Мавлуд кечаси

Савол: Мавлудни нишонлаш бидъатми?

Жавоб: Мавлуд - таваллуд чоғ, туғилган пайт демакдир. Мавлуд кечаси Рабиул аввал ойининг 11 ва 12 кунлари орасидаги кеча. Бу (2024) йил 14 сентябрдан 15 сентябрга ўтар кечасига тўғри келади. Сарвари оламнинг (алайҳиссалом) туғилган кунлари, барча мусулмонларнинг байрамидир.

Расулуллоҳ дунёга келганида амакиси Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба “Укангиз Абдуллоҳ ўғиллик бўлди” деб хушхабар келтирганида хурсанд бўлганидан “Унга сут бериш шарти билан сени озод этдим” деган эди. Шу сабабдан Абу Лаҳабнинг азоби ҳар Мавлуд кечасида енгиллайди. Мавлуд кечаси қувониб, бу кечага ҳурмат кўрсатган мусулмонлар беҳисоб  савобларга муяссар бўлишади. Ҳофиз Муҳаммад ибн Жазари Шофий айтадики: “Абу Лаҳабни тушида кўриб ҳолини сўраганларида “Қаттиқа азоб чекяпман. Лекин Расулуллоҳнинг дунёга келганини хабар берган жориямни қувонганимдан озод этганим учун, ҳар йил рабиул-аввал ойининг 12 кечаси азобим енгиллашади” деди.” Абу Лаҳабдек бир ашаддий кофирнинг азоби шу кеча туфайли енгиллашадиган бўлса, бу улуғ Пайғамбарнинг умматидан бўлган бир мўмин Унинг туғилган кунида севиниб, молини тўғри жойларга тарқатиб, зиёфат бериб, шу тариқа Пайғамбарига бўлган севгиси-муҳаббатини намоён қилса, Аллоҳу таоло уни жаннати билан сийлайди. (М.Насиҳат)

Оламларнинг сарвари бўлмиш Расулуллоҳ жанобимиз Мавлуд кечасида Асҳоби киромга зиёфат бериб, дунёга келган вақтларидаги ва болаликларида бўлган воқеаларни айтиб берардилар. Ҳазрати Абу Бакр ҳам халифалигида Асҳоби киромни тўплаб, Расулуллоҳ жанобимизнинг туғилган вақтида рўй берган фавқулодда ва ғайритабиий ҳодисаларни айтиб берардилар. Бу кечада Расулуллоҳнинг туғилган вақтида воқе бўлган ҳолларни, мўъжизаларни ўқиш, тинглаш ва ўрганиш катта савобдир. Шу куни ёки эртасига рўза тутишнинг зарари йўқ. Тутса яхши бўлади, савоб берилади. Ислом олимлари Мавлуд кечасига жуда катта эътибор қаратганлар. Ҳазрати Мавлоно: “Мавлуд ўқилган ердан балолар даф бўлади”- деб айтган. Мавлуд кечаси Қадр кечасидан кейинги энг қийматли кечадир. Ҳатто Мавлуд кечаси Қадр кечасидан ҳам қийматлироқ деган олимлар бор.

“Ал-муқни”, “Ал-миёр” ва “Танвир-ул қулуб” китобларида Мавлуд кечасининг Қадр кечасидан ҳам қийматлироқ эканлиги айтилган. (Ад-дурар-ул-масун)

“Аллоҳ бир кимсага сўзлаш ва ёзиш санъатини эҳсон этса, Расулуллоҳни мақтасин, душманларини ёмонласин” ҳадиси шарифига амал этилган ҳолда, асрлар давомида Мавлуд китоблари ёзилган ва ўқилган. Расулуллоҳ жанобимиз мадҳ этилган турли Мавлуд қасидалари мавжуд. Бу қасидаларнинг асри саодатдан кейин ёзилиши бидъат эканлигини кўрсатмайди. Чунки Расулуллоҳни мадҳ этиш ибодатдир. Уни мадҳ этувчи қасидалар, ёзувлар ҳар замонда ёзилиши мумкин. Уларни ўқиш бидъат эмас, савоб бўлади. Мавлуди шариф ўқиш, Расулуллоҳнинг дунёга келишларини, меърожларини ва ҳаётларини ҳикоя қилиш, Ул зотни ёдга олиш Ул зотни мадҳу сано қилиш деганидир. Расулуллоҳни қаттиқ севиш комил мусулмоннинг аломатидир. Бухорий билдирган ҳадиси шарифда: “Мени ота-она, фарзандлари ва барчадан ортиқ севмаган киши мўмин бўлолмайди” деб марҳамат қилинди. Мавлуд ўқишнинг ўзи эмас, мавлуд маросимларида динга хилоф ишлар қилиш гуноҳ.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Бир нарсани қаттиқ севган одам, албатта уни кўп ёдга олади.” (Дайламий) (Расулуллоҳни севган киши Ул зотни кўп ёдга олади.)

“Пайғамбарларни ёдга олиш, хотирлаш ибодатдир.” (Дайламий) (Бу ибодатни шеър шаклида айтиш таъсирлироқ бўлади. Расулуллоҳ жанобимизнинг шоирлари масжидда Расулуллоҳни мадҳ этувчи ва душманларини қаҳр этувчи шеърлар ўқирдилар.)

Булардан Ҳассан бин Собит ҳазратларининг шеърларини жуда ёқтирардилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу шоир учун масжидда бир минбар қўйдиргандилар. Ҳассан бин Собит ҳазратлари минбарга чиқиб, душманларни ёмонлар, Расулуллоҳни мадҳ этарди. Расулуллоҳ жанобимиз: “Ҳассаннинг сўзлари душманларга ўқ жароҳатидан ҳам таъсирлидир” деб марҳамат қилдилар. (М.Насиҳат)

Бу борада келган ҳадиси шарифларда: “Аллоҳу таоло Расулини мадҳ ва мудофаа этиш хусусида Ҳассанни Руҳ-ул-қудс (Жаброил алайҳиссалом) билан қувватлантирди” (Бухорий) ва Пайғамбар жанобимиз шоир айтган сўзларни ёқтириб “Тишларинг тўкилмасин” деб дуо қилгандилар. (Ҳаким)

Шеър ҳақида ҳадиси шарифлардан бир нечтаси қуйида келтирилган:

“Шеър шундай бир сўзки, гўзали жуда гўзал, жирканчи жуда жирканчлидир.” (Бухорий)

“Сеҳрловчи сўзлар каби ҳикматли шеърлар ҳам бор.” (Абу Довуд)

“Баъзи шеърлар албатта очиқ-ойдин ҳикматдир.” (Бухорий)

Ваҳҳобийлар, мазҳабсизлар Расулуллоҳ жанобимизни мадҳ этган ва Ул зотдан шафоат истаган мусулмонларга мушрик тамғасини босишмоқда. Буни очиқча мусулмонларнинг юзларига айта олмаганлари учун Мавлудга бидъат дейишмоқда. Расулуллоҳни мақташ ҳеч қачон бидъат бўлмайди. Бу мақтовдан фақат Аллоҳни ва Расулини севмайдиган бадбахтларгина норози бўлишади. Негаким Аллоҳу таоло Ул зотни мадҳу сано қилмоқда. Қуръони каримда маолан буюриладики:

“Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик.” (Анбиё, 107)

“Биз сени бутун инсонларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик.” (Саъба, 28)

“Сен учун тугамайдиган, сўнгсиз ажрлар бор. Албатта сен буюк ахлоқ устидасан.” (Калам, 3-4)

“Раббинг сенга (мўл неъмат) беради, сен ҳам рози бўласан!” (Духо, 5)

“Аллоҳ ва фаришталари Набига саловат келтирадилар, эй имон этганлар сиз ҳам саловат келтиринг.”(Аҳзоб, 56)

Эркак-аёл аралашмасдан, чолғу ва бошқа ҳаром қўшмай, Аллоҳ розилиги учун мавлуд ўқимоқ, саловати шариф келтирмоқ, ширин нарсалар едириб-ичирмоқ, хайрот ва ҳасанот қилмоқ, шу тариқа Мавлуд кечасининг шукрини бажо келтириш мустаҳабдир. (Неъмат-ул кубро, Ҳадиқа, М.Насиҳат)

Туғилган кунини нишонлашни христианлар мусулмонлардан кўриб ўзлаштириб олишган.

Мавлуд ўқишнинг қадрли бир ибодат эканлигини билдириш учун ислом олимлари турли тилларда китоблар таълиф қилишган. Булардан 10 таси “Кашф-уз-зунун”да мазкурдир.

Ибн Ҳожари Хайтамий ҳазратларининг “Ан-неъмат-ул кубро” ва имом Суютий ҳазратларининг “Аррадду ала ман анкара қироатал мавлуд-ин-Наби” номли мавлуд китоблари машҳурдир.

Сарвари коинотни (алайҳиссалом) кўп мадҳ этиш, бутун яратилмишларнинг энг олийси эканликларини айтиш, Аллоҳу таолонинг севгили пайғамбарига берган фазилатларини санаш ва Ул зотдан шафоат сўраш - улуғ ибодатдир. Бунга қарши чиқиш қуюқ жаҳолат ва кўр қайсарликнинг ўзгинасидир. Расулуллоҳни мадҳ этиш, ёдга олиш керак эканлигига далил сифатида Аҳзоб сурасининг “Аллоҳ ва фаришталари Набийга саловат келтирадилар, имон этганлар сиз ҳам саловат келтиринг” маолидаги 56-ояти каримаси етмайдими?

Ислом олимлари айтадиларки:

Мавлуд кечаларида тўпланиб мавлуд қасидасини ўқимоқ, саловати шариф келтирмоқ, ширинликлар улашмоқ, хайр-эҳсон қилмоқ, шу тариқа Мавлуд кечасининг шукрини бажо келтирмоқ мустаҳабдир. Солиҳларга кийим ва шунга ўхшаш нарсалар ҳадя этмоқ бу кечага ҳурмат кўрсатиш ҳисобланади. Буларни Аллоҳ розилиги учун қилиш жуда катта савоб бўлади. (Ибн Баттол Моликий)

Мавлудларда солиҳларни тўплаб, саловот ўқимоқ, фақирларни тўйдирмоқ ҳамма вақт савобдир. Фақат буларга чолғу асбоблари каби ҳаром аралаштириш катта гуноҳ бўлади. (Аллома Заҳириддин бин Жаъфар)

Мавлудда садақа, ҳадя бермоқ, нашъали ва қувончли бўлмоқ, ҳаром аралаштирмай мавлуд қасидасини ўқитмоқ жуда катта савоб бўлади. (Аллома Носируддин)

Ҳаром аралаштирмай мавлуд ўқитиш мустаҳабдир. (Ҳидоя)

Савдолашмай Аллоҳу таолонинг розилигини кўзлаб хатм ёки мавлуд ўқиган қорининг ўқитган киши берган ҳадясини олиши жоиз бўлади. Қуръон ўқиб, ҳадя олишни касб қилиб олмаслик керак. Зеро одат ҳолига келган ҳадя шарт қилинган маош ҳукмидадир. (Дурр-ул мухтор)

Пул бериб ўқитилган Қуръондан ўликка савоб ҳосил бўлмайди. (Ҳидоя)

 Савол: Аёллар ўзи мавлуд ўқиса бўладими?

Жавоб: Бўлади. Эркаклар эшитадиган бўлса жоиз эмас.

 Савол: Янги йил кечаси тўпланиб, мавлуд ўқиш тўғрими?

Жавоб: Тўғри эмас. Бу кечада ҳам бошқа кечалари нима қилинса, шу иш қилиниши керак. Улардан фарқ қилмаслиги лозим.

 Савол: Мавлуддаги “Ҳабибим сенга ошиқ бўлдим” ифодаси жоизми?

Жавоб: Албатта жоиз. Ҳозирги кунда нафснинг шаҳвоний орзуларига ошиқлик дейиляпти. Динда эса ишқ деб жуда кучли севгига айтилади.

 Савол: Мавлудда “Туғилди шу соатда...” деганида ўрнимиздан туришимиз керакми?

Жавоб: Бунинг зарари йўқ.

 Савол: Мавлуд муносабати билан Пайғамбар ҳаддан ортиқ мадҳу сано қилиняпти. У ҳам одам-ку, устига устак Қуръонни олиб келиш билан вазифаси ҳам тугаган. Шу мадҳ этишда ортиқча кетиш ширк эмасми?

Жавоб: Ул зот илоҳ эмас, албатта, инсон эдилар. Лекин “Саййид-ул башар” эдилар. Бутун инсонларнинг саййиди, устуни эдилар. Ҳеч ким Ул зотни ошириб мақташга қодир эмас. Одам фарзандлари Расули акрамни Аллоҳу таоло мадҳ этгандек ҳаққоний равишда мадҳ эта олмаган ва абадул абад эта олишмайди. Бу мақтовлар фақат ғайридинлар билан муртадларнинг ғашига тегиши мумкин. Шунинг учун ўзингизга эҳтиёт бўлинг!

Эслатма: Баъзи христиан фирқалари туғилган кунни нишонлашга шиддатли қаршилик кўрсатишади. Туғилган кунни нишонлашни яратилганларга сиғиниш деб ҳисоблашади. Салафийлар ҳам Расулуллоҳнинг таваллуд кунлари бўлмиш мавлудни бидъатдан ҳисоблашади. Ҳатто баъзи муртадлари уни пайғамбарга сиғиниш деб ҳам таърифлашдан қўрқмайди. Уларнинг бу эътиқодларининг айрим христиан гуруҳлари ақидасига ўхшаб кетишида бир сабаб бўлиши керак.

 Савол: Исломият амр қилмаган бирон нарсани ибодат сифатида, савоб олиш ниятида бажаришнинг бидъат эканлигига эътибор қиладиган бўлсак, мавлуд ўқиш ҳам бидъат эмасми?

Жавоб: Ҳадиси шарифда: “Мени мадҳ этиш ибодатдир” деб марҳамат қилинган. Расулуллоҳни мадҳ этиш бидъат эмас, ибодатдир. Мавлуд ўқишдан мақсад - Расули акрамни (алайҳиссалом) мадҳу сано қилишдир. Ушбу кунда Жаноби пайғамбаримизнинг туғилган вақтларида рўй берган хариқаларни, ҳодисаларни ўқиш, эшитиш катта савоб бўлади. Расулуллоҳ буларни ўзлари ҳам гапириб берардилар. Асҳоби киром ҳам бир жойга йиғилиб, бу воқеалардан ўқир ва бир-бирларига айтиб берардилар.

Мавлуд ўқиш жараёнида баъзи бидъат қилиқларнинг ҳам аралашиши мавлудни ибодат бўлишдан чиқариб юбормайди. Бугунги кунда ўтказилаётган мавлуд йиғинларининг кўпи бидъат. Чунки хотин-эркак аралаш ўтиришади, ҳатто мусиқа етовида қўшиқлар айтилади. Уялишмаса, рақсга ҳам тушишади. Халқ орасида Мавлуд ўқишни Қуръони карим ўқишдан-да афзалроқ деб ўйлайдиган гумроҳлар бор. Чолғу асбоблар жўрлигида басталаб ўқийдиган тасқаралар ҳам топилади. Айнан мана шу тариқа ўтказилаётган маросимларни ибодат деб билиш нотўғри! Бу хатоликлар мажмуига бидъат дейилганда, Мавлуднинг аслини ҳам бидъат деб тушунмаслик керак.

Мавлудга бидъат деётганлар шояд “Бугунги мавлуд маросимларига кўп бидъат аралаштириляпти” десалар жуда тўғри гапирган бўлишарди. Лекин, масалан, ваҳҳобийлар маросимларга қўшилган бидъатларни эмас, Мавлуднинг аслини инкор этишяпти. У ҳам етмагандек сарвари коинот бўмиш Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) мадҳ этилишига чидай олишмаяпти.