Уйланадиган йигитларга маслаҳатлар
Савол: Уйланадиган йигитларга қандай маслаҳатлар берасиз?
Жавоб: Қуйида ёзилганларга риоя қилган йигитлар бахтли бўлади:
1. Аёлига нисбатан ҳар доим гўзал ахлоқда бўлиш лозим. Аллоҳу таоло гўзал ахлоқлиларни севади, ахлоқсизларни севмайди. Аёлини ранжитиш ҳаромдир. У билан ҳар доим юмшоқ муомалада бўлиш керак. Уйга келгач, салом бериб, аҳволини сўраш, ҳазиллашиб қўйиш лозим. Аёли билан турли ўйинлар ўйнаш савобдир. Ташвишини, душманларини, қарзларини гапириб уни сиқмаслик керак. Ғамгин бўлса, уни жуда севишини айтиб, аҳволини билиш, ширин гаплар гапириш лозим.
Ҳадиси шарифда “Мусулмонларнинг энг яхшиси ва фойдалиси аёлига энг яхши муомалада ҳамда фойдали бўлганидир” деб марҳамат қилинди. (Насоий)
2. Бажариши қийин бўлган ишларни ҳам “Иншаллоҳ қиламан” дея сўз бериб, кўнглини олмоқ. Чунки у ўзига ўрганган дўсти, ҳамдарди, овқатларини тайёрлаб берадиган ва фарзандларини тарбия этадиган фидокор аёлидир.
3. Фарзанд тарбиясида унга ёрдамчи бўлмоқ. Гўдак кеча-кундуз йиғлаб, онасига ҳеч тинчлик бермайди ва уни инсофсизча ранжитади. Шундай экан, унга ёрдам этганга Аллоҳу таоло ёрдам беради.
4. Кучи етадиган бўлса, шу шаҳарда одат бўлган кийим ва зебу-зийнатларнинг энг қимматбаҳосини олиб бериш керак. Кўчага чиқаётганида буларни бекитиб, бегоналарга кўрсатмаслиги лозим. Ҳалолидан энг яхши еб-ичадиган нарсалардан олиш лозим. Овқатни ёлғиз емаслик керак. Оиласи билан бирга ўтириб ейиш савобдир. Уй учун пул бераётганида ортиқча тежамкорлик ҳам қилмаслиги, исроф ҳам қилмаслиги керак. Оиласига, бола-чақасига берилган пулнинг савоби, садақа савобидан ҳам кўп. Оиласига таъмин эта олмайдиган кишининг уйланиши ҳаромдир.
5. Аёли билан яхши муносабатда бўлмоқ. Уни озорламаслик, бақирмаслик керак. Молига ва номусига хиёнат этмаган аёлларни уриш у ёқда турсин, ҳатто ҳеч бир тарзда ранжитиш ҳам жоиз эмас. Дунё ишларидаги қусури учун ҳатто қаттиқ гапирмаслик керак. Аёлларнинг қалблари нозик бўлгани учун бир-бирларини ёқтирмайдиганлари кўп. Шу тарафдан, айниқса, янги уйланган йигитлар ҳушёр бўлиши керак. Онаси, опа-синглиси ва бошқа аёлларнинг аёлини четлашига, бундай гапларнинг гапирилишига йўл бермаслиги керак. Бундай сўзларга алданиб, аёлини ранжитмаслик керак. Онаси ва опа-сингиллари учун аёлининг гапирган гапларига ҳам ҳушёр бўлиши лозим. Онасига азият берилишига имкон бермаслик керак. Онасига ўзи, болалари ва аёли муҳаққақ ҳурмат-эътибор кўрсатиши лозим. Ота-онага, қайнота-қайнонага ҳурмат ва хизмат биринчи навбатда бўлиши керак. Катталарнинг розилигини, дуосини олишга ҳаракат қилиши, хайр дуоларини катта фойда деб билиши лозим.
6. Ёмон феълини юмшоқ қарши олиш керак. У билан яхши муомалада бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Ақлли жуфтлар бир-бирини ранжитмайди. Турмуш ўртоғини ранжитиш, ахмоқлик аломатидир. Феъли ёмон кишининг турмуш ўртоғи давомли равишда хафа бўлиб, асаблари бузилади. Асаб касаллигига учрайди. Бундан турли бошқа ксалликлар келиб чиқади. Жуфти касал бўлган киши маҳзун бўлади. Аёлининг хизмат ва ёрдамларидан маҳрум қолади. Умри унинг дардларига даво излаш билан ўтади. Бутун бу ғам-ташвишларга ўзининг ёмон феъллилиги сабаб бўлган. Афсуски, энди бу пушаймоннинг фойдаси йўқ. Шундай экан, аёлига қиладиган ёмон феъллилиги ўзига бўлади. У билан кулар юзли, ширин сўзли бўлишга ҳаракат қилиш керак.
7. Феъли ўзгарса, айбни ўзида билиб “Мен яхши бўлганимда унинг феъли ёмонлашмасди” дейиш керак.
8. Аёли аччиқланганда, у индамаслиги керак. Шунда у ўзи пушаймон бўлиб, узр сўрайди. Яхшиликларини кўриб, Аллоҳга шукр этиш ва унга дуо этиш керак. Ўзини шундай тутиш керакки, аёли “Эрим мени жуда севади” деб ўйласин.
9. Гуноҳ бўлмаган камчиликларидан кўз юмиш лозим. Гуноҳлардан сақланишини, намоз, рўза ва ғуслда тарк этмаслиги кераклигини ширин ва юмшоқ гап билан тушунтириш лозим. Қимматбаҳо нарсалар олиб беришини ваъда қилиб, ибодатларини қилдиртириш, гуноҳлардан воз кечтириш керак. Айбларини, сирларини барчадан яшириш керак. Қуръон ўқишни, илмиҳолни ўргатиш лозим. Аҳли суннат олимларининг китобларини ўқитиш керак.
10. Унга доим фақат хайр дуода бўлиш керак. Чунки у уйининг назоратчиси, ошпази, тикувчиси, йўлдоши ва турмушдаги дўстидир.
Савол: “Уйланганга Аллоҳ ёрдам беради” деган бир сўз бор. Фақирлиги сабаб уйланмай юрган бири, уйланишга ташаббус кўрсатса, Аллоҳ унга ёрдам этадими?
Жавоб: Агар ҳаромдан қутулиш учун уйланса, албатта, Аллоҳ унга ёрдам этади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Ҳаромдан сақланиш учун уйланганга Аллоҳнинг ёрдами ҳақ бўлади.” (Ибн Моний)
“Уйланиб, ризқ изланг!” (Дайламий)
“Аллоҳу таоло эр-хотиннинг бир-бири билан ҳазиллашишидан хушнуд бўлади ва бу сабабли иккисига ҳам савоб ёзади, ризқларини ҳам ҳалолдан кўпайтиради.” (И.Адий)
“Бир оила бир-бирига яхшилик ва икромда бўлганларида Аллоҳу таоло уларга мўл ризқ беради ҳамда уларни ўз ҳимоясига олади.” (И.Асакир)