Иймон тўғри бўлиш керак
Сезги органлари ва ақлий илмлар кўпинча иймон келтиришга кўмакчилик қилади. Фан илмлари оламдаги низомнинг, тартибнинг тасодифан эмаслигини ва бир яратувчининг борлигини, мана шундай бир мувозанатли дунёда яшаётганимизни тушуниш, билиш ва иймон келтиришга ундайди. Иймон деб, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолодан келтирган илмларини ўрганиб, ишонишга айтилади. Ишониш лозим бўлган бирорта ақида учун, «ақлимга тўғри келса ишонаман» – дейиш, пайғамбарларни инкор қилиш билан баравардир. Дин ақоиди, мутафаккирларнинг ёки олимларнинг ўйлаб топган нарсалари эмас, балки пайғамбарларга Аллоҳу таоло тарафидан ваҳий қилинган қоидалардир. Шунинг учун уларга, «ақлга тўғри келмайди» деб ишонмаслик, пайғамбарларга ишонмаслик бўлади. Тўғри иймонга эга бўлиш учун, севгили пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолодан келтирган бутун қоидаларни, Уларнинг ворислари (меросхўрлари) бўлмиш Аҳли суннат олимларининг китобларидан ўрганиб, китобдагидек ишониш керак. Тўғри ва мақбул иймон соҳиби бўлиш учун, қуйидаги хусусларга ҳам диққат қилиш керак:
1.Иймон давомли ва собит бўлиши лозим. Яъни ҳеч қачон иймондан чиқиб кетишни орзу қилмаслик керак. “Уч йилдан кейин мусулмонликдан чиқаман”- деган кишининг ўша заҳоти иймони кетади.
2.Мўминнинг иймони хавф ва ражо (умид) орасида бўлиши керак. Аллоҳнинг азобидан қўрқиши, лекин раҳматидан ҳечам умидини узмаслиги керак. Ҳар гуноҳдан тийилмоғи керак, худди гуноҳ қилса иймони кетадигандек қўрқиши керак. Шунингдек, агар қилмаган гуноҳи қолмаган бўлса ҳам, Аллоҳу таолонинг марҳаматидан умид узмаслиги лозим. Гуноҳлари учун тавба этмоғи даркор. Чунки тавба қилиб, гуноҳига пушаймон бўлган киши, ҳеч гуноҳ қилмагандек топ-тоза бўлади.
3.Жон (руҳ) ҳалқумга келмасдан аввал иймон келтирган бўлмоғи даркор. Чунки жон ҳалқумга келган вақтда, охиратдаги нарсалар ва ҳатто кетиладиган макон ҳам кўрсатилади. Буни кўрган кофирлар иймон этмоқчи бўладилар. Лекин, иймоннинг ғойибга бўлиши шарт бўлгани учун, уларнинг иймони қабул этилмайди. Кўрмасдан аввал иймон келтириш керак.
Жон ҳалқумга келганда, келтирилган иймон қабул бўлмайди, бироқ аввалдан иймон этган мўминларнинг тавбалари қабул бўлади.
4.Қуёш ғарбдан чиқмасдан аввал иймон келтириш лозим. Қиёматнинг катта аломатларидан бири, қуёшнинг ғарбдан чиқишидир. Буни кўрган бутун инсонлар иймон келтирадилар. Лекин, бу иймонлари қабул қилинмайди. Чунки, қуёш ғарбдан чиққанида тавба эшиклари ёпилади.
5.Ғойибни Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч кимнинг билмаслигига ишониш лозим. Ғойибни фақат Аллоҳу таоло ва У билдирган инсонларгина билишади холос. Малаклар, жинлар, шайтонлар ва ҳатто пайғамбарлар ҳам ғойибни билишмайди. Лекин пайғамбарларга, солиҳ қулларга ва авлиёларга баъзан ғойибни Аллоҳу таоло билдириб туради.
6.Диннинг, иймонга ва ибодатларга тегишли ҳукмини заруратсиз қасддан рад этмаслик лозим. Исломиятнинг амр ва маън қилган нарсаларидан биттасини менсинмаслик, Қуръони каримни, малаклар ва пайғамбарлардан бирини масхара қилмоқ ва улар воситасида билдирилган нарсаларни ҳеч заруратсиз, тил билан инкор этмоқ, куфрга сабаб бўлади. Аллоҳу таолонинг борлигини ва бирлигини, малакларни, ғуслни ва намознинг фарз эканлигини ўлимдан ёки зулмдан қутулиш учун “инкор этдим” - деса, иймони кетмайди.
7.Ислом дини очиқча билдирган ҳукмларда ҳеч шубҳаланмаслик ва иккиланмаслик керак. Намознинг фарз эканлигига; шароб, спиртли ичимликлар, қимор, судхўрлик ва порахўрликнинг ҳаром эканлигига шубҳа назари билан қараш – куфрдир. Ёки машҳур бирон ҳаромга “ҳалол”- дейиш ва ҳалол нарсага “ҳаром”- дейиш инсонни диндан ва иймондан чиқаради.
8.Иймон - Ислом дини қандай билдирган бўлса, шундай бўлиши керак. Ўз ақлининг маъқуллаганига ва файласуф, фан тақлидчиларининг гапларига қараб ишонишга иймон дейилмайди. Ёлғиз, Муҳаммад алайҳиссаломнинг билдирган қоидаларига ишониш орқали ҳақиқий иймонга эришиш мумкин.
9.Иймонли киши, фақат Аллоҳ учун севмоғи ва яна Аллоҳ учун душманлик этмоғи лозим. Яъни Аллоҳнинг дўстлари бўлган бутун мусулмонларни яхши деб билиш ва уларни Аллоҳ йўлида севиш керак. Исломиятга ва мусулмонларга қўли билан, тили билан, қуроли билан, теледастури билан, қалами ёки газетаси билан душманлик қиладиганларни севмаслик керак. Бу душманлик қалбда бўлиши керак.
[Ғайри муслим ватандошларга, туристларга нисбатан мулойим,кулар юзли бўлиш ва уларга чиройли ахлоқ ва тарбиямиз билан динимизни севдиришимиз керак.]
10.Пайғамбаримиз ва Асҳоби кўрсатган тўғри йўлдаги мўминлар каби иймон этиш лозим. Ақидани Аҳли суннат эътиқодига уйғун равишда тузатиш керак. [Аҳли суннат олимлари ёзган, ҳақиқий дин китобларига тобеъ бўлган мусулмонларга, юзта шаҳид савоби берилади. Тўрт мазҳабдан бирида бўлган олимларга Аҳли суннат олими дейилади. Аҳли суннат олимларининг раиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларидир. Бу олимлар, Асҳоби Киромдан ўрганганларини китобларига ёзганлар, Асҳоби киром эса ўз навбатида, буларга Расулуллоҳдан эшитганларини ўргатганлар.]