Қурбон сўйиш кимларга вожиб?
Савол: Қурбон сўйиш кимларга вожиб?
Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:
1) Қурбонлик - майда мол (қўй, эчки), сигир (буйвол, ҳўкиз) ёки туяни Қурбон байрамининг илк уч кунида қурбон нияти билан сўйиш деганидир. Қурбонлик вожиб вазифасини бажариш ва савоб учун сўйилади. Муқим, ақлли, балоғатга етган, озод, мусулмон эркак ва аёлнинг маълум кунларда маълум бир ҳайвонни қурбонлик қилиб сўйиши вожибдир.
Дин бўйича эр-хотиндан қайси бири бой бўлса, қурбонликни шу сўяди. Иккаласи ҳам бой бўлса, иккови ҳам сўяди, агар иккови ҳам фақир бўлса, иккови ҳам сўймайди.
Қурбонлик дунёдаги вожиб вазифасини бажариб, охиратдаги савоби учун сўйилади. Отанинг боласи учун боласининг молидан қурбонлик сўйиши керак эмас. Телба ва қариб нима гапираётганини билмайдиганлар бола ҳукмида бўлади. Катта ўғил ва аёлидан изнсиз уларнинг номидан қурбонлик сўйилмайди.
2) Муқим, оқил-болиғ мусулмоннинг эҳтиёжидан ортиқ моли ёки пули бўлса, қурбонлик сўйиши вожибдир. Қурбонлик сўйишнинг вожиб бўлишида учинчи кун эътиборга олинади. Байрамнинг биринчи ва иккинчи куни бой ё фақир, муқим ё мусофир, ақлли ё телба бўлишига қаралмайди. Байрамнинг учинчи куни нисобга молик бўлса, бошқа шартлар ҳам топилса, қурбонлик сўйиш вожиб бўлади. Демак, байрамнинг иккинчи куни балоғатга етмаган бўлиб, учинчи куни болиғ бўлса, байрамнинг илк куни фақир бўлиб, учинчи куни бой бўлса, байрамнинг илк кунлари сафарий бўлиб, учинчи куни муқим бўлса, қурбонлик сўйиши вожиб бўлади.
3) Байрамнинг илк куни комада беҳуш бўлиб, учинчи куни ўзига келган кишида ўзга шартлар ҳам мавжуд бўлса, қурбонлик сўйиши вожибдир. Байрамнинг иккинчи куни ҳушидан кетиб, учинчи кун қуёш ботгандан кейин ўзига келган бой одамга қурбон сўйиши вожиб бўлмайди.
4) Бир фақир байрамнинг биринчи ёки иккинчи куни йиғиб-териб бир қурбон сўйса, байрамнинг учинчи куни бой бўлса, яна бир қурбонлик сўйиши лозим бўлади. Чунки аввалгисини ҳали вожиб бўлмасдан туриб сўйганди. Лекин “Баззозия” каби мўътабар асарларда кейин келган олимлар “Фақир байрамнинг биринчи куни қурбонлик сўйса, учинчи куни бой бўлса, такрор қурбонлик сўйиши керак эмас” деб айтганлар.
5) Учинчи куни бой бўлишини билган кишининг илк кунларда қурбон сўйишида ҳеч зарар йўқ.
6) Бир бой байрамнинг биринчи ва иккинчи куни қурбонлик сўймасдан вафот этса, қурбонлик қарзи билан ўлган бўлмайди.
7) Қурбон байрамининг учинчи куни фақир бўлишини ёки сафарга чиқишини билган кишига биринчи куни қурбонлик сўйиши вожиб бўлмайди. Агар сўйса, вожибни бажарган бўлади.
8) Байрамнинг биринчи ва иккинчи куни сафарга чиққан бойнинг қурбонлик сўйиши вожиб бўлмайди. Аввалроқ сўйса, вожиб савобини олади. Агар сўймаса сафарга чиққани учун қарз бўлмайди.
9) Муқим бўлган бой сафардаги бир вакилга қурбонлик сўйдирса, вожиб савобини олади.
10) Ўзи асир бўлиб, байрамнинг учинчи куни озод бўлган кишида бошқа шартлар ҳам мавжуд бўлса, қурбон сўйиши вожиб бўлади. Ўзи озод бўлса-ю, учинчи куни асир тушиб, қуёш ботгунча тутқунда қолса, қурбон сўйиши вожиб бўлмайди.
11) Полизидан олган ҳосилнинг ёки полизнинг, уйнинг, дўконнинг (ательенинг, юк машинасининг) бир йиллик ижара ҳақи қанчалик кўп бўлса ҳам, бир йиллик уй эҳтиёжини ёки олган маоши бир ойлик эҳтиёжини ва қул қарзини ўташга етмаса, бу кимса имом Муҳаммадга кўра фақирдир. Фатво ҳам шундай. Лекин бу киши Шайхайн наздида бой ҳисобланади. Ўз мулкидаги полизнинг ва бошқа молларнинг қиймати эҳтиёжига етса ва нисоб даражасида бўлса, бунинг ҳақини-ҳосилини ҳар олишда оз-оздан бир чеккага йиғиштириб, садақаи фитр ёки қурбон сўйиб буюк савобга эришиш керак. Бундай киши, фитр бермаса ва қурбон сўймаса имом Муҳаммаднинг қавли бўйича гуноҳдан қутулади. Полизидан ҳосил ололмаган, ижарага ҳам беролмаган киши эҳтиёжидан ортиқ моли бўлиб, пули бўлмаса, имом Муҳаммадга уйиб, фитр бермайди ва қурбон сўймайди. Агар фитр бериб қурбон сўйса, иккинчи ижтиҳод бўйича савоб олади.
Савол: Олтинлари нисобга етган фарзанднинг қурбонини отаси сўядими?
Жавоб: Балоғатга етмаган фарзанд бой бўлса ҳам, қурбон сўйиши вожиб бўлмайди. Отасининг ҳам бой фарзанди номидан сўйиши керак эмас.
Савол: Бир фақир олган қурбонлик ҳайвон арафа куни ўлиб қолса, бошқа мол олиб сўйиши керакми?
Жавоб: Фақир бўлгани учун керак эмас.
Савол: Бир фақир қурбон байрамининг учинчи куни бой бўлса ёки бир бой учинчи куни фақирлашса ё вафот этса, қурбонлик сўйиш вожиб бўладими?
Жавоб: Фақирлик, бойлик ва ўлим ҳодисаларида вақтнинг сўнггига эътибор берилади. Байрамнинг бошида бой бўлиб, сўнггида фақирлашса ё вафот этса, у кишига қурбон сўйиш вожиб бўлмайди. Учинчи куни бой бўлган одамга эса, вожиб бўлади. (Дурар ва гурар)
Савол: Шофеъий мазҳабида оиланинг рўзғорини тебратиб турган киши қурбон сўйса, уйдаги бошқа аъзолар сўймаса ҳам бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади. Бир уй аҳли учун қурбон сўйилиши суннати кифоядир. Оила раиси сўйса, бошқаларнинг сўйиши керак бўлмайди. Ҳанафийда эса, оиладаги қурбон нисобига молик бўлган ҳар бир кишининг сўйиши вожибдир.