Байрам кунлари
Рамазон ойининг сўнгги куни ва байрамнинг илк куни орасидаги кечага Рамазон ҳайити кечаси дейилади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Раҳмат эшиклари тўрт кечада очилади. Бу кечаларда қилинган дуолар рад қилинмайди. Улар: Рамазон ва Қурбон байрамининг биринчи кечалари, Барот ва Арафа кечасидир.” (Исфаҳоний)
“Шу беш кечада қилинган дуо рад этилмайди. Рағоиб кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси, Рамазон ва Қурбон ҳайити кечалари.” (Ибн Асокир)
Ҳайит куни вақтли уйғониш, ғусл олиш, мисвокланиш, хушбўй ҳидлар билан суриниш, янги ва тоза кийим кийиш, қувончини маълум қилиш, узук тақиш, дуч келган мўминларга мутабассим чеҳра билан салом бериш, фақирларга кўп садақа бериш, исломиятга тўғри хизмат қилаётганларга ёрдам бериш, аразлашиб қолганларни яраштириш, қариндошларни, дин биродарларини бориб кўриш, уларга ҳадялар бериш суннат. Ҳайит кечаларини иҳё қилган (ибодат билан ўтказган) мўминлар буюк саодатга эришади. Бир ҳадиси шарифда: “Байрам кечаларини ибодат билан ўтказган кишининг қалби, қалблар ўлган вақтда ўлмайди” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Рамазон байрамида ҳайит намозидан аввал ширинлик, хурмо ейиш, хурмони 1, 3, 5 каби тоқ сонда ейиш суннат. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло ёлғиздир, тоқдир ва тоққа риоят қилганларни севади”- деб марҳамат қилинди. (Бухорий)
Байрам кунлари қувониш, хурсанд бўлиш керак. Ҳазрати Абу Бакр, қизи Оиша онамизнинг уйига келганда икки жориянинг доира чалиб, ўйнаётганини кўрди. Асҳоби киромнинг қаҳрамонликларини мадҳ этиб, достон айтардилар. Абу Бакр Расулуллоҳнинг уйида бундай нарсалар қилиш тўғри эмаслигини айтиб, жим бўлишларини сўради. Тўй ва байрамларда аёлларнинг доира чалишлари жоиз бўлганлиги учун Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Бакрга “Уларга моне бўлманг. Ҳар қавмнинг ўз байрами бор, бу ҳам бизнинг байрамимиз. Байрам севинчли кунлардир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Аразлашиб қолганлар ҳайит келишини кутиб ўтирмай, дарров ярашиб, тотувлашиб олишлари керак. Аллоҳу таолони ва Пайғамбаримизни ҳаққоний севган инсон, одамларнинг камчилигига эътибор беравермайди. Яхши инсон (мўмин) ҳамма билан яхши муомалада бўлади. Ўзгаларга ташвиш солмаганидек, ўзгалардан келадиган азиятларга ҳам сабр қилади. Қандайдир бир қусури, айби, хатосини деб ҳеч кимга аччиқланмаслик керак.
Аразлашган бўлса ҳам, буни уч кундан ортиқ давом эттирмаслик лозим. Агар байрамгача давом этган араз-гиналар бўлса, кўп ўтказмай тезда ярашиб, розилашиб олиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Бир-бирингиз билан муносабатингизни узманг. Бир-бирингиздан юз ўгирманг. Бир-бирингизга адоват ва душманлик қилманг. Бир-бирингизни ҳасад қилманг. Эй Аллоҳнинг қуллари биродар бўлинглар. Бир мусулмоннинг биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас.” (Бухорий)
“Мусулмонлар билан уч кундан ортиқ аразлашган одам Жаҳаннамга кетади.” (Насоий)
“Бир-бири билан аразлашган икки кишидан қайси бири биринчи бўлиб салом берса, гуноҳлари авф бўлади. Берилган саломга наригиси алик олмаса, униг ўрнига фаришталар жавоб беришади. Алик олмагандан шайтон хурсанд бўлиб, илтифотлар ёғдиради.”(Ибн Абу Шайба)
“Мўмин кишининг биродарига уч кундан ортиқ жаҳл қилиши жоиз эмас. Уч кундан кейин унга салом бериб, аҳволини сўраш керак. Саломига алик олса, савобга бирга шерик бўлади. Алик олмаса, гуноҳга қолади. Салом берган одам аразлашиш айбидан қутулган бўлади.” (Абу Довуд)
“Дин қардоши билан бир йил аразлашиб юрган одам, уни ўлдиргандек гуноҳга ботади.” (Байҳақий)
“Амаллар душанба ва пайшанба куни Аллоҳу таолога арз қилинади. Аллоҳу таоло ўзига ширк қўшмаган барча қулларини авф этади. Фақат бу мағфиратга бир-бирига адоват қилган икки мўмин эриша олмайди. Аллоҳу таоло “Бу иккиси ярашмагунча амалларини менга келтирманглар” деб буюради.” (И.Молик)
“Икки киши бир-бири билан ярашмасдан вафот этадиган бўлса, Жаҳаннамни кўрмасдан Жаннатга киролмайди. Жаннатга кирсалар ҳам бир-бири билан юзлашолмайдилар.” (Ибн Ҳиббон)
Рамазон тугагани учун эмас, гуноҳларимиз кечирилгани учун, катта савоб ва неъматга эришганимиз учун байрам қиламиз. Ҳадиси шарифда: “Ҳайит тонгида мусулмонлар намоз учун масжидларга тўпланганда Аллоҳу таоло фаришталарга “Вазифасини бажо келтирган одамга нима берилади?” деб сўрайди. Фаришталар “Иш ҳақи берилади” деб жавоб берадилар. Аллоҳу таоло “Сизлар гувоҳ бўлингларки, Рамазондаги рўза ва намозларининг эвазига бандаларимга ўз розилигим билан мағфиратимни бердим. Эй қулларим, бугун мендан хоҳишларингни сўранглар, иззат ва жалолим ҳаққи истаганларингизни бераман” деб буюради” деб марҳамат қилинди. (Байҳақий)
Расули акрам сарваримиз: “Аллоҳу таоло Рамазон ойининг сўнгги куни рўза тутганларни авф этади” деганларида Асҳоби киром “Ё Расулаллоҳ, у кун Қадр кечасими?” деб савол бердилар. Расулуллоҳ уларга “Билмайсизларми, бирон ишни ишлаб тугатган одамга иш ҳақи берилади” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий)
Ҳазрати Али: “Бугун рўзаси қабул бўлганлар ва гуноҳи кечирилганларнинг байрамидир” деган. Ҳадиси шарифда: “Рамазон ойида, маст қилувчи ичкилик ичадиган, ота-онасига осий бўлган ва силаи раҳмни тарк этганлардан бошқа барчанинг гуноҳи авф этилади” деб марҳамат қилинди. (Ғуня)
Агар улар шу қилмишларига тавба қилишса, Аллоҳу таоло уларни ҳам авф этади. Агар Рамазондаги савобларнинг миқдорини яққол кўриб билганимизда эди “Қани энди ҳар кун рамазон бўлса” деб орзу қилган бўлардик. Ҳадиси шарифда: “Агар Рамазон ойига хос савоблар маълум бўлганда эди, одамлар бутун йилнинг Рамазон бўлишини истаган бўларди” деб марҳамат қилинди. (Абу Наср)
Гуноҳлардан парҳез қилиб, рўза тутганлар қандай бахтли инсонлар...
Улар ҳақиқий байрамни охиратда нишонлайдилар.
Савол: Мактуботда “Байрам куни еб-ичиш йиллар бўйи нофила рўза тутишдан ҳам савоблироқдир” деб айтилади. Еб-ичиш нимага савоб бўлади?
Жавоб: Бу ерда савоб бўлган амал еб-ичиш эмас, рўза тутмасдан Аллоҳу таолонинг амрига бўйсунишдир. Байрам куни рўза тутиш ҳаром бўлгани учун диннинг мана шу амрига итоат қилган ҳолда рўза тутмай еб-ичиш, ўз ҳохишимиз билан йил бўйи нофила рўза тутишимиздан қадрлироқ эканлиги билдирилмоқда.
Савол: Байрам кунлари яқинларимизни зиёрат қилиб ҳайитлашиш асносида нималарга эътибор қаратишим керак? Аввал кимларни бориб кўришим яхшироқ?
Жавоб: Гуноҳ ишлашимизга сабаб бўладиган фосиқ қариндошни бориб кўриш шарт эмас. Улар билан телефон орқали ҳайитлашган маъқул. Фақат солиҳ бўлган қариндошни зиёрат қилиб бориш керак. Солиҳ дўстларни бориб кўриш ҳам савоб амал. Зиёрат, яъни ҳайитлашиб бориб кўриб келишда ният ва мақсад ёлғиз Аллоҳ розилиги бўлиши лозим.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Бир кимса қишлоқдаги дўстини кўриб келиш учун йўлга чиқибди. Ҳақ таоло унга бир фаришта юборади. Фаришта келиб, бу кимсага дебди:
- Қаерга кетяпсан?
- Фалон қишлоқда бир дўстим бор. Шуни зиёрат қилиб кўриб келгани кетяпман.
- Сенга бирон яхшилиги, фойдаси теккани учун зиёрат қилмоқчимисан?
- Йўқ, фақат Аллоҳ розилиги учун зиёрат қилмоқчиман.
- Сенга суюнчилар бўлсин! Мени Аллоҳу таоло юборди. Ҳеч қандай шахсий манфаат кўзламасдан дўстингни меҳр-оқибат қилишга отланишинг туфайли Аллоҳу таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлдинг.” (Ҳаким)
“Бир дин қардошини зиёрат қилган мўминга фаришта келиб “Сен қандай бахтлисан, Жаннатга кирадиган бўлдинг” дейди. Ҳақ таоло ҳам “Мен учун бир-бирини йўқлаган қулимга Жаннатга севинадиган мукофотлар бераман” деб буюради.” (Баззор)
“Дин биродарини Аллоҳ ризоси учун бориб кўрган пайтда фаришта келиб “Қандай яхши иш қилдинг, Жаннат сенга ҳалол бўлсин” демайдиган ҳеч бир мўмин йўқ. Аллоҳу таоло: “Қулим мени зиёрат қилгани келди. Мен ҳам уни меҳмон қилишим керак” деб буюради.”(Абу Яъла)
“Дин биродарини ҳолидан хабар олиш учун отланган киши ортига қайтиб келгунча раҳмат ичидадир.” (Табароний)
“Жаннатда шундай гўзал кўшклар борки, булар бир-бирини Аллоҳ учун зиёрат қилган, Аллоҳ учун севиб, ёрдамлашганлар учун тайёрланган.” (Табароний)
“Бир мўминни зиёрат учун уйидан чиққан кимсага 70 минг фаришта “Эй Раббимиз, сенинг розилигинг учун зиёратга бораётган шу қулингга раҳмат эт” деб дуо қиладилар.” (Абу Нуайм)
“Бир мусулмон мусулмон биродарини ҳолидан хабар олганда 70 минг фаришта “Эй Раббимиз, сенинг розилигинг учун зиёрат қилган бу қулингдан рози бўл” деб дуо қиладилар.” (Табароний)
“Дин биродарини Аллоҳ розилиги учун зиёрат этган киши Жаннатидир.” (Табароний)
“Дин биродарини йўқлаб борган мўминга Жаннатда бир даража берилади.” (Эй ўғил илмиҳоли)
“Сизни сўраб, зиёрат қилиб келган кишига икром кўрсатинг.”(Хароитий)
“Мўмин биродарини зиёрат қилиб, қўл бериб кўришганларида қўллари ажралмасдан туриб, ҳар иккисидан ҳам Аллоҳу таоло рози бўлади. Дарахтдан барглар тўкилганидек гуноҳлари тўкилади.” (Эй ўғил илмиҳоли)
“Вақти-вақти билан зиёрат қилиб тур, бу билан ўзаро илиқлик ва муҳаббатни орттирасан.” (Баззор)
Ҳикмат аҳли айтадиларки: “Зиёратни тарк этмагинки, сени унутишмасин. Ҳа деб югуравермагинки, сендан зерикишмасин.”
“Аршнинг атрофида нурдан ясалган курсиларда ўтирган нурдай порлаган инсонларга Пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қиладилар. Булар Аллоҳ учун бир-бирини севган, Аллоҳ учун бир-бирини излаб, бир-бирини зиёрат қилганлардир.” (Насоий)
“Аллоҳу таоло “Мен учун бир-бирини зиёрат қилган, мен учун бир-бирини севган, мен учун нарса берган, мен учун бир-бирига ёрдам қилган қулларим севгимга лойиқ бўлади” деб марҳамат қилди.”(Ҳаким)
“Аллоҳ учун севган дўстини зиёрат қилган мўминга ортидан бир фаришта “Қандай яхши иш қиляпсан, Жаннатни ўзингга ҳақ қилиб олдинг” дейди.” (Термизий)
Аллоҳ розилиги учун бир мусулмонни зиёрат қилиш жуда катта савоб. Олим, фақир ва солиҳ қариндошни зиёрат ундан ҳам савоблироқдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Бадавлатни зиёрат қилган одам қоим ва соим савобини, фақирни зиёрат қилган одам эса, фи сабилиллоҳ жиҳод савобини олади. Ҳар одими Аллоҳ йўлида ташланган қадамга тенг бўлади.” (Дайламий) (Соим – рўзадор, Қоим – кечаси ибодат этувчи, Фи сабилиллоҳ – Аллоҳ йўлида, Аллоҳ розилиги учун.)
“Олимни зиёрат қилган одам мени зиёрат этгандек савобга эришади.” (Табароний)
“Силаи раҳм бу – борди-келди узилиб қолган қариндошини излаб топиб, зиёрат ва яхшилик қилишдир.” (Термизий)
“Ризқининг мўл, умрининг узун бўлишини истаган киши силаи раҳм қилсин.” (Бухорий)
“Силаи раҳм мол-мулкни кўпайтиради, оилада севгини орттиради ва умрни узайтиради.” (Табароний)
Солиҳ қариндошдан ҳафтада бир, ҳеч бўлмаса ойда бир хабар олиб, сўраб туриш керак. Қирқ кунни ўтказиб юбормаслик лозим. Узоқ ерда бўлса телефон, мактуб орқали хабарлашиш керак.
Меҳмондорчиликларда намоз ўқилса, уй эгаси имом бўлади ёки у тайинлаган кимса имом бўлади. Меҳмон сифати билан иштирок этаётган киши илман ёхуд даража жиҳатидан ҳаммадан лойиқ бўлса ҳам, таклиф қилинмагунча борган жойларида имомликка ўта олмайди. Ҳадиси шарифда “Бир қавмни зиёрат қилишга, меҳмонга борган киши, уларга имомлик қилмасин!”деб марҳамат қилинди. (Термизий)
Савол: Чақирилган ҳамма жойга бориш керакми?
Жавоб: Агар у ерда гуноҳ қилинадиган бўлса, борилмайди. Фақирларнинг даъватига бормай, бой-бадавлатникига бориш кибрдандир. Ўзидан паст даражада бўлганларни уйига ҳол-аҳвол сўраб, меҳмон бўлиб бориш тавозе (камтарлик) аломатидир.
(Гуноҳ аралашмаган) Тўйга чақирилса бориш суннат, бошқа зиёфатларга бориш мустаҳабдир. Баъзи олимлар эса “Тўйга бориш вожиб, бошқа зиёфатларга бориш суннат” деганлар. Мусулмоннинг мусулмон устидаги беш ҳақидан бири меҳмонга даъват қилганида унга ижобат қилиб боришдир. Ҳадиси шарифда: “Чақирилган жойга боринглар” деб буюрилди. (Муслим)
Дастурхон ёзиш учун қарзланиб, ўзини қийнадиган одамларнинг меҳмондорчилигига бормаган афзал. Шунингдек хасис табиатли одамларнинг таклифини ҳам қабул қилмаслик керак.
Ҳадиси шарифда: “Сахийнинг таоми шифо, хасиснинг таоми эса хасталикдир” деб марҳамат қилинди. (Дайламий, Ҳаким, Ибн Лал, Дора Қутний, Хатиб)
Чин дилдан, самимий чақирилган меҳмондорчиликка бориш керак. Ҳадиси шарифларда мана бундай деб марҳамат қилинган:
“Чақирилган жойга бормаган одам Аллоҳга ва Расулига осий бўлган бўлади.” (Бухорий)
“Мусулмон биродарини меҳмон қилган мўмин, Аллоҳу таолони меҳмон қилган бўлади.” (Исфаҳоний)
“Икки киши бирданига меҳмонга чақирса, эшиги яқинроқ бўлганни даъватигу таклифига ижобат қилгин. Чунки эшиги яқинроқ бўлганнинг зиммангдаги ҳақи ҳам аввалроқ келади.” (Бухорий)