Афъоли мукаллафин
Афъоли мукаллафин ёки Аҳкоми Исломия
[Мукаллафнинг вазифалари]
Ислом динининг амр ва таъқиқларига Аҳкоми шариа (Шариат ҳукмлари) дейилади ёки Аҳкоми Исломия (Исломият ҳукмлари) дейилади. Бунга яна Афъоли мукаллафин (Мукаллафнинг вазифалари) ҳам дейилади. Афъоли мукаллафин саккизта бўлиб: Фарз, Вожиб, Суннат, Мустаҳаб, Мубоҳ, Ҳаром, Макруҳ, Муфсиддир.
1. ФАРЗ: Аллоҳу таоло, инсонларнинг бажо келтиришини ояти карималарда очиқча ва қатъий равишда амр қилган ҳукмларга фарз дейилади. Яъни Қуръони каримда очиқча амр қилинган бутун хусуслар фарздир. Фарзларнинг тарки ҳаромдир. Фарзга ишонмайдиган ёки менсинмайдиган ва адо этишга аҳамият бермайдиганлар Худо сақласин, кофир бўлишади. Икки турли фарз бор:
а)Фарзи ‘айн: мукаллаф бўлган ҳар бир мусулмоннинг бевосита ўзи адо этиши керак бўлган фарзлар. Яъни бирининг ўрнига бошқа бири қила олмайдиган фарз ибодатларга Фарзи айн дейилади. Масалан: Иймон келтириш, таҳорат олиш, ғусл, беш вақт намоз ўқиш, рамазонда рўза тутиш, бой бўлганда закот бериш ва ҳажга бориш каби вазифалар фарзи айнга, яъни ҳар ким ўзи адо этиши керак бўлган ибодатларга киради. [ғарб мусулмонлари орасида] Ўттиз икки ва эллик тўртта фарз атамаси [Туркистонда эса 40 фарз атамаси ] машҳурдир.
б)Фарзи кифоя: Мусулмонлардан бир нечтаси ёки ёлғиз биттасининг адо этиши билан бошқалардан соқит бўладиган, яъни ўзгаларнинг жавобгарликдан қутилишига сабаб бўладиган фарзларга айтилади. Мисол учун, саломга бир кишининг алик олиши, жанозани ювиш, жаноза намози ўқиш, қори бўлиш, жиҳод қилиш, санъатига ва тижоратига етадигандан кўпроқ диний ёки фан илми ўрганиш фарзи кифояга киради.
2. ВОЖИБ: Бажо келтирилиши фарзлар каби қатъий бўлган амрлардир. Лекин бу амрларнинг Қуръони каримдаги далиллари, фарзлардагидек очиқ бўлмай, заннийдир. Витр намози, байрам (ҳайит) намози, бой бўлган кимсанинг қурбон сўйиши, фитра бериш каби амаллар вожибдир. Вожибнинг ҳукми худди фарз кабидир. Вожибнинг тарки таҳриман макруҳ бўлиб, ишонмайдиганлар кофир бўлишмайди, лекин адо этмайдиганлар жаҳаннам оташига лойиқ бўлишади.
3. СУННАТ: Аллоҳу таоло тарафидан очиқча билдирилмаган, лекин Пайғамбаримиз бажарилишини ёқтирган ёхуд ўзлари давомли адо этган ёки қилинаётган пайтда кўриб маъқуллаган ва индамаган нарсаларига Суннат дейилади. Суннатни ёқтирмаслик ёки месинмаслик кофирликдир. Ёқтириб, лекин ишламаганга азоб бўлмайди. Сабабсиз тарк этадиганлар азобга ва савобидан маҳрум қолишга лойиқ бўлишади. Азон айтиш, иқомат ўқиш ёки қомат келтириш, жамоат билан намоз ўқиш, таҳоратда мисвок ишлатиш, уйланганда халққа ош бериш, фарзандларини суннат қилдириш каби амаллар суннатдир. Суннатлар 2 турли бўлади:
а)Суннати муаккада: Пайғамбаримизнинг “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” давомли равишда амал қилиб келган ва жуда сийрак тарк этган ишларига айтилади. Бомдод намозининг суннати, Пешиннинг илк ва охирги суннатлари, Шомнинг суннати ва Хуфтоннинг сўнгги суннати “Суннати муаккада”га киради. Бу суннатлар сабабсиз ҳеч қачон тарк этилмайди. Муаккад суннатларга аҳамият бермайдиганлар иймонларини йўқотишади.
б) Суннати ғайри муаккада: Пайғамбаримизнинг ибодат мақсадида баъзан қилган суннатларидир. Аср ва Хуфтон намозларининг олдида илк тўрт ракатлик суннатлар бунга мисол бўла олади. Бу суннатлар кўп тарк этилса ҳам ҳеч нарса қилмайди. Бироқ, бекорга ва сабабсиз бутунлай тарк қилинса, жавобгарликка ва шафоатдан маҳрум бўлиб қолишга сабаб бўлади.
Беш ўн кишидан бири қилган тақдирда, бошқалардан соқит бўладиган суннатлар ҳам борки, уларга Суннати алал кифоя дейилади. Салом бериш, эътикофга кириш каби амаллар шулар жумласидандир. Таҳорат олиш, ейиш, ичиш ва ҳар муборак ишнинг бошида бисмиллоҳ айтиш ҳам суннатдир.
4.МУСТАҲАБ: Бунга одоб ҳам дейилади. Севгили Пайғамбаримизнинг умрларида бир-икки марта бўлса-да адо этган, ёқтирган ва яхши кўрган ишларидир. Мустаҳаб суннати ғайри муаккада ҳукмида бўлиб, бунга янги туғилган чақалоққа еттинчи куни исм қўйиш, ўғил ёки қиз фарзанд учун ақиқа мол сўйиш, чиройли кийиниш, хушбўй атир суриниш мисол бўла олади. Буларни мустаҳаб нияти билан адо этадиганларга кўп савоб берилади. Тарк этганларга азоб қилинмайди. Шафоатдан маҳрум ҳам қилинмайди.
5. МУБОҲ: Амал қилиш амр ҳам, маън ҳам қилинмаган нарсаларга мубоҳ дейилади. Яъни гуноҳ ёки тоат эканлиги билдирилмаган нарсалардир. Буларнинг яхши ният билан бажарилишида савоб, ёмон ният билан қилинишида эса азоб бордир. Ухлаш, ҳалолидан турли хил таомлар ейиш, ҳалолидан турли хил либос кийиш каби ишлар мубоҳ бўлиб, агар булар Исломийятга ва шариатга риоя қилиш мақсадида қўлланилса, савоб бўлади. Соғлиги тузук бўлиб, ибодат қилиш учун куч тўплаш мақсадида ейиш ва ичишнинг ҳам катта савоби бор.
6. ҲАРОМ: Аллоҳу таолонинг Қуръони каримда “қилманг” дея очиқча таъқиқлаган нарсаларига ҳаром дейилади. Ҳаромларнинг ишланиши ва қўлланилиши қатъиян маън қилинган. Ҳалолга ҳаром деганнинг ва ҳаромга ҳалол деганнинг иймони кетади. Ҳаромларни тарк этиш фарзларнинг бошидир ва жуда катта савобдир. Ҳаромлар иккига ажралади:
а) Ҳаром ли-айниҳи: Одам ўлдириш, зино, ливота қилиш (бачабозлик), қимор ўйнаш, шароб ва ҳар турли спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, ёлғон гапириш, тўнғиз-чўчқа гўшти ейиш, қон ва ўлакса ейиш, ўғирлик, хотин-қизларнинг бошлари, қўллари ва болдирлари яланғоч ҳолатда кўчага чиқишлари қатъиян ҳаром бўлиб, катта гуноҳ ҳисобланади. Бир кимса, ўша гуноҳларни қилишда “бисмиллоҳ” деса ёки ҳалол деб эътиқод қилса, ёхуд ҳаром эканлигига аҳамият бермаса, писанд қилмаса, Худо сақласин, кофир бўлади. Бу гуноҳларни қилаётганда ҳаром эканлигини билиб туриб ёки қўрқиб туриб қилса, кофир бўлмайди, лекин жаҳаннам азобига лойиқ бўлган бўлади. Агар ўша гуноҳига давом этса, ҳеч тийилмаса ва тавба қилмасдан ўлгудек бўлса, иймонсиз кетишига сабаб бўлади.
б) Ҳаром ли-ғайриҳи: Булар аслан ҳалол бўлиб, ўзгаларнинг ҳақлари аралашгани учун ҳаром бўлган нарсалардир. Масалан: Бир кишининг боғига кириб, мевалардан сўроқсиз узиб олиб ейиш, ўғирланган пул ёки ашёни ишлатиш, омонатга хиёнат қилиш, порахўрлик, судхўрлик (фоиз/рибо) ва қимор йўли билан пул топиш ҳаромдир. Буларни қилаётган кимса, “бисмиллоҳ” билан ишга бошласа ёки “булар ҳалолдир”- деса, иймони кетмайди. Чунки ўша мол ўз эгасининг ҳалол мол-мулки ва ҳаққидир. Қайтариб олиши мумкин. Инсонларнинг ҳақларини поймол қилиш, тортиб олиш катта гуноҳ. Беш ярим арпа (бир данқ) оғирлигидаги кумуш қийматича келадиган киши ҳаққи учун, эртага Қиёмат кунида, жамоат билан ўқилган 700 ракат қабул бўлган намоз савоби Аллоҳу таоло тарафидан олиниб, ҳақ соҳибига берилади. Ҳаромлардан тийилиш, ибодат қилишдан устунроқ ва савоби ҳам кўпроқдир. Шунинг учун, ҳаромларни ўрганиб, улардан тийилишга ҳаракат қилиш керак.
7. МАКРУҲ: Аллоҳу таоло ва Муҳаммад алайҳиссалом ёқтирмаган, ибодатларнинг савобини кетказувчи нарсаларга макруҳ дейилади. Макруҳлар икки хил бўлади:
а) Таҳриман макруҳ: Вожибнинг тарк этилишидан содир бўладиган, ҳаромга яқин макруҳлардир. Уларга йўл қўйиш азобга гирифтор қилади. Қуёш чиқаётганда, тиккага келганда (нақ тушда) ва ботаётганда намоз ўқиш таҳриман макруҳдир. Буларга қасддан қўл урганлар осий ва гуноҳкор бўлишади ва жаҳаннамга лойиқ бўлишади. Бир намозда вожибларни тарк этиш, таҳриман макруҳ бўлиб, ўша намознинг бошқатдан ўқилиши вожиб бўлади. Агар, унутилиб тарк этилса, намоз сўнгида саждаи саҳв қилинади.
б) Танзиҳан макруҳ: Мубоҳга яъни ҳалолга яқин ва тарк этилиши афзалроқ бўлган макруҳлардир. Бу тур макруҳлар, ғайри муаккад суннатлар ва мустаҳабларнинг таркидан ҳосил бўлади.
8.МУФСИД: Динимизда машруъ, яъни шариатга уйғун бўлган бир ишни ёки бошлаб қўйилган бир ибодатни бузадиган, фасод қиладиган хусусларга айтилади. Иймон ва намозни, никоҳни, ҳажни, савдо-сотиқни бузадиган нарсаларга муфсид дейилади. Масалан: Аллоҳга ва китобга ҳақорат қилиш, сўкиш иймонни; Намозда кулиш таҳоратни ва намозни; Рўзадор пайтда билиб туриб еб-ичиш рўзани бузади. Мана шу ишларга муфсид дейилади. Фарз, вожиб ва суннатларни бажо келтирадиганларга ва макруҳдан тийиладиганларга ажру савоб берилади. Ҳаром ва макруҳларга риоя қилмай, фарз ва вожибларни тарк этадиганларга эса кўп-кўп гуноҳ ёзилади. Битта ҳаромдан тийилишнинг савоби, бир фарзни адо этишнинг савобидан зиёда ва устундир. Бир фарзнинг савоби, бир макруҳдан тийилишнинг савобидан, у ҳам ўз навбатида бир суннат савобидан юқори туради. Мубоҳлар ичида Аллоҳу таолонинг ёқтирадиган нарсаларига Хайрот ва Ҳасанот дейилади. Буларни ишлаганларга ҳам савоб берилса-да бу савоб, суннат савобидан оз.