Рўза тутмасликни мубоҳ қиладиган узрлар

Савол: Рўза тутмасликни мубоҳ қиладиган узрлар қайсилар?

Жавоб: Рўза тутмасликни мубоҳ қиладиган узрлар қуйидагилар:

1) Хасталик. Касал бўлган ёки рўза тутса, касаллиги кучайиб кетадиган кимса рўза тутмайди ёки тутса ҳам бузиши мумкин. Касал боқувчи иши асносида қийналадиган бўлса, рўза тутмаслиги мумкин.

2) Сафарийлик. 104 кмдан узоққа йўлга чиққан кимса, 15 кундан оз қолишга ниятланган жойида сафарий бўлади. Сафарда қийинчилик бўлса ёки қазога сабаб бўладиган бир ҳолат бўлса, рўзани қазога қолдириши мумкин. Ҳадиси шарифда: “Сафарда қийинчилик билан рўза тутиш, тақво ҳисобланмайди”,- деб марҳамат қилинди. (Бухорий)

3) Ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бўлиш. Ўзига ва фарзандига бирор зарар етадиган бўлса, ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бор аёл рўза тутмайди. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло ҳомиладор ва эмизикли фарзанди бор аёлга рўза тутмаслиги учун рухсат берди. Рўзасини кечиктиришга изн берди.”- деб марҳамат қилинди. (Абу Довуд, Термизий, Насоий)

Эмизувчи аёл ўзининг ёки бошқанинг фарзандини эмизса ҳам ҳукм бир хил.

4) Очлик ва чанқоқлик. Ҳаддан ташқари очиққан ва чанқаган кимса ўлим таҳликаси бўлса, эс-ҳушидан ажраладиган бўлса ёки хасталаниб бир зарарга дучор бўладиган бўлсагина рўзасини буза олади.

5) Кексалик. Рўза тута олмайдиган қари кишининг тузалиш эҳтимоли бўлмаса, тута олмаган кунлари учун фидя беради. 30 куннинг фидяси 53 кг ун бўлади. Ёки бўлмаса 53 кг унга етадиган олтин бериши ҳам мумкин.

6) Қўрқитиш. Рўзадорга “Рўзангни бузмасанг сени ўлдирамиз ёки бир аъзонгни кесамиз” деб таҳдид қилишса, айтганларини қилишга кучи етадиган бўлса ва ёлғондан қўрқитмаётган бўлса, рўзадорнинг рўзасини бузиши мубоҳ бўлади.

Рамазони шарифда рўза тутишнинг жуда савоби кўп. Узрсиз рўза тутмаслик катта гуноҳ. Ҳадиси шарифда: “Рамазонда узрсиз бир кун рўза тутмаган одам бунинг ўрнига бутун йил рўза тутса ҳам, шу бир куннинг савобига эриша олмайди”,- деб марҳамат қилинди. (Термизий)

РЎЗА ТУТА ОЛМАСЛИК

Савол: Ишлайдиган жойим жуда иссиқ, рўза тутиб ишлашим мумкин эмас. Ишдан дам олишга рухсат бермадилар. Ишламасам бола-чақам нафақасиз қолади. Рўзани ҳозир тутмасдан қишда қазосини тутиб берсам бўладими?

Жавоб: Ибн Обидин ҳазратлари бу хусусда шундай деган: “Нафақага муҳтож бўлган кимса ишлаганда касал бўлишини билса, рўзасини очади. Ойлик билан ишлашга келишган ишда иш соҳиби рамазонда рухсат бермаса, ўзининг ва оиласининг (1 кунлик) нафақаси бор кишилар рўзасини бузмайди. Чунки бундай кишининг тиланиши ҳаром. Умуман нафақаси бўлмаса, рўзага зарар бермайдиган бошқа енгилроқ иш топиши керак бўлади. Агар иш тополмаса, ўз ишида ишлаб, рўзасини очиши жоиз бўлади. Шунингдек, экин эккан кимсага Рамазон ойининг рўзаси зарар берадиган бўлса, яъни рўза сабабли экинга қарай олмай, экини зарар кўрса (ёки бино қураётганлар рўза баҳона устини ёпа олмай иншоот ёмғирда ивиб қулаш таҳликаси бўлса) ва буларни ишлатишга ишчи тополмаса, рўза тутмасдан шу ишларни тугатиб олиши жоиз бўлади. Иши битгач, рўзасини тутади ҳамда Рамазондан сўнгра тутолмаган рўзаларининг қазосини тутади. Гуноҳ бўлмайди. Чанқоқликдан касалланиши, ўлиши муҳаққақ бўлган ҳар қандай одам рўзасини бузиб, кейин қазо тутиб бериши мумкин. Каффорат қилмайди.” (Радд-ул-мухтор)

РЎЗАНИ ҚАЗОГА ҚОЛДИРМОҚ

Савол: Рамазонда ёзга тўғри келганда иссиқ кунларнинг рўзасини қазога қолдириб, қишда тутса савоби камаядими?

Жавоб: Диний бир узр бўлмасдан, рўзани қазога қолдириш ҳаром, катта гуноҳ. Намозни ҳам қазога қолдириш мана шундай катта гуноҳ. Ҳар бир ибодат ўз вақтида қилиниши керак. Сизга битта-яримта “30 кун емай-ичмай тургин, қишда сенга 30 ойлик нафақа бераман” деса ёки сиз жуда оч ва чанқаган бўлсангиз битаси келиб “Ҳозирча ҳеч нарса емай-ичмай тургин, бир ойдан кейин сенга минг тонна нон билан бир тонна сув бераман” деса сиз нима деб жавоб берасиз?

Рўза ибодати диний бир узр билан қазога қолдирилса, тавба қилиб, қазоси тутилганда фақат жазодан қутулади. Рамазони шариф ойида тутилган рўзанинг савобига эриша олмайди. Умр бўйи рўза тутса ҳам, Рамазон ойида тутилган бир кунлик рўзанинг савобига етиб бўлмайди. Муҳтарам пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки: “Аллоҳу таоло менинг умматимга Рамазони шарифда беш нарсани эҳсон қиладики, буларни ҳеч бир пайғамбарнинг умматига бермаган:

1. Рамазоннинг биринчи кечасида рўза тутиш учун ўрнидан турганга Аллоҳу таоло раҳмат билан назар солади. Раҳмат билан назар солган қулига умуман азоб бермайди.

2. Ифтор вақтида рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳу таолога ҳар қанақа ҳиддан аълодир.

3. Фаришталар Рамазон ойининг ҳар кеча ва кундузида рўза тутганларнинг авфи, кечирилиши учун дуо қилишади. Фаришталар гуноҳсиз бўлгани учун дуолари қабул бўлади.

4. Аллоҳу таоло жаннатда рўза тутганларга хос кўшклар эҳсон қилади.

5. Рамазони шарифнинг сўнгги кунида рўза тутган мусулмонларнинг барчасини авф этади. (Байҳақий)

“Аллоҳу таоло ҳар оқшом, ифтор вақтида бир миллион кишини жаҳаннамдан озод қилади.” (Дайламий)