Рағоиб кечаси
Савол: Рағоиб кечаси қачон бўлади? Бу кечада ўқиладиган махсус намоз борми?
Жавоб: Ражаб ойининг илк жума кечасига Рағоиб кечаси дейилади. 2024 йили бу кеча 11 январдан 12 январга ўтар кечаси бўлади. Бу кечада қилинган дуолар рад этилмайди ва намоз, рўза, садақа каби ибодатларга ҳисобсиз савоблар берилади.
Бу кеча Пайғамбаримизнинг оталари уйланган кеча эмас. Бу гап нотўғри. Чунки у ҳолда Расулуллоҳ тўққиз ой бўлмасдан дунёга келган бўлиб чиқади. Бу эса ҳомилада нуқсонлик ва қусурдир. Муҳтарам пайғамбаримиз ҳар жиҳатдан одамзоднинг энг устуни ва энг қусурсизи бўлганларидек Омина онамиз нурланган пайтларида ҳам қусурсиз эдилар. Ҳомиладорлик муддатининг меъёридан кам бўлиши тиббиётда айб ва нуқсон саналади.
Бу кечага махсус бўлган хусусий бир намоз йўқ. Лекин Рағоиб кечасини ибодат билан, қазо намози бўлган кишилар қазоларини ўқиб ўтказишлари керак. Қазоси бўлмаган одамлар эса, нофила намоз ўқийди. Айниқса, Қуръони карим ўқиш, тасбиҳ ўгириб, тавба-истиғфор этиш керак. Муборак кечаларда ва ҳар доим илм ўрганиш жуда бебаҳо амалдир. Илмиҳол (фиқҳ) масалалари илмлар ичида энг қиммати бўлиб ҳисобланади. Пайшанба куни рўза тутиб, кечасини ибодат билан ўтказиш катта савоб бўлади. Ражаб ойида рўза тутиш алоҳида бир фазилатдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Ражаб ойида Аллоҳга кўп истиғфор этинг. Чунки Аллоҳу таоло Ражаб ойининг ҳар дамида Жаҳаннамдан қулларни озод қилади. Айниқса, Жаннатда шундай кўшклари борки, унга фақат Ражаб ойида рўза тутганлар киради.” (Дайламий)
“Аллоҳу таоло Ражаб ойида рўза тутганларни мағфират қилади.” (Ғуня)
“Ражаби шарифнинг бошида бир кун, ўртасида бир кун, охирида бир кун рўза тутган одамга бутун Ражаб ойи рўза тутгандек савоб берилади.” (Мифтоҳ-ул-жанна)
“Рамазондан бошқа ойларда Аллоҳ розилиги учун бир кун рўза тутган одам, яхши бир чопағон отнинг юз йилда босиб ўтадиган масофасича Жаҳаннамдан узоқлашади.” (Абу Яъла)
“Шу беш кечада қилинган дуо рад қилинмайди: Рағоиб кечаси, Барот кечаси, жума кечаси, Рамазон байрами ва Қурбон байрами кечалари.” (И.Асокир)
“Ражаб ойи улуғ ойдир. Аллоҳу таоло бу ойда ҳасанотини қат-қат қилади. Ражаб ойида бир кун рўза тутган одам бир йил рўза тутгандек савобга эришади. 7 кун рўза тутган одамга Жаҳаннам эшиклари бекилади. 8 кун рўза тутган одамга Жаннатнинг 8 эшиги очилади. 10 кун рўза тутганга Аллоҳу таоло истаганини беради. 15 кун рўза тутган кимсага бир овоз “Ўтган гуноҳларнинг авф бўлди” дейди. Ражаб ойида Аллоҳу таоло Нуҳ алайҳиссаломни кемага чиқарди. У бўлса Ражаб ойини рўза тутиб ўтказди. Ёнидагиларга ҳам рўза тутишларини амр этди.” (Табароний)
“Ражаб ойида тақволик билан бир кун рўза тутган киши ҳақида рўза тутилган кунлар тилга кириб “Ё Рабби, уни мағфират этгин” дейди.” (Абу Муҳаммад)
“Ражаб ойининг илк жума кечасини (Рағоиб кечаси) ибодат билан ўтказган одамга қабр азоби берилмайди. Дуолари қабул бўлади. Фақат етти одамнинг дуоси қабул бўлмайди: Судхўр, мусулмонларни паст кўрувчи, ота-онасига азият қилувчи, мусулмон бўлган ва диннинг амрларига бўйсунган эрининг гапига кирмаган аёл, чолғучи, ливота ва зино қилувчи, беш вақт намоз ўқимайдиганлар.” (С.Абадия) (Булар бу гуноҳлардан воз кечмагунича, тавба этмагунича дуолари қабул бўлмайди.)
Ражаб ойида қилинган дуолар қабул бўлади, хатолар авф этилади. Гуноҳ қилган одамнинг жазоси эса бир неча ҳисса ортиғи билан ёзилади.
Ҳазрати Ҳусайн (родиаллоҳу анҳ) ҳикоя қилади:
“Каъбани тавоф этаётганда дардли, ҳазин овозда Аллоҳу таолога илтижо қилаётган бир одамнинг овозини эшитдик. Отам уни чақириб келишимни буюрди. У кулар юзли, покиза бир киши эди. Фақат ўнг тарафи фалаж бўлиб, ҳаракатсиз эди. Унга савол қотдим:
- Сен кимсан, бу аҳволга қандай тушдинг?
- Исмим Манозил бин Лоҳик... Мен чолғу чалиш, қўшиқ айтиш билан шуҳрат қозонган, Арабистоннинг машҳур қўшиқчиси эдим. Бир умр доимо нафсимнинг етовида елиб-югирдим. Ражаб ва Шаъбон ойларида ҳам бу гуноҳлардан тийилмасдим. Солиҳ отам мени бу гуноҳлардан қутқаришга уринди. Менга “Аллоҳу таолонинг азоби шиддатлидир. Бир онда қаҳрига учрашинг мумкин. Ёмон дўстларингдан воз кечгин, бу ёмон ишларни ташлагин. Йўқса фаришталар билан ушбу қутлуғ ойлар дастингдан шикоят қилишади” деди. Насиҳатга ҳеч тоқатим йўқ эди. Отамни уриб, гапиришга қўймадим. У бечора дардли ва синиқ кўнгил билан “Бу ойда рўза тутиб, кечалари ибодат қиляпман. Байтуллоҳга бориб, зуғумингдан сақлаши учун Аллоҳу таолодан ёрдам сўрайман” деди.
Бир ҳафта рўза тутиб, Каъбага кетаётганида “Ё Рабби, мазлумларнинг оҳини ерда қолдирмайсан. Бу ойда бу муборак жойларда қилинган дуоларни рад этмайсан. Ўғлимдан ҳақимни олгин, уни фалаж қилгин” деб дуо қилди. Отам дуосини тугатмасидан ўнг тарафим фалаж бўлиб қолди. Буни кўрганлар “Ота қарғишига учради” дедилар.
- Отанг бу ҳолингни кўриб нима деди?
- Отамдан авф ва узр сўрадим. Унинг ҳам оталик меҳри ғолиб келиб, мени кечирди. Баддуо этган жойида бу сафар шифо топишим учун хайр дуо қилиш мақсадида туя миниб Байтуллоҳга келаётганда, туя ҳуркиб, отам устидан қулаб, вафот этди. Энди эса чорасизман.
Отам ҳазрати Али бу ёш йигитга дуо қилди. Ражаб ойида қилинган бу дуонинг баракати билан Аллоҳу таоло унга шифо берди.”