Уйда ҳайвон боқиш
Савол: Ит ва мушук боқиш гуноҳми? Қўшнимиз мушук боқади. Уйига борганимизда қизларим ва онаси қўрқади. Мушук ошхонадаги ейдиган ва ичадиган нарсаларга тегиши мумкин. Юрган жойларида намоз ўқиса бўладими? Кўп қаватли уйларда ит ва мушук боқиш тўғрими?
Жавоб: Бир эҳтиёж учун ит боқиш жоиз. Масалан, полиция ити, ов ити, чўпон ити, қоровул ити боқилади. Фақат ит уйнинг ичига киритилмайди. Алоҳида жойи ёки уйи бўлади. Ит бўлган уйга раҳмат фаришталари кирмайди.
Мушукка келадиган бўлсак, мушук боқиш жоиз. Фақат ҳозирги кўп қаватли уйларда қийинроқ. Ҳожати учун жой излайди. Қум идиши бўлса ҳам бироз қийин. Баъзи мушуклар ҳожатга ташқарига чиқиши мумкин. Мушукнинг жунлари уйга, ҳатто ейдиган нарсаларга ҳам тўкилиши мумкин. Ювиб, тозалаш керак. Синчиклаб қараш лозим. Қишлоқ жойларда сичқон бўлгани учун мушук боқиларди. Бетон уйларда сичқоннинг бўлиши қийин.
Мушук ифлос эмас. Юрган жойларида намоз ўқиш мумкин. Саҳобадан бир аёл гапириб берган: “Таҳорат олиш учун бир идишга сув қўйгандим. Мушук келиб, бу идишдан сув ичгач, тоғам Абу Қатада яна бироз сув ичиши учун идишни мушукнинг олдига қўйди. Менинг ҳайрат билан қараб турганимни кўриб “Нимага ҳайрон бўласан. Пайғамбар жанобимиз “Мушук атрофингизда айланиб юради, нажс, ифлос эмас” деб марҳамат қилдилар” деди.” (Термизий)
Ифлос эмас экан деб, мушук боқиш шарт эмас. Мушуклардан касаллик ҳам юқиши мумкин. Агар қўшнилар безовта бўлса, уйга киритмагани яхши. Баъзи аёллар сичқондан қўрқади. Мушукдан, итдан қўрқадиганлар ҳам бўлади. Қўшнилар безовта бўлмаслиги учун мушукка бўлган севгимиздан воз кечиб, уйда мушук боқмаган яхши бўлади.
Савол: Уйда ит, мушук, қуён, булбул, канарейка каби қушларни ва аквариумда балиқ боқиш жоизми?
Жавоб: Ҳайвонларни уйга, қафасга қамаш гуноҳ иш. Уйда мушукдан бошқа ҳайвон боқилмайди.
“Эй, ўғил илмиҳоли” китобида айтиладики: “Булбулни қафасга қамаш жоиз эмас. Канарейка, тўтиқуш каби қафасга ўрганган қушларни қафасда боқиш жоиз. Чунки ташқарида қолдирса, ўлимга тарк этилган бўлади. Уйга ит киритиш жоиз эмас. Аквариумда балиқ боқиш бу балиқни қамаб қўйишга кирмайди. Чунки балиқ сувда яшайди.”
Савол: Каптар боқиш жоизми?
Жавоб: Гўштини ейиш учун боқиш жоиз. Авваллари хабарлашув ва почта ишида фойдаланиларди. Улар орқали хат юбориларди. Мана шундай ишлар учун жоиз, ўйин учун жоиз эмас.
Савол: Маймун боқиш жоизми?
Жавоб: Ваҳший ҳайвон боқиш жоиз эмас.