Ота-онанинг фарзанди устидаги саксон ҳақи
Савол: Ота-онанинг фарзанди устида қанақа ҳақлари бор?
Жавоб: Имом Насафий ҳазратлари билдиради: Ота-онанинг фарзандлари устида саксон ҳақи бор. Қирқтаси ҳаётлигида, қирқтаси вафотидан кейин. Ҳаётлигидаги қирқ ҳақдан ўнтаси бадан билан, ўнтаси тил билан, ўнтаси қалб билан, ўнтаси пул биландир.
Бадан билан бўлган ҳақлари:
1. Хизматларини қилиб, розиликларини олмоқ. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ота-онасига хизмат қилганнинг умри баракали ва узун бўлади.” (Ислом ахлоқи)
“Ота-онасини динга мос хизматлари билан рози қилган, Аллоҳу таолони рози қилган бўлади. Уларни ғазаблантирган, Аллоҳу таолони ғазаблантирган бўлади.” (Ибн Нажжор)
“Ота-онаси ўз ёнида кексайиб (розиликларини ололмасдан) Жаннатга эришмаганнинг ҳолига вой.” (Термизий)
Ҳасан Басрий ҳазратлари Каъбани тавоф этаётганида елкасига бир юк ортиб олган бирини кўриб деди:
- Нимага юк кўтариб олиб, тавоф этяпсан?
- Бу юк эмас, отам. Уни Шомдан етти марта елкамда кўтариб келиб, тавоф этдим. Чунки менга динимни, имонимни ўргатди. Мени ислом ахлоқи билан тарбиялади.
- Қиёматгача елкангда кўтариб юрсанг ҳам, агар бир кўнглини ранжитиб қўйсанг, қилган хизматларинг бекорга кетади. Бир марта кўнглини олсанг, шунча қилган хизматларингни ўрнини босади.
Ота-онага хизматни нуқсон билан қилмаслик керак. Ҳазрати Ибн Аббос “Ота-онага нисбатан муносабатда ожиз, кучсиз бир қулнинг қаттиққўл ва қўпол хўжайинига бўлган муносабатида бўл” деди.
Онага ҳурмат ва хизмат отадан аввал келади. Ҳадиси шарифларда:
“Онага қилинган яхшиликнинг ажри икки баробардир.” (И.Ғазолий)
“Аввал онага, сўнгра отага, опа-синглингга, ака-укангга ва тартиби билан бошқа яқинларингга яхшилик қил.” (Насоий)
“Вайсал Каронийнинг қовушган бутун эҳсон ва даражалари онасига қилган яхшиликлари сабаблидир.” деб марҳамат қилинди. (Р.Насиҳин)
“Ё Расулуллоҳ! Онам мушрик, унга яхшилик қилсам жоизми?” деб сўраганга “Ҳа, онангга яхшилик ва эҳсонда бўл” деб марҳамат қилинди. (Абу Довуд)
Ҳар бир пайғамбар ўз онасидан ҳам устун бўлади. Шунга қарамай пайғамбарлар ҳам оналарига ҳурмат кўрсатган, хизматини қилган.
Кофир бўлган ота-онага хизмат қилиш, нафақаларини бериш, зиёрат этиш керак. Куфрга сабаб бўладиган нарсаларни қилдиришидан қўрқса, зиёрат қилишга бормайди. (Баззозия)
Ҳазрати Мусо Жаннатдаги қўшниси ким бўлишини Ҳақ таолодан сўраб билади. Унинг ёнига боради. У киши қассоб экан. Қассоб бир парча гўшт пиширади. Сўнгра осилган замбилни тушириб, у ерда ўтирган жуда заиф бир аёлга сув ва гўшт беради. Уст-бошини тозалаб, қайтадан замбилга қўяди. Қассоб “Бу онам, кексайганидан кейин шу аҳволга келди. Эрталаб ва кечқурун шу тарзда боқаман” дейди. Қассобнинг онасининг “Ё Рабби! Ўғлимни Жаннатда Мусо алайҳиссаломга қўшни қил!” деб дуо қилганини Мусо алайҳиссалом эшитиб қассобга “Хушхабар, Аллоҳу таоло сени Мусо алайҳиссаломга қўшни қилди” дейди. (Ширъа)
2. Яхшилик қилмоқ. Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун фарз. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ота-онасига яхшилик қилган фарзанд Пайғамбарлар билан бирга Жаннатга киради.” (И.Рофий)
“Ота-онасига яхшилик қилганнинг умри узун ва ризқи баракали бўлади.” (И.Аҳмад)
“Ота-онангизга эҳсон қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга эҳсон қилади.” (Табароний)
“Сен ҳам, молинг ҳам отангга тегишлидир.” (Ибн Можа)
3. Осий бўлмаслик, қарши чиқмаслик. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ота-онага қарши чиқиш катта гуноҳдир.” (Бухорий)
“Ота-онасига осий бўлган фарзанд Жаннатга кирмайди.” (Насоий)
“Ота-онасига қарши чиққан фарзанднинг умри баракасиз ва қисқа бўлади.” (Ислом ахлоқи)
Имони бўлганлардан Жаҳаннамдан энг охирида чиқадиганлар булар – Аллоҳу таолонинг йўлида бўлган ота-онасининг исломиятга мос амрларига осий бўлганлардир.
Ота-онанинг ва ҳеч кимнинг динга тўғри келмайдиган амрлари бажарилмайди. Фақат ота-онага шунда ҳам ширин гапириш, кўнглини оғритмаслик керак.
Ота-она кофир бўлса, черковдан, майхонадан ҳатто елкасида кўтариб бўлса ҳам уйга олиб келиш лозим. Фақат у ерларга олиб бориш керак эмас. Ота-она золим бўлса ҳам, улар билан қаттиқ оҳангда гапириш жоиз эмас.
“Ота-онам жуда шафқатсиз. Уларга қандай итоат этайин” деб сўраган кимсага Расулуллоҳ жанобимиз “Онанг сени 9 ой қорнида кўтариб юрди. 2 йил эмизди. Сени улғайтгунча қўйнида ва қучоғида олиб юрди. Отанг ҳам сени ўстиргунча бир қанча заҳматларга дуч келди. Еб-ичишингни, кийинишингни таъминлади. Сенга динини, имонини ўргатди. Сени ислом тарбияси билан тарбиялади. Энди қанақасига шафқатсиз бўлиб қолди? Бундан ҳам ортиқ шафқат бўладими?” деб жавоб бердилар. (Эй ўғил илмиҳоли)
“Ё Расулуллоҳ! Қари онамга қўлим билан едириб-ичираман. Таҳоратини олдираман, елкамда кўтариб юраман. Ҳақини ўтаган бўламанми?” деб сўраган кишига дедиларки: “Йўқ, юздан бирини ҳам ўтаган бўлмайсан. У сенинг яшаб кетишинг учун хизмат қиларди, сен эса унинг ўлимини кутиб хизмат қиляпсан. Аммо Аллоҳу таоло бу оз яхшилигинг эвазига жуда кўп савоб беради.” (Р.Насиҳин)
Бир зот “Ё Расулуллоҳ! Ота-она зулм этса ҳам, розилигини олмаган фарзанд Жаҳаннамга тушадими?” деб сўраганида, унга жавобан 3 марта “Ҳа, зулм қилсалар ҳам, розилигини олмаган Жаҳаннамга тушади” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий)
Шундай экан, ота-она золим бўлиб, фарзандга зулм қилсалар ҳам, гуноҳ ишлашни амр этсалар ҳам, уларни ранжитмасликка, хафа қилмасликка ҳаракат қилиш керак. Гуноҳ бўлган амрлари бажарилмайди, аммо уларни ранжитадиган гап гапириш ҳам жоиз эмас.
Ота-она ёмон бўлса ҳам улар билан яхши муносабатда бўлиш лозим. Уларни зиёрат қилишни тарк этиш, катта гуноҳдир. Ҳеч бўлмаса, бировдан салом айтиб юбориб, хат ёзиб, телефон қилиб бу гуноҳдан қутулиш керак.
Қуръони каримда 3 нарса 3 нарса билан бирга билдирилди. Бири бажарилмаса, иккинчиси қабул бўлмайди. Пайғамбарга итоат бўлмаса, Аллоҳга итоат этилган бўлмайди. Ота-онага шукр этилмагунча, Аллоҳу таолога шукр этилган ҳисобланмайди. Молининг закотини бермагунча, намозлари қабул бўлмайди. (Тафсир-и Муғний)
4. Итоат этиш, қарши чиқмаслик, гуноҳ бўлмаган амрларини бажармоқ.
Ҳазрати Мусо Аллоҳу таолодан 9 марта насиҳат сўради. Барчасида ота-онага итоат этиши амр этилди. Ҳадиси шарифда “Ота-онага итоат Аллоҳга итоатдир, уларга осий бўлиш Аллоҳга осий бўлишдир” деб буюрилди. (Табароний)
Отасига осий бўлган кимса фарзандидан мурувват кўрмайди, муродига етолмайди, оиласи билан муносабатлари бузилади, уйининг тинчи бузилади. (Ширъа)
5. Қаттиқ тикилмаслик, шафқат билан, севги билан боқмоқ. Ота-онасига шафқат, севги билан бир марта боқса, қабул этилган бир ҳаж савобига қовушади. Пайғамбар жанобимиз “Ота-онанинг юзига марҳамат билан қараганга ҳаж ва умра савоби берилади” деб марҳамат қилганларида “Кунига минг марта қараса ҳамми?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ уларга жавобан “Кунига юз минг марта боқса ҳам...” дедилар. (Р.Насиҳин)
Яна марҳамат қилдиларки: “Ота-онанинг юзига марҳамат билан боқиш ибодатдир.” (Абу Нуайм)
6. Ранжиитмаслик, хафа қилмаслик, розиликларини олмоқ. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Раббининг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби ҳам уларнинг ғазабидадир.” (Бухорий)
“Ота-онанинг кўнглини олган мўминга Жаннатнинг икки эшиги, ранжитганга ҳам Жаҳаннамнинг икки эшиги очилади.” (Байҳақий)
“Ота-онасини рози қилган мўмин нима қилса, қилсин, Жаҳаннамга тушмайди. Ранжитган эса Жаннатга кирмайди.” (Ширъа)
“Ҳақ таоло баъзи гуноҳларнинг жазосини қиёматга қадар кечиктиради. Ота-онага қарши исён қилиш бундан мустаснодир.” (Ҳаким)
Орта-онани ранжитиш, уларни хафа қилиш катта гуноҳдир. Ота-онанинг ёки бошқа ҳеч кимнинг гуноҳ бўлган амрлари бажарилмайди. Ота-онанинг таомларида ҳаром аралашгани шубҳали бўлса, ота-она фарзандини бу таомдан ейишга мажбурласа, фарзанднинг бу таомдан ейиши керак. Чунки шубҳали нарсалардан сақланиш ваъро, ота-онанинг амрини бажариш эса вожибдир. Фақат динга тўғри келмайдиган амрлари бажарилмайди. Масалан, улар “Ичкилик ич, намоз ўқима, бўлмаса сендан рози бўлмаймиз” десалар ҳам ҳаром бўлган нарсалар бажарилмайди. Чунки “Холиққа исён бўлган ишда итоат этилмайди” деган буйруқ бор. Ҳақ таоло “Биз инсонларга ота-онасига яхши муомалада бўлишни тавсия этдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсаларни менга шерик қилишга мажбурласалар, уларга итоат этма!” деб буюрди. (Анкобут, 8)
Ота-онаси гуноҳ ишлайдиган фарзанд уларга бир марта насиҳат қилади. Агар қабул этмаслар, бошқа гапирмайди. Уларни дуо қилади.
7. Рухсатисиз сафарга чиқмоқ. Ҳажга бораётганда муҳтож бўлмаган ота-онадан рухсат олиш суннатдир. Ота-она муҳтож бўлса, рухсатсиз кетиш ҳаромдир. Ота-онаси муҳтож бўлмаган кимса, уларнинг рухсатисиз фарз бўлган ҳажга кета олади. Фақат нафила бўлган ҳажга рухсатсиз бора олмайди. (Радд-ул мухтор)
Жиҳодга боришни истаган бир кимсага Пайғамбар жанобимиз ота-онасининг соғ эканлигини билгач “Шу ерда қол, уларга хизмат қил, уларга хизмат ҳам жиҳоддир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Жиҳодга боришни истаган бошқа бирига “Онангнинг ёнидан ажралма! Жаннат унинг оёғи остидадир” дедилар. (Насоий)
Бир кимса ҳижрат учун келиб “Ё Расулуллоҳ! Ота-онамни йиғлатиб келдим” деди. Пайғамбар жанобимиз бу ҳолатга ранжиб “Дарров ортингга қайт, уларни йиғлатганингдек, энди уларни кулдир!” дедилар. (Абу Довуд)
Ота-онани зиёрат этмаслик, улардан хабар олмаслик катта гуноҳдир. Ҳеч бўлмаса салом айтдириб юбориб, хат жўнатиб бу гуноҳдан қутулиш керак.
8. Ҳурмат-икром кўрсатишни қусурли қилмаслик керак. Ҳадиси шарифда “Катталарни ҳурмат қилмаган биздан эмас” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Уларни кўрганда ўрнидан туриш, ёнларига бориш, улар ўтирмагунча ўтирмаслик лозим. Ўтирганда ҳам одоб билан ўтириш, оёғини узатиб, чалиштириб ўтирмаслик керак. Улар менга ҳеч нарса демайди, деб бу нарсаларга лоқайд бўлмаслик лозим.
9. Улар билан йўлда кетаётганда ортларидан юриш. Заруратсиз олдиларига ўтмаслик.
10. Чақирганда дарров олдиларига бормоқ, лаббай демоқ. Ота-она чақирганда фарз намозни бузиш жоиз бўлса ҳам, эҳтиёж бўлмаса бузмаслик керак. Суннат намозлар бузилади. Ҳақ таоло “Ё Мусо, менинг назаримда энг оғир ва катта гуноҳ борки, у ҳам ота-она фарзандини чақирганда амрига бўйсунмасликдир” деб буюрди. (Ислом ахлоқи)
Тил билан бўлган ҳақлари:
1. Юмшоқ гапирмоқ, тавозеда бўлмоқ. Уларнинг гапларига уф тортмаслик. Ҳақ таоло “Биз инсонларга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия этдик” деб буюрди. (Аҳқоф, 15)
“Раббингиз ёлғиз ўзига қуллик этишингизни, ота-онангиз билан ҳам яхши муомалада бўлишингизни амр этди. улардан бири ёки иккиси ҳам ёнингда сен билан бирга кексайса, уларга ҳеч қачон уф тортма, оғир сўз сўзлама, улар билан юмшоқ ва ширин муомалада бўл, уларга раҳм-шафқатда бўл, улар учун “Раббим, мени кичиклигимдан ўстириб-улғайтганлари каби сен ҳам уларга марҳамат эт” деб дуо эт.” (Исро, 23-24)
Ҳасан Басрий ҳазратлари “Олим бир фарзанднинг ота-онаси кофир бўлсалар ва қудуқдан сув чиқариш учун унга муҳтож бўлсалар, фарзанд бир неча челак сув чиқаргангандан кейин уф тортса, бу сабабдан бутун амалларининг савоби йўқ бўлади” деб айтди.
2. Гаплашаётганида овозини уларнинг овозидан баланд кўтармаслик.
3. Уларнинг ёнларида кўп гапирмаслик, одоб сақламоқ. Ота-онаси билган нарсаларини гапирса ҳам, яна шу нарсаларми демаслик. Аввал ҳеч эшитмагандек жон қулоғи билан тингламоқ.
4. Қўпол, кўнглини ранжитадиган ва жаргон сўзларни гапирмаслик. Масалан, ота-онасига ака ёки укасини назарда тутиб “Ўғлингиз шундай қилди. Агар шу ишни мен қилганимда бошимда ёнғоқ чақардингиз” ёки “Она, шу неварангизни жуда эркалатиб юбордингиз. Гапга қулоқ солмай қўйди” каби сўзлар билан уларни ранжитмаслик керак. Болаларини ота-онанинг ёнида урмаслик, озор бермаслик керак. Бундай ҳолатлар ҳам ота-онани хафа қилади.
5. Аёлини улардан устун кўрмоқ. Пайғамбар жанобимиз “Аёлини онасидан устун кўрганга лаънат бўлсин! Унинг фарз ва бошқа ибодатлари қабул бўлмайди” деб марҳамат қилдилар. (Ширъа)
6. Ота-онасини исмлари билан чақирмаслик, сўзларини кесмаслик, гапларига суқилмаслик керак. Ўзини билағон қилиб кўрсатмаслик. Ота-она нотўғри, янглиш гапирса ҳам, ундай эмас деб эътироз билдирмаслик керак.
7. Ота-онасини бир-бирига қарши қилиб қўядиган сўз ва ҳаракатлардан узоқ туриш керак. Ота-она билан ўғил ёки қизни ҳам қарши қилиб қўймаслик керак. Айниқса келинлар ота-она билан ўғилларини бир-бирига қарши қилиб қўядиган сўзлардан сақланиш керак. Пайғамбар жанобимиз “Она билан ўғилни бир-бирига қарши қилганга лаънат бўлсин” деб марҳамат қилгандилар. (Гуня)
8. Гаплашаётганида ундоқ қилинг, мундоқ қилинг деган ифодаларни қўлланмаслик. Қила оласизми деган илтимос билан гапириш керак.
9. Хайр дуоларини олмоқ. Ота-она дуосини ғанимат билмоқ. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Уч кишининг дуоси қабул бўлади. Ота-она, мазлум ва мусофирнинг дуоси.” (Термизий)
“Ота-онанинг дуоси илоҳий пардага етиб боради. Дуолари қабул бўлади.” (Ибн Можа)
10. Баддуоларини олмаслик. Ҳадиси шарифларда:
“Ота-онанинг фарзандига, мазлумнинг золимга қилинган баддуолари қайтарилмайди.” (Термизий)
“Ўзингизга, фарзандингизга ва молингизга баддуо этманг. Дуоларингиз қабул бўладиган бир соатга тўғри келиб қолса, баддуонгиз қабул бўлади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
Ота-она чақирган вақт қандай иш билан машғул бўлсанг ҳам, уни ташлаб уларнинг ҳузурига чоп! Ота-онанг сенга жаҳли чиқиб, бақирса, сен уларга ҳеч нарса дема! Ота-онанинг дуосини олишни истасанг, буюрган ишларини тез ва гўзал қилиб бажаришга ҳаракат қил. Бажарган ишингни ёқтирмай сенга аччиқланишларидан ва баддуо этишларидан қўрқ! Сенга жаҳллансалар ҳам, сен уларга қаттиқ гапирма! Ҳамон қўлларини ўпиб, ғазабини бос. Ота-онанинг қалбидан нима кечаётганини сезгин. Чунки сенинг саодат ва фалокатинг уларнинг қалбларидан чиққан сўзга боғлиқдир. Ота-онанг касал ёки қари бўлса, уларга ёрдам эт. Саодатингни улардан оладиган хайр дуода деб бил. Агар уларни ранжитиб, баддуоларини оладиган бўлсанг, дунё ва охиратинг хароб бўлади. Отилган ўқ ортга қайтмайди. Улар ҳаёт экан, қадрини бил!
Қалб билан бўлган ҳақлари:
1. Раҳмдил, марҳаматли бўлмоқ. Ҳадиси шарифда “Марҳамат этмаганга марҳамат этилмайди, ачинмаганга ачинилмайди” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
2. Уларни севмоқ. Ҳар бир фурсатда ота-онанинг қўлини ўпиб, севишини уларга ҳис этдириш керак. Ҳадиси шарифда “Онасининг оёғини ўпган, Жаннатнинг эшигини ўпган бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
3. Қувончларига шерик бўлмоқ. Бир нарсага қувонганида “Қандай яхши, хайрли бўлсин” каби сўзлар билан ўз мамнуниятини билдирмоқ.
4. Ташвиш-ғамларига ҳамдард бўлмоқ. Бир нарсага қайғурсалар, ўзларининг ҳамдардлигини билдирмоқ.
5. Кўп гапиришларидан ранжимаслик. Ранжиса ҳам буни умуман билдирмаслик.
6. Жабр-ситамларига аччиқланмаслик. Сўзларини эшитмагандек ҳаракат қилиш лозим.
7. Улардан рози бўлмоқ. Нима қилиб бўлса ҳам, уларнинг розилигини олишга ҳаракат қилиш керак. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таолонинг розилиги ота-онанинг розилигидадир” деб марҳамат қилинди. (Р.Насиҳин)
8. Уларни ранжитиб қўйишдан жуда қўрқиш. Исро сурасининг 23-ояти каримасида ота-онага яхши муомалада бўлмоқ, уларга юмшоқ ва ширин сўзли бўлмоқ амр этилмоқда. Ғафлатда бўлиб ота-онанинг қалбини оғритадиган бўлсанг, дарҳол уларнинг розиликларини олишга ҳаракат қил. Ялин, ёлвор, хуллас нима қилсинг қил, уларнинг кўнглини ол.
9. Эркалик, хархаша қилмаслик. Аксинча уларнинг эркаликларини кўтариш. Чунки ота-онамиз биз кичиклигимизда бизнинг кўплаган эркалик, хархашаларимизга чидадилар. Энди эркаланиш навбати уларда эканлигини унутмаслигимиз керак.
10. Ташвиши кўп бўлса ҳам, ўлса-ю қутулсак деб ўйламаслик керак, кўп умр суришларини орзу этиш лозим. Улар биз сабабли кўп ташвиш тортсалар ҳам, бизнинг яшаб кетишимизни истадилар. Керак бўлганда ўзлари оч қолсалар ҳам, бизни тўқ тутдилар.
Мол-мулк, пул билан бўлган ҳақлари:
1. Кийимни ўзидан аввал уларга олиш. Ўзи еяётган таомнинг яхшисини уларга бериш керак.
2. Узоқда бўлсалар, зиёрат этишга бормоқ. Ота-она ва маҳрам қариндошларни зиёрат этиш вожибдир. Ҳеч бўлмаса, салом айтдириб юбориб ёки хат жўнатиб бу гуноҳдан қутулиш керак. Зиёратнинг тартиби аввало ота-она, сўнгра фарзанд, бобо, буви, ака-ука, амаки, амма, тоға ва холадир.
3. Бирга овқатланиш.
4. Орзу-истакларини билмоқ, сўраб уларни бажармоқ.
5. Уйларини тозаламоқ, таъмирламоқ.
6. Пул бермоқ. Балки эҳтиёжлари бўлса ҳам, айта олмасликлари мумкин.
7. Мол-мулк, пулни уларнинг ихтиёрига бермоқ. Қачон истасангиз пулим, мол-мулким сизнинг ихтиёрингизда дейиш керак, агар бир хафагарчилиги бўлса бу билан уларга таскин бериш лозим. Нариги дунёда ота-онага сарфланган пул учун савол-жавоб бўлмайди. Муҳтож бўлган ота-онага ёрдам бериш фарздир. Қуръони каримда маолан “Ота-онага, қариндошга, етимларга, йўқсилларга, мусофирларга пул, мол-мулк билан ёрдам беринг!” деб буюрилган. (Бақара, 215)
Кимга ёрдам беришни сўраган кимсага Расулуллоҳ жанобимиз “Ўзингга, ота-онангга, сўнгра аёлингга ва фарзандларингга, хизматчингга, ундан бошқасини ўзинг биласан” деб марҳамат қилдилар. (Насоий)
Агар аёл кишининг отаси касал бўлиб, қарайдиган ҳеч кими бўлмаса, аёл эридан рухсатсиз бориб хизматини қилади. Зиммий отага ҳам юқоридагидек. Фарзанд бой бўлган отага қарашга мажбур эмас. (Баззозия)
Бой фарзанднинг фақир ота-онасига нафақа бериши фарздир. Фақир кимсанинг фақир ота-онасига нафақа бериши фарз эмас. Фақир ота-онасини ўз уйига олиб, бирга яшайдилар. (Фатавоий хайрия)
Ота-онадан бирига яхшилик қилса, улардан наригиси бунга ранжиса, отага ҳурмат ва итоат этади, онага хизмат, ёрдам ва эҳсон қилиши керак.
8. Вақти-вақти билан тансиқ таомлар тайёрлаб, меҳмонга чақирмоқ. Кўнгиллари истаса ҳам. балки айта олмасликлари мумкин.
9. Дўстларини дўст билиб, меҳмонга чақириб, кўнгилларини олмоқ. Душманларидан ҳам узоқ туришга ҳаракат қилмоқ.
10. Хасталанган вақтида даволатмоқ. Уларга бир хизматчи ёллаш ўрнига ўзи бориб хизмат қилишга ҳаракат қилиш лозим.
Вафотларидан кейинги 40 ҳақи:
1. Дафнларида эрта ҳаракат қилмоқ.
2. Суннатга мос ҳолда ювмоқ. Бу ишни билган яхши одамларга ювдириш керак.
3. Суннатга мос кафанламоқ.
4. Жоиз бўлмаган кафан қилмаслик.
5. Суннат бўлган рақамга диққат этмоқ. Эркакларга 3 парчадан ортиқ қилмаслик.
6. Кафанда исроф этмаслик.
7. Ҳалол пулга кафан олмоқ.
8. Жаноза намозини билса, ўзи ўқимоқ. Бидъат аҳли бўлган кимсаларга ўқитмаслик.
9. Уларга доимо дуо қилмоқ. Бир ҳадиси шарифда “Ота-онасига дуо этмаганнинг ризқи кесилади” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
10. Қабрга ўзи қўймоқ.
11. Қабр кавлаган ва меҳнат қилганларни мамнун этмоқ.
12. Яхши ва солиҳ кимсалар орасига дафн этмоқ.
13. Ёмонларнинг орасига дафн этмаслик. Чунки ёмон қўшнилардан улар азият чекади.
14. Қабрнинг устини балиқнинг сиртидек қилмоқ.
15. Хом ғишт (кесак) қўлланмоқ.
16. Пишган ғишт қўлланмаслик. Мих, ғишт каби куйдирилган, оловда қуритилган нарсаларни қабр ичида қўлланмоқ макруҳдир. Қабрнинг устини пишган ғишт, мармар ёпиш жоиздир.
17. Қабри бошида садақа бермоқ.
18. Қабр бошида дуо этмоқ. (Садақа ва дуони кечиктирмаслик керак. 40 ва 52 кеча каби бидъатлардан сақланиш лозим.)
19. Қарзларини тўламоқ.
20. Талқин (майит кўмилгандан кейин қабр бошида имомнинг гапирадиган диний гаплари)ни ўзи бермоқ.
21. Исқотини зудлик билан бажармоқ. Майитнинг намоз ва рўза қарздорлиги учун бошқаси унинг ўрнига намоз ўқиёлмайди ва рўза тутолмайди. Ҳадиси шарифда “Бошқаси ўрнига намоз ўқилмайди ва рўза тутилмайди. Фақат унинг рўзаси ва намози учун фақирларни тўйдиради” деб марҳамат қилинди. (Насоий)
22. Қабр тошига жоиз бўлмаган сўзларни ёздирмаслик. Масалан, Фотиҳа, бисмиллоҳ ёки оят ёздириш жоиз эмас. Лотин харфлари билан ҳам жоиз бўлганни ёзмаслик керак. Бошқалар кўпдан бери ёзиб келсалар ҳам, жоиз эмас.
23. Васиятларини бажармоқ. Динга мос бўлмаса, бажармайди.
24. Намозлардан сўнг дуо этиб, савобларини уларга бағишламоқ. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ота-онасига осий бўлган фарзанд вафотларидан кейин улар учун дуо этса, Аллоҳу таоло уни ота-онасига итоат этганлардан қилиб ёзади.” (Ибн Абуддунё)
25. Савобини уларга бағишлаб, рўза тутмоқ.
26. Савобини уларга бағишлаб, ҳаж этмоқ. Олимларнинг кўпига кўра, ота-она учун ҳаж жоиздир. Ҳадиси шарифда “Вафот этган ота-онаси учун ҳаж этганга ҳам ўзи, ҳам ота-онаси учун ҳаж этганнинг савоби берилади. Ота-онасининг руҳига хушхабар берилади” деб марҳамат қилинди. (Доро Қутний)
27. Савобини уларга бағишлаб, садақа бермоқ. Ҳадиси шарифда “Садақа берганда савобини нега мусулмон ота-онангизга ҳадя этмайсиз? Ҳадя этсангиз, берган садақангизнинг савоби, уларнинг руҳига кетганидек, шу савобдан ҳеч камаймай сизга ҳам ёзилади” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
28. Қабрларини зиёрат этиб, Қуръони карим ўқиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини ихлос билан ва мағфиратини умид этиб зиёрат этган, қабул бўлган бир ҳаж савобини олади ҳамда буни одатга айлантирганнинг кимсанинг қабрини фаришталар зиёрат қилади.” (Ҳаким)
29. Қабрларини жума кунлари зиёрат этмоқ. Ҳадиси шарифда “Ота-онанинг қабрларини жума куни зиёрат этганнинг гуноҳлари авф бўлади. Ҳақларини ўтаган бўлади” деб марҳамат қилинди. (Термизий)
30. Зиёрат этаётганда дуо ва Қуръони карим ўқиш билан машғул бўлмоқ. Тўғри келмайдиган сўзларни гапирмаслик.
31. Ҳаётликларида ранжиган бўлсалар, фарзанд солиҳ бўлса, улар рози бўлади. Улар ўргатган яхши нарсаларга амал этиб юрган муддатича савоби уларга ҳам тегади.
32. Улардан бир ёмон нарса ўрганган бўлса, бу ишни ҳар қилганида уларга ҳам гуноҳ ва азоб боради. Шунинг учун улардан ёки улар воситаси билан ўрганган ёмон одатларни тарк этиш керак. Ёмон амаллари билан уларни қабрда азоб чекишига йўл қўймаслик лозим.
33. Ота-онага сўкинмаслик. Ҳадиси шарифда “Ота-онага сўкиниш катта гуноҳдир” деб марҳамат қилинди. (Бухорий) Яъни бировнинг ота-онасини сўксанг, у ҳам сенинг ота-онангни сўкиши мумкин.
34. Уларнинг яқинлари билан яхши муомалада бўлмоқ. Ҳадиси шарифда “Вафот этган ота-онага учун дуо ва истиғфор этмоқ, қарзларини тўламоқ, дўстларига икромда бўлмоқ, уларнинг яқинларини зиёрат этмоқ, яхши муомалада бўлмоқ билан уларнинг ҳурматини жойига қўйинг” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким)
35. Дўстларини зиёрат этмоқ. Ҳадиси шарифда “Отаси вафот этгандан кейин унинг дўстларини зиёрат этган энг яхши яхшиликни қилган бўлади” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
36. Дўстлари билан кўришмоқ. Ҳадиси шарифда “Яхшиликларнинг энг мукаммали отасининг дўстини зиёрат этмоқдир” деб марҳамат қилинди. (Муслим)
37. Фитр байрамида савобини уларга бағишлаб, фитр садақаси бермоқ.
38. Қурбон байрамида савобини уларга бағишлаб, қурбонлик сўймоқ.
39. Ота-онаси яхши кўрган овқатни пишириб, фақирларга тарқатиб, уларнинг руҳини шод этмоқ.
40. Ёмонликларини гапирмаслик. Ҳадиси шарифда “Вафот этган яқинларингизни яхшиликлари билан ёдга олинг, ёмонликларини гапирманглар” деб марҳамат қилинди. (Термизий)