Аёлнинг эри устидаги ҳақлари
Савол: Аёл билан яхши муносабатда бўлишнинг йўли нимада?
Жавоб: Аёлининг гўзал ахлоқли бўлишини истаган эр, аввал ўзи гўзал ахлоқли бўлиши керак. Қуръони каримда инсонга келадиган мусибатлар қилган гуноҳлари сабабли эканлиги билдирилган. Шундай экан, динимизнинг амр ва тақиқларига риоя этган киши, аёли билан яхши муносабатда бўлади.
Алиййул Хавас ҳазратларидан аёли аразлаб қолганди. Эрига норозилигини кўрсатиш учун алоҳида чойнак-пиёла қўллана бошлади. Бир куни Алиййул Хавас ҳазратлари янглишиб, аёлининг чойнагидан чой ичганида аёли бу чойнакни синдирди. Ҳазрат ҳатто “Нега чойнакни синдирдинг?” демаган, ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутганди.
Усмон ал-Хаттоб ҳазратларининг қўшниси Нуриддин Шуний жаноблари айтади: Бир кечаси ташқарига чиқиб, у ерда эски бир чопонга ўралиб ётган кишини кўрдим. Ундан “Кимсан, нимага бу ерда ётибсан” деб сўрадим. У “Қўшни, мен Усмон ал-Хаттобман. Ўғлимнинг онаси мени уйдан қувганлиги учун кўчага чиқдим, у жаҳлидан тушгунча шу ерда ётишга қарор қилдим” деб жавоб берди.
Ёмон феълли аёл
Ибн Абил Ҳамайил-и Саврий ҳазратларининг аёли ёмон феълли эди. Эрига оғзига келганини гапирар, унга тинчлик бермасди. У муборак зот ҳам сабр қиларди. Бир куни аёлининг беҳузурлигидан қутулиш учун учиб қочди. Аёли унга қараб “Буни қаранглар, учиб қочиш билан қўлимдан қутуламан деб ўйлаяпти” дея гапирганди. Биз кабиларнинг учиш қўлимиздан келмаганига кўра, ғавғодан, тортишувдан узоқ туришга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳақли эканлигимизни исботлашга уринмаслигимиз лозим.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Мўмин киши аёлига аччиқланмасин. Ёмон феъли бўлса, яхши феъли ҳам бўлади.” (Муслим)
“Аёл заиф қилиб яратилган. Заифлигини индамай енгинг. Уйдаги қусурларидан кўз юмишга ҳаракат қилинг.” (Ибн Лал)
“Мусулмонларнинг имон тарафидан энг устуни, ахлоқи энг гўзал бўлгани, аёлига энг яхши шаклда, лутф билан муносабатда бўлганидир.” (Термизий)
“Мусулмонларнинг энг яхшиси, энг фойдалиси аёлига энг яхши, энг фойдали бўлганидир. Сизларнинг орангизда аёлига энг фойдали, энг хайрли, энг яхши бўлгани менман.” (Насоий)
“Эри рози бўлмагунча аёлнинг ҳеч бир намози ва яхшиликлари қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Аёлнинг намозлари қабул бўлмайди” дегани намоз қарзидан қутулади, фақат намоз ўқишдан ҳосил бўладиган катта савобларга қовушолмайди деганидир. Намози бекорга кетади дегани эмас.
Бир аёлдан эри рози бўлмайдиган бўлса, бу аёл гуноҳининг азобини тортгандан кейин Жаннатга киради. Жаннатга фақат кофирлар кирмайди. Мусулмон одам гуноҳи кўп бўлса ҳам, охирида албатта Жаннатга киради. Қуръони каримда маолан “Яхши аёллар Аллоҳга итоат этади ва эрларининг ҳақларини бажаради. Эрлари йўқлигида уларнинг номусини ва молларини Аллоҳнинг ёрдами билан ҳимоя этади” деб буюрилган. (Нисо, 34)
Эр уйига келганда аёлига салом бериб, аҳволини сўраши, ташвиш ва қувончига шерик бўлиши керак. Чунки у бошқалардан умидсиз ва ёлғиз ўзига ўрганган, ҳамдард, севинтирувчи, болаларини ўстирувчи ва турли эҳтиёжларини кетгизувчидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Аёлини ноҳақ урган кишига қиёматда мен талабгор бўламан. Аёлини урган Аллоҳ ва Расулига осий бўлади.” (Р.Насиҳин)
“Аёлларингизга азият берманг. Улар Аллоҳу таолонинг сизларга омонатидир. Уларга юмшоқ муомалада бўлинг, яхшилик қилинг.” (Муслим)
“Аёлига табассум билан боққан эрнинг амал дафтарига бир қул озод этгандек савоб ёзилади.” (Р.Насиҳин)
“Аёли билан яхши муомалада бўлиб, ҳазиллашган кишини Аллоҳу таоло севади, ризқини орттиради.” (И.Лал)
Савол: Тонгдан шомгача овқат пишириш, кир ювиш, тикиш каби ишлар билан шуғулланаман. Эрим келганида чарчоғимни ёзишини хоҳлайман. Эшикдан қовоғини осиб киради, ҳеч кулимсирамайди. Салом бермайди. Бир кун бехосдан овқат шўр бўлиб қолса, аразлаб овқатланмайди. Ҳеч нарсага рози бўлмайди. Доим камчилик излайди. Бу одамни қансдай тузатса бўлади?
Жавоб: Эридан шикоят этган аёллар, аёлидан шикоят этган эрлар худди дардига даво топадигандек биздан маслаҳат сўрайдилар. Ҳолбуки биз давомли ёзмоқдамиз. Ўзлари ҳам бироз риоя этиши, эътиборли бўлиши керак. Одатда ғавғога икки тараф ҳам сабаб бўлади. Бири ўзини босиб, узр сўраса, жанжал кучаймайди. Ҳар икки тараф ҳам мен ҳақман деса, жанжал тугамайди. Айб одатда эркакларда бўлади. Аёлини бошқара олмаган эр ожиз деганидир. Аёлини ёмон йўлга туширган ҳам эркаклардир. Аёлини ёмон жойларга олиб боради, кейин аёли ёмон иш қилса, айбни хотинига юклайди. Аёлни айбсиз демоқчи эмасмиз. Фақат асл айбдор эридир. Унга яхши шароит қилиб бериш керак. Буни қилишдан ожиз бўлган киши бўйнига оила жавобгарлигини олмаслиги лозим.
Ҳар икки тараф мен ҳақман деса, бу уйда жанжал тугайдими? Бир эр шундай ёзганди: “Уйимизда ҳаммаёқ бетартиб. Аёлим дуруст овқат пишира олмайди. Уйда юрганда ўзига қарамайди, кўчага чиқадиган бўлса, безаниб чиқади. Кўп гапиради, тинглашни билмайди ва тежамкор эмас.”
Бир неча маслаҳатимиз бор. Фақат маслаҳат, насиҳатдан нимаям чиқарди, демаслик керак. Амал қилганга, тинглаганга кўп нарса чиқади. Бас шундай экан, амал қилсин, тингласин. Чунки Қуръони каримда “Насиҳат мўминларга албатта ёрдам беради” деб буюрилган. (Зарият, 55)
Ҳадиси шарифда “Ахлоқингизни гўзаллаштиринг” деб марҳамат қилинган. (И.Лал)
Ахлоқни ўзгартириш мумкин бўлгани учун шундай дейилган. Ҳолбуки дин гўзал ахлоқ деганидир. Диннинг амрига бўйсуниб, тақиқларидан сақланган киши феълини ўзгартириб, гўзал ахлоқли бўлади. Гўзал ахлоқли бўлган эса икки дунёда роҳат яшайди. Энди асосий масалага ўтамиз.
Банда бўлгандан кейин камчиликлари бўлади. Камчиликсиз дўст излаган, дўстсиз қолади. Камчиликсиз турмуш ўртоқ излаган тополмайди. Йигитлик камчиликли инсон билан яхши муносабатда бўлиш деганидир.
Уйда ҳеч бир нарсани камчиликли қилиб кўрмаслик керак. Танқид, тортишув бир оиланинг йиқилишига ёки тинчини йўқотишига олиб келади. Шуни яхши билиш керакки, фақат эр-хотин эмас, ҳеч ким танқиддан хурсанд бўлмайди. Барча тақдирланишни истайди. Одатда аёллар безакларга берилган бўлади, кийимларига эътиборлидир. Олган бир либоси учун “Бу кийим сенга жуда ярашди” десак ҳеч нарса йўқотмаймиз. Чунки динимиз аёли билан яхши муомалада бўлиш учун ёлғон гапиришни жоиз қилган. Ҳақ бўлган тақдиримизда эса бундан тийилиш ахмоқликдир.
Бир аёл учун энг катта бахт, эрининг уни тақдирлашидир. Айниқса, аёллар оддий нарсаларга диққат этадилар. Байрамларда, муборак кечаларда, тўйлари ўтган санада кичкина бўлса ҳам совға беришни унутмаслик керак.
Бир аёл йиллар давомида гўзал таомлар пиширарди. Бунга қарамай эридан кичкина бўлса ҳам тақдирланиш, раҳмат эшитмасди. Бир куни ичига сомон солинган бир идишни оғзини бекитиб, овқатлар билан бирга дастурхонга қўяди. Эри идишни очиб, сомонни кўргач жаҳлланиб “Бу нима, сомон ейиладими? Мен ҳайвонманми сенга?” дея дағдаға қилади. Аёл “Қанча йиллардан бери ширин таомлар пишираман. Эрим яхши билан, ёмонни ажрата олмайди, шекилли. Олдига нима қўйса, еяверади, деб ўйладим. Энди фақат ёмонни кўришинг, яхши нарсани ҳеч билмаслигинг аниқ бўлди” деди.
Ёмонни танқид этишни билган, яхшини тақдирлашни ҳам билиши керак. Тақдирлашдан ожиз бўлган, танқиддан ҳам воз кечиш керак. Ёқтирган таомлари ва хизматлари учун раҳмат айтгани каби ёқмаганлари учун ҳам раҳмат айтиш лозим. Чунки ёқмаган таоми учун шу меҳнатни қилди. Бири бизга бир ёнғоқ ҳадя этсада, у ҳам қуртлаган бўлса, унга аччиқланиш керакми?
Бегонага кўрсатиладиган мулойимликнинг ҳеч бўлмаса, ўндан бирини уйда эр-хотин бир-бирига кўрсатиши керак. Қўполлик севгини сўндиради, беҳузурликка йўл очади. Масалан, бегона кишига “Яна айтган нарсаларингни гапиряпсан” дея олмаганимиз ҳолда уйда “Яна шу гапларни гапиряпсанми” дейишимиз мулойимликдан қанчалик узоқ эканлигимизни билдиради.
Уйдаги бахтлилик, ишхонадаги мулойимликдан анча муҳимдир. Ҳузур миллиардлаб пул топишдан ҳам аҳамиятлидир. Шундай экан, мулойим ва кулар юзли бўлган кишининг уйида совуқчилик бўлмайди.
Пайғамбар жанобимиз уйга кулимсираб кирар, салом берарди. Бошида ташвиши бўлса ҳам, табассумни тарк этмаслик керак. Чунки ҳаракатларимиз сўзларимиздан кўра қаттиқроқ таъсир этади.
Табассум оловида эримайдиган маъдан йўқ. Кулимсираш орқали қалбларни забт этиш мумкин. Бир табассумга асир бўлган ёш йигит қизнинг ҳеч бир камчилигига қарамай унга уйланиши мумкин.
Мусулмон кулар юзли, мунофиқнинг эса қовоғи солинган бўлади. Табассум бедаводир, олганни хушнуд қилади, берганни қийнамайди. Баъзан бир табассумнинг хотираси умр бўйи унутилмайди. Ҳузурнинг калити табассумдир. Табассум этолмайдиган киши бечорадир. Кулимсирашни билиш дунё ва охират саодатига сабаб бўлади.