Рамазонда ошкора еб-ичиш

Савол: “Аллоҳнинг билганини бандасидан яшираманми” деб Рамазонда кўча-кўйда еб-ичиб юраверадиганлар кўп учрайди. Бу гуноҳ эмасми?

Жавоб: Гуноҳ ишни очиқ-ошкора ҳам, яширинча ҳам қилиш жоиз эмас. Лекин нафсига, шайтонга алданиб гуноҳга қўл уриб қўйган одам шу гуноҳини яшириш керак. Гуноҳни яшириш бир неча жиҳатдан фойдалидир:

1. Агар гуноҳларимиз ошкора бўлмаса севинишимиз керак. Жаноби Ҳақ “Гуноҳларингни яширинглар” деб буюрган. Пайғамбаримиз ҳам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Инсон гуноҳини бу дунёда яширса, Аллоҳ ҳам унинг бу гуноҳини қиёматда қулларидан яширади” деб марҳамат қилганлар. (Муслим)

2. Аллоҳу таоло очиқ-ойдин, ҳеч андиша қилмасдан гуноҳ қиладиганларга қаттиқ ғазабланади. Лекин гуноҳ қилгани учун сиқилиб, буни яширганларни авф этиши мумкин. Ҳадиси шарифда “Бир гуноҳ ишлаган киши гуноҳини яширсин! Аллоҳу таолонинг ёпинғичини унинг устига ёпиб бекитсин!” деб марҳамат қилинди. (Муслим)

3. Гуноҳ қилаётганда ҳеч қуриса халқдан қўрқсин. Бошқаларнинг ўзи ҳақида гапиртирмаслик, ғийбат қилдирмаслик учун гуноҳини яшириш керак. Ҳадиси шарифларда “Ҳаё тамоман хайрдир” (Бухорий), “Ҳаё имондандир” (Бухорий) ва “Ҳаёсизнинг дини бўлмайди ва ҳаёсиз жаннатга киролмайди”. (Дайламий)

4. Ёмон ўрнак бўлмаслик учун бошқаларнинг ҳам гуноҳга ботишига жасорат бермаслик учун гуноҳини яшириш керак! Шу сабаблар туфайли очиқча гуноҳ ишламаслик, яширинча бўлса ҳам гуноҳ қилишдан сақланиш керак. Чунки гуноҳлар ўлдирувчи заҳардир. Имони бўлган одам гуноҳдан жуда қўрқади. Ҳадиси шарифда “Мўмин гуноҳини тоғдек кўриб, босиб қолишидан қўрқади. Мунофиқ эса гуноҳини бурнига қўнган ва ҳозир учиб кетадиган пашшадек кўради” деб марҳамат қилинди. (Бухорий)

Савол: “Ислом ахлоқи” китобида айтиладики: Узрсиз Рамазонда ҳамманинг кўзича еб-ичган одам муртад бўлади. (Файзия) “Саодати Абадия” китобида ҳам: Рамазони шарифда жамоат жойларида, мусулмонларнинг олдлида овқат еганларнинг ва рўза тутганларни алдаб, рўза туттирмаганларнинг имони кетади.

Юқоридаги икки гапни тушунмадик. Рамазонда очиқдан овқат еган одам кофир бўладими?

Жавоб: Йўқ, катта гуноҳ қилган одамга кофир дейилмайди. Бу ерда рўза тутиш амрини менсинмаслик, фарз эканлигини инкор этиш, рўза тутмасликни зимдан ташвиқ этишнинг куфр бўлиши билдирилган. Барча фарзлар шундай. Масалан, очиқ юрган бир аёл ёпинишнинг Аллоҳнинг амри эканлигини билса, ишонса ва ёқтирса, турли сабабларга кўра ўзи ёпина олмаса, унга кофир дейилмайди. Агар ёпиниб ҳижобда юришни Аллоҳнинг амри сифатида қабул қилмаса, ёқтирмаса, очиқ юргани учун ҳеч ташвишланмаса, ўшанда кофир бўлади.

Савол: Касалхонада касал бўлиб ётибман. Рўза тутадиган ҳолим йўқ. Касалхонада яширинча еб-ичишнинг имкони йўқ. Очиқча овқатланишим гуноҳ бўладими?

Жавоб: Касал эканлигингиз маълум, яъни одамлар буни билсалар ва кўрсалар, яширишнинг имкони бўлмаса, очиқча еб-ичиш жоиз бўлади.