Оғиз очиш (ифторлик)
Савол: Оғизни қандай таом билан очган яхши?
Жавоб: Хурмо, сув ва сут билан очиш суннатдир. Булар бўлмаса мева ёки сабзавот билан очиш ҳам мумкин. Масалан, зайтун билан очиш мумкин. Оловда пишган нарса билан, масалан, нон, чой ёки шўрва билан очмаслик керак. Бир ҳадиси шарифда “Ифторда оғизни хурмо билан очинг, зеро у баракатдир. Агар хурмо бўлмаса, сув билан очинг. Чунки у тозаловчидир” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)
Қуйида бу мавзуга алоқадор ҳадиси шарифлар келтирилган:
“Пайғамбаримиз ифторда янги пишган хурмо билан оғиз очардилар. Янги пишган хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан очардилар. Бу ҳам йўқ бўлса, сув билан ифторлик қилардилар.” (Термизий)
“Пайғамбар жанобимиз рўзаларини сут билан очардилар.” (Дора Қутний)
“Расулуллоҳ учта хурмо билан ёки оловда пишмаган нарса билан ифторлик қилардилар.” (Абу Яъла)
Савол: Ифтор пайтида оғиз очишдан олдин дуо қилиш яхшими?
Жавоб: Жуда яхши бўлади. Ифтордан олдин қилинган дуо қабул бўлади. Ҳадиси шарифларда “Рўзадорнинг ифтор вақтида рад этилмайдиган бир дуоси бор.” (И.Можа), “Рўзадорнинг дуоси рад қилинмайди.” (Термизий) деб марҳамат қилинган.
Масалан, қуйидагича дуо қилса яхши бўлади: Аузу-бисмиллоҳ айтиб “Аллоҳумма ё васиал мағфираҳ иғфирли ва ли волидаййа ва ли устозийя ва лил муъминина вал муъминот йавма йақумул ҳисоб” дейилади.
Маъноси қуйидагича: Эй мағфирати кенг бўлган Аллоҳим! Қиёмат куни ҳисобга тортилаётганда мени, ота-онамни, устозимни, эркак ва аёл барча мўминларни авф этгин!