Рўза каффорати
Савол: Рўзани бузиб, каффоратни лозим қиладиган нарсалар қайсилар?
Жавоб: Булар қуйидагилар:
1. Рўзадор эканлигини билиб турган ҳолида еб-ичиш.
2. Жинсий алоқага киришиш.
3. Рамазоннинг бир кунида қазони керак қиладиган бир нарсани қилиб рўзасини бузган кимсанинг рамазоннинг бошқа кунида ҳам бу нарсани барибир каффорат керак бўлмас экан деб қасддан такрор қилиши.
4. Сигарет чекиш.
5. Ғийбат, сурма суриш ва қон олдириш каби рўзани бузмаслиги маълум бўлган нарсадан сўнг рўза бузилди деб, еб-ичиш.
Савол: Рўзанинг каффорати борми?
Жавоб: Албатта бордир. Кечадан ният қилган киши рўзасини қасддан бузганда каффорат лозим бўлиши барча дин китобларида ёзилган. Кутуби ситта номли машҳур олти ҳадис китобидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийда мавжуддир. Энг қадрли, қийматли бўлган бу беш ҳадис китобига ишонмаган агар миссионер бўлмаса, жоҳил ва хоин бирисидир. Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят этган ҳадиси шариф қуйидагича эди: “Бир кимса Пайғамбар жанобимизга келиб “Ҳалок бўлдим, ё Расулуллоҳ” деди. Пайғамбар жанобимиз нима бўлганини сўради. У Рамазон рўзасини қасддан бузганлигини айтди. Пайғамбар жанобимиз бир қул озод этишини буюрдилар. Қули йўқ эканлигини билиб, узлуксиз икки ой рўза тутишини амр этдилар. Буни ҳам бажара олмаслигини билиб, бир фақирни тўйдиришини билдирди.”
Ислом олимлари ҳам имсокдан олдин ният қилган рўзадорнинг ҳеч заруратсиз қасддан рўзасини бузса, каффорат сифатида агар бўлса бир қул озод этишини, бўлмаса кетма-кет олтмиш кун рўза тутишини айтганлар. Агар рўза тутолмаса, олтмиш фақирни тўйдиришини билдирганлар. (Радд-ул-мухтор)
Пайғамбар жанобимизнинг билдирган ҳукмини қабул этмаган, Аллоҳу таолонинг ҳукмини қабул этмаган бўлади. Чунки Қуръони каримда маолан “Расулга итоат этган Аллоҳга итоат этган бўлади” деб буюрилган. (Нисо, 80)
Савол: Рўза каффорати қандай тутилади?
Жавоб: Рўза каффорати учун кетма-кет узлуксиз олтмиш кун рўза тутади. 60 кундан кейин тутмаган ҳар бир кун учун яна бир кун тутади. Бир неча Рамазон ойларида каффорати бўлган ёки бир Рамазонда 2 кун каффорати бўлган кимса биринчи каффоратни ўтамаган бўлса, иккиси учун битта каффорат ўтайди. Агар биринчи каффоратни ўтаган бўлса, иккинчиси учун алоҳида каффорат қилади.
Каффорат рўзаси хасталик, йўлчилик каби бир узр билан ёки байрам, Рамазон кунларига тўғри келиб қолиш сабаби билан бузилса, янгидан олтмиш кун тутиши керак бўлади. Байрам кунларида бузмаса, яна янгидан бошлаши керак. Ҳайз ва нифос сабаби билан бузилса, янгидан бошламайди. Тозалангач, қолган кунларини тутади. Рамазонда узрсиз рўза тутмаслик ҳаромдир, катта гуноҳдир. Аввало тутмаган рўзалар учун тавба қилинади. Сўнгра неча кун тутмаган бўлса, шунча кун қазосини тутади. Бир кимса Рамазонда 30 кун рўза тутмаган бўлса, тутмаган куни қадар қазо рўза тутади. Буларга каффорат керак бўлмайди. Каффорат рўза тутмасликнинг эмас, ният қилиб, сўнгра рўзасини қасддан бузишнинг жазосидир. Жуда ҳам кексайиб қолган вафот этгунча Рамазон рўзасини ҳамда қазо рўзаларни тута олмайдиган қария ёки соғайишидан умид узилган хаста яширинча еб-ичиши мумкин. Ҳадиси шарифда “Рўза тутолмайдиган даражада кекса бўлган ва тузалишидан умид узилган хаста фидя беради” деб марҳамат қилинади. Жуда кексайиб, рўза тута олмаган кимса бой бўлса, ҳар куннинг рўзаси учун фидя беради. Фақир бўлган фидя бермайди, дуо қилади.
Фидя сифатида ҳар кун учун бир фитра миқдори ун, хурмо ёки узум берилади. Масалан, 30 кун рўза учун 53 кг ун ёки 105 кг хурмо ёки узум бериши керак бўлади. Ёки буларнинг қийматини олтин ёки кумушда бериши мумкин. Фидяни бир ёки бир неча фақирга Рамазон ойининг бошида, охирида бериши мумкин. Фақир олган фидяни ўзи қўллангани каби, бошқа бировга ҳам бериши мумкин. Фидя бергандан кейин рўза тута оладиган ҳолга келган кимса, рўзаларнинг қазосини тутади. (Наҳр-ул-фаик)
Савол: Тиш табиби бўлган бир аёл “Унутиб еса ҳам рўза бузилади. Бузилмайди деган бир оят йўқ” дейди. Динимизда Қуръондан бошқа манба йўқми?
Жавоб: Бир кимсанинг ўз мутахассислигидан бошқа соҳада мутахассисдек гапириши, албатта, тўғри эмас. Қуръоннинг кўплаган жойларида “Фақат Аллоҳга эргашинг” дейилмайди “Аллоҳ ва Расулига эргашинг” деб буюрилган. Бундан ташқари, Расулуллоҳга тобе бўлиш Аллоҳга тобе бўлишдан бўлак нарса эмас. Қуръони каримда “У (Расулуллоҳ) ваҳий этилгандан бошқа нарсани гапирмайди” деб буюрилган. (Нажм, 3)
Бу ояти карима Пайғамбар жанобимизнинг дин ҳақида билдирганлари Аллоҳу таоло ваҳий этиб билдирган нарсалари эканлигини маълум қилмоқда. Бундан ташқари “Пайғамбар сизга нимани амр этган бўлса, уни олинг. Нимани тақиқлаган бўлса, ундан сақланинг” деб буюрмоқдадир. (Ҳашр, 7)
Демак, Аллоҳу таолонинг Қуръони каримда очиқча билдирмаган хусуслар бор бўлгани учун “Пайғамбарнинг амр этганларини қилинг, тақиқлаганларидан сақланинг” деб буюрилмоқда. Масалан, намозларни қандай ўқишимиз кераклигини Қуръондан тополмаймиз. Неча ракат ўқишимизни ҳам тополмаймиз. Қайси ракатда нималарни ўқишимиз кераклигини ҳам билмаймиз. Янглишсак нима қилишимизни ҳам билмаймиз. Буларни қаердан биламиз? Пайғамбар жанобимиз намозни қандай қилган бўлсалар, шундай ўқиймиз. Қайси ракатда нималарни ўқиган бўлсалар ёки нималар ўқиш кераклигини буюрган бўлсалар шуни қиламиз. Саждаи саҳвни ҳам Унинг билдиргани каби қиламиз. Рўзани бузадиган ва бузмайдиган жуда кўп нарсалар бордир. Укол рўзани бузадими ёки ҳайз ҳолида рўза тутиладими? Рўзанинг фарзлари нима? Буларни Пайғамбар жанобимиздан ўрганамиз. Биз Пайғамбар жанобимизга эргашсак, бошқа китобга кўра амал қилган бўламизми? Суннатлар Қуръондан бўлак нарсалар эмас. Аллоҳу таоло Расулга тобе бўлишимизни буюрмоқда. Аллоҳнинг бу амрига бўйсунишимиз нима учун бошқача қарши олинмоқда?
Доримийнинг билдирган ҳадиси шарифда Аллоҳу таолонинг амри билан Жаброил алайҳиссалом Қуръони каримни келтирганидек, очиқламаси бўлган суннатни ҳам келтирган. Ҳадиси шарифда “Пайғамбарларнинг ҳаром деб тақиқлаши, Аллоҳнинг ҳаром қилгани кабидир” деб марҳамат қилинган. (Термизий)
Доктор аёлнинг “Унутиб еса ҳам рўза бузилади. Бу ҳақида ояти карима йўқ” дейиши хатодир. Оятда бўлмаганлар суннатда билдирилган. Пайғамбар жанобимиз “Рўзадор ҳолида унутиб еб-ичган кимса рўзасида давом этсин. Чунки уни Аллоҳу таоло едириб-ичиргандир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий)
“Рўзадор кимса унутиб еб-ичса унга қазо керак эмас.” (Доре Кутни)
Оятларни ҳар ким ўз калласига кўра шарҳлаганликлари учун 72 бузуқ фирқа майдонга келди. Пайғамбар жанобимизнинг очиқлаганларига эргашилса эди, бу бўлинишлар бўлмасди. Ажралишлар Пайғамбар жанобимизга тобе бўлмасликдан келиб чиқмоқда. Ҳар ким Пайғамбар жанобимизнинг очиқламаларини асос қилиб олса, бўлинишлар бўлмайди.
Савол: Бир аёл каффорат рўзасини тутмоқчи бўлса, нима қилади? Менопаузани кутишимиз керакми?
Жавоб: Аёллар одат кунларида рўза тутмайдилар. Ундан кейин давом этадилар. Менопаузани кутмайдилар.
Савол: Ғийбат этганда, қон олдирганда рўза бузилмагани ҳолда бузилди ҳисоблаб, еб-ичган кимсага каффорат керак бўладими?
Жавоб: Ҳа. Еб-ичиш учун зарурат йўқ эди. Бузилдими деб бир билган одамдан сўраши керак эди.
Савол: 5 кун қазо рўзаси ва каффорат қарзи бўлган кимса рўзаларини қандай тутади? 65 кун орасини узмасдан тутиши керакми?
Жавоб: Йўқ, 60 кун рўза тутади. Қолган беш кунни истаган вақти тутади. Яъни орасини узиб тутиши мумкин. Аммо 60 кунлик рўзани орасини узмай тутиши керак.
Савол: Касаллигим кучайиб кетади деган хавотир билан рўзамни буздим. Аммо касаллигим кучаймади. Энди каффорат керак бўладими?
Жавоб: Ҳа, каффорат керак бўлади. Чунки хасталик кучаймаган.
Савол: Рўзадор киши бирданига кўп туз еса, каффорат керак бўладими?
Жавоб: Қазо қилиш керак бўлади. Агар оз туз еганида каффорат керак бўларди.
Савол: Рўза каффорати учун 60 кунлик пулни олган 40 кунлигини ўзи сарфлаб, қолган 20 кунлик пулни бошқа фақирга берса ва каффорат пулини берган кимсанинг бундан хабари бўлмаса, каффорат ўталган бўладими?
Жавоб: Бошқасига ҳам бериши мумкин деса жоиз.
Савол: Рўза каффорати пулини олган кимсанинг орасини узмай ейиши керакми?
Жавоб: Рўзада ораси узилмайди. Тўйдиришда эса орасини узиш мумкин.
Савол: Каффорат рўзасини тутаётганда ҳар кун учун алоҳида ният лозимми?
Жавоб: Алоҳида ният қилиш керак.
Савол: Беш рўза каффоратим бор. Барчаси учун ният этиб, бир каффорат тутсам, барчасини тутган ҳисобланаманми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қазо ва каффорат рўзасининг йилини билмаган кимса нима қилади?
Жавоб: Илк қазога қолган рўзага деб ният қилади.
Савол: Бир домла “Аёли билан жинсий алоқада бўлиш рўзани бузмайди” дейди. Алоқа рўзани бузмайдими?
Жавоб: Буни бир домла гапириши мумкин эмас. Муҳаққақ нотўғридир. Ҳатто жоҳил киши ҳам бундай гапни гапирмайди. Жинсий алоқада бўлиш рўзани бузади ва каффоратни лозим қилади. (Дурар)
Шофеъий мазҳабида алоқада бўлган эркакга каффорат керак, аёлига эса каффорат керак эмас. Фақат рўзаси бузилган бўлади, қазосини ўташ керак. (Туҳфа)
Жинсий алоқада қуйидаги шартлар бўлсагина каффорат лозим бўлади.
1. Рамазон рўзасини бузган бўлиши керак. Рамазон рўзасининг қазосини тутаётган бўлиши ёки бошқа рўза тутаётганга каффорат керак эмас.
2. Рамазон рўзасига имсокдан олдин ният этган бўлиши керак. Имсок вақтидан сўнг ният қилса ёки ҳеч ният қилмасдан алоқада бўлса, ҳаром ишлаган бўлса ҳам, фақат қазо керак бўлади.
3. Қасддан алоқа қилган бўлиши керак. Агар унунтиб алоқада бўлса, каффорат керак бўлмагани каби, рўза ҳам бузилмайди. Унутиш узр бўлади. Каффорат рўза бузишнинг эмас, муборак Рамазони шариф ойининг ҳурматини ерга уришнинг жазосидир.
4. Алоқа имсок вақтидан кейин, яъни кундуз куни бўлиши керак. Агар имсок вақтига ҳали бор деб ўйлаб алоқада бўлгандан кейин имсок вақтининг ўтиб кетганлигини билсалар, қасддан рўза бузмаганлиги учун каффорат керак бўлмайди. Фақат қазо керак бўлади.
5. Алоқадан кейин рўза тутолмайдиган даражада хаста бўлган кимсага каффорат керак бўлмайди. Бунинг каби бир аёлнинг алоқадан кейин ҳайз одати бошланса, каффорат керак бўлмайди.
6. Каффорат бўлиши учун яшаган жойида рўзани қасддан бузиши керак. Агар сафарда юриб рўзасини бузса, фақат қазо керак бўлади. Чунки сафарда рўза тутиш фарз эмас. Сафарда рўза тутмаган кимса кейин қазо этади.
7. Эр-хотин ўз хоҳишлари билан алоқада бўлган бўлишлари керак. Мажбуран алоқада бўлса, каффорат керак бўлмайди. Мажбурлаш – бир инсонни истамаган бир ишини қилиши учун ноҳақ зўрлаш деганидир. Бунинг мажбурлаш бўлиши учун 4 шарт мавжуддир: Зўрлаган кишининг қўрқитган нарсасини қила оладиган кучи бўлиши, зўрланганнинг қўрқитилган нарсанинг муҳаққақ қилинишини билиши, қўрқитилган нарсанинг ўлим ёки бир аъзосининг кесилиши ёки азобли бир нарса бўлиши, қилишга зўрланган нарсанинг қилиниши керак бўлмаган нарса бўлиши лозим. (Ибн Обидин, Дурар-ул-ҳуккам)
Баъзи кимсалар мастурбациянинг рўзани бузмаслигини, баъзилар эса бузишини ва каффорат керак бўлишини айтадилар. Буларнинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир. Мастурбациянинг рўзани бузиши ва фақат қазони керак қилиши Ҳиндия, Баҳр, Дурр-ул-мухтор ва бошқа фиқҳ китобларида ёзилган. Бир Рамазонда икки марта мастурбация қилганга каффорат ҳам керак бўлади. Чунки Рамазоннинг бир кунида қазони керак қиладиган бир нарсани ишлаб рўзасини бузган кимса, бошқа кунида ҳам бу нарсани қасддан қилса, каффорат керак бўлади.
Савол: Раҳматли бувим ёшлигида илк гўдагини эмизаётганда ухлаб қолиб, гўдак ҳам нафас ололмагани учун ўлган эди. Каффорат сифатида 60 кун рўза тутганди. Қилган иши тўғрими?
Жавоб: Ҳа, иши тўғри. Агар гўдакнинг валиси бўлган бобонгиздан ҳам кечирим сўраган бўлса, бошқа масала қолмаган.
Баланддан устига қулаб ёки ухлаётган кимсанинг ағдарилганда тагида қолиб (ёки моторли воситаларнинг уриб, босиб кетиши) натижасида хато билан бир кимсани ўлдирганида каффорат ҳам берилади.
Савол: Рўза каффорати ҳақида ҳадис борми?
Жавоб: Рўза каффорати ҳақидаги ҳадиси шариф шу маънодадир. Ҳазрати Абу Ҳурайра билдиради:
Бир кимса келиб шундай деди: - Ҳалок бўлдим, ё Расулуллоҳ!
- Сени ҳалок этган нима?
- Рамазонда аёлим билан бирга бўлдим. Рўзам бузилди.
- Бир қулни озод қилишинг керак.
- Қулим йўқ.
- Қулинг бўлмаса, орасини узмай 2 ой рўза тутишинг керак.
- Икки ой рўза ҳам тутолмайман.
- Олтмиш фақирга фитра беришинг керак (ун сифатида 53 кг).
- Буни ҳам қилолмайман.
Шу вақтда Расулуллоҳга бир сават қуруқ хурмо келтиргандилар. Ҳалиги кимсага буюрди:
- Мана буларни олиб, фақирларга садақа қилиб тарқат!
- Кимга бераман, ё Расулуллоҳ! Бу шаҳарда биздан фақирроқ ҳеч ким йўқ. Изн берсангиз буларни оиламга олиб борсам.
Расулуллоҳ муборак тишлари кўринадиган даражада кулдилар ва унга:
- Олиб бор, уларга едир. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа)