро кунидан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутиб, яҳудийларга мухолафат қилинг (улардан фарқланинг).” (И.Аҳмад)
“Ашуронинг фазилатидан бенасиб қолманг! Бу муборак кунда рўза тутган киши фаришталар, пайғамбарлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ибодати қадар савобга ноил бўлади.” (Ширъа)
Ёлғиз Ашуро куни рўза тутиш макруҳдир. Шу боис аввалги кунни ёки кейинги кунни қўшиб тутиш керак. Муҳтарам пайғамбаримиз бир куни пешинга яқин “Барчага эшиттиринг! Бугун бир нарса еган киши шомгача ҳеч нарса емасин, худди рўза тутгандек юрсин. Ҳали ҳеч нарса емаган бўлса, рўза тутсин. Чунки бугун Ашуро кунидир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)
Пайғамбаримиз бу куни бир хурмони муборак оғизларига ҳўллаб, ёш болаларнинг оғзига солиб қўярдилар. Болалар Расулуллоҳнинг мўъжизаси сифатида шомгача ҳеч нарса еб-ичмасдилар. Бу кунда ҳатто ҳайвонлар ҳам ҳеч нарса емаслигини билдирганлар бўлди. Бир овчи Ашуро куни бир кийик овлаган эди. Кийик болаларини эмизиб, шомдан кейин қайтишга Расулуллоҳ ҳурмати учун овчидан изн сўради. Овчи кийикнинг шомга қолмасдан етиб келишини айтганида кийик “Бугун Ашуро куни. Бу куннинг ҳурматига болаларимизни шомгача эмизмаймиз. Шу сабабдан шомдан кейин келишим учун изн сўрадим” деб жавоб берди. Буни эшитган овчи кийикни Расулуллоҳга ҳадя этди. Расулуллоҳ кийикни озод этдилар.
2) Силаи раҳм қилиш керак. Яъни қариндошларни зиёрат қилиб, ҳадя ва турли ёрдам билан кўнгилларини олиш лозим. Ҳадиси шарифда “Силаи раҳмни тарк қилган одам Ашуро куни қариндошини зиёрат қилса, Яҳё ва Исонинг (алайҳимуссалом) савобича ажрга эришади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
3) Илм ўрганиш лозим. Ҳадиси шарифда “Ашуро куни илм ўрганиладиган ёки Аллоҳу таоло зикр этиладиган ерда бир пас ўтирган киши жаннатга киради” деб марҳамат қилинди. Бу кеча илм ўрганиш мақсадида аҳли суннат олимларининг китобларини ўқиш лозим. Айниқса Қуръони карим ўқиш, қазоси бўлган мўминларнинг қазо намозларини ўқиш керак. (Ширъа)
4) Садақа бериш суннатдир, ибодатдир. Ҳадиси шарифда: “Ашуро куни зарра қадар садақа берган мўмин Ухуд тоғидай савобга эришади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
Бугун ибодат деб эътиқод қилиб, айрим ўлкаларда одат бўлган “Ашуро” деб номланувчи (буғдой, нўхат каби дон-дунга шакар қўшиб пиширилган) ширинлик тайёрлаш бидъат бўлади. “Ашуро” ширинлигининг бугунга махсус ибодат эмаслигини билиб, Ашуро ёки бошқа ширинликлар пишириш гуноҳ бўлмайди, савоб бўлади. Мана шу фарқни яхши фаҳмлай олиш керак.
Шифо нияти билан кўзига сурма сурадиган киши бу кунда ҳам суриши мумкин. Ҳадиси шарифда “Ашуро куни исмид билан кўзига сурма қўйган одам кўз оғриғи кўрмайди” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)
5) Кўп салом бериш лозим. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ашуро куни ўн мусулмонга салом берган мўмин бутун мусулмонларга салом бергандек савобга эришади.” (Ширъа)
6) Оила, бола-чақасини севинтириш керак. Ҳадиси шарифда “Ашуро куни оила аъзоларининг нафақасини етарлидан ортиқ қилиб берган кимсанинг нафақаси бутун йил мўл-кўл бўлади” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
7) Ғусл олиш керак. Ҳадиси шарифда “Ашуро куни ғусл олган мўмин гуноҳлардан тозаланади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
(Бу савоблар эътиқоди тўғри бўлган, намоз ўқийдиган ва ҳаромлардан тийиладиган мўминлар учундир. Буларга риоя этмаган кимса Ашуро куни бир эмас, бир неча марта ғусл қилса ҳам, гуноҳлари кечирилмайди.)
Ҳазрати Ҳусайн, Муҳаррам ойининг ўнинчи куни шаҳид қилинган. Бу буюк имомнинг шаҳид этилиши, албатта, бутун мусулмонлар учун ғам ва мусибатдир. Ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али ва ҳазрати Ҳамзанинг шаҳид этилиши ҳам шундай катта мусибатдир. Аммо муҳтарам Пайғамбаримиз ҳазрати Ҳамзанинг шаҳид қилинган куни учун кейинги йилларда мотам тутмадилар. Мотам тутишни ҳам амр қилмадилар. Агар мотам тутиш тақиқланмаганда, ҳаммадан аввал Пайғамбаримизнинг вафотлари учун мотам тутиларди. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Мотам тутган одам ажали келмай туриб тавба қилмаса, қиёматда шиддатли азобга дучор бўлади.” (Муслим)
“Икки нарса инсонни куфрга етаклайди. Биринчиси, бирининг насл-насабига сўкиш; иккинчиси, ўлик учун мотам тутишдир.” (Муслим)
Ашуро куни ўқиладиган дуо
Шаҳобиддин Суҳравардий ҳазратлари айтадики: “Кимки қуйидаги дуони Ашуро куни (Муҳаррам ойининг 10-куни) 3 марта ўқиса, шу йили ўлимдан ҳам омон қолади. Зеро шу йили ажали тақдир қилинган одамга ушбу дуони бирон сабаб билан ўқиш насиб бўлмайди.”
“Алҳамдулиллоҳи Раббил оламин. Вассалоту вассалому аъла саййидина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва соҳбиҳи ажмоин. Аллоҳумма антал абадиййул-Қадим, ал-Ҳаййул-Карим, ал-Ҳаннон, ал-Маннон. Ҳазиҳи санатун жадидатун. Асъалука фиҳал исмата минаш-шайтониррожийм, вал авна аъла ҳазиҳин нафсил аммороти биссуъи вал иштиғола бима йуқаррибууни илайка ё зал Жалоли вал Икром, бираҳматика ё Арҳамар-Роҳимин. Ва соллаллоҳу ва саллама аъла саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва аъла олиҳи ва саҳбиҳи ва аҳли байтиҳи ажмоин.”