Суннатга эргашишнинг аҳамияти

Савол: Мусулмончиликда "Бирон маконга ўнг ёки чап оёқда кирилади, ўнгдан бошланади, тоқ рақам бўлишига риоя қилинади" деган қоидалар ҳақида гапирилади. Шунга ўхшаган нарсаларга аҳамият беришнинг яхши эканлиги айтилади. Уларни бажармаса гуноҳ бўладими? Нима учун уларга аҳамият берилади?

 Жавоб: Буларга урф-одатларга боғлиқ бўлган суннатлар дейилади. Буларни қилмаслик гуноҳ бўлмайди. Ҳатто макруҳ ҳам эмас. Лекин турмуш одатига тегишли хусусларда ҳам Расулуллоҳга эргашиш дунё ва охиратда инсонга кўп нарса қозонтиради, турли саодатларга йўл очади.

Ҳар бир ишда Пайғамбаримизга эргашиш, ҳар доим уни хотирлаш, у билан робита қуриш ғафлатдан қутулишга ёрдам беради. Мусулмон ҳар ишда ақл билан ҳаракат қилиши керак, қадамини қандай босаётганини, қаерга босаётганини билиши керак. Қаерга қайси оёқ билан кириб, қайси оёқ билан чиқиши кераклигини идрок этиши керак. Мутлақ мужтаҳид бўлган имом Суфён ҳазратлари бир куни масжидга кираётиб, ўйланмасдан қадам ташлайди, сўнгра буни англаб ўз-ўзига айтадики: “Бу ерга агар бир ҳайвонни, бир ҳўкизни келтирсалар, ё ўнг оёғи билан ё чап оёғи билан киради. Эй Суфён, сенинг шу ҳайвондан фарқинг бўлиши керак эди, қайси оёғинг билан кириш кераклигига диққат этишинг лозим эди. Диққат қилмаганинг учун бугундан бошлаб номинг савр – ҳўкиз бўлсин.”

Ҳақиқатан, бугун барча китобларда бу буюк зотнинг исми имоми Саврий номи билан машҳурдир. Шундай экан, ҳар бир ишда Расулуллоҳнинг суннатига эргашиш керак. Суннатга эргашиш учун яхши, пок ишларга киришишда ўнг тарафдан бошлаш керак, бир нарса олаётганда миқдорининг тоқ бўлишига, яъни 1, 3, 5, 7 каби бўлишига риоя этиш керак. Масжидда, уйда, автобусда ўнг тарафни танлаш керак. Иложи бўлса қиблага қараб ўтириш керак. Қўлларимиз тоза бўлса ҳам, овқатдан олдин қўлни ювиш керак. Таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш керак. Маънавий тозалик билан бир қаторда моддий тозаликка ҳам риоя қилиш керак. Таҳорат олаётганда тишларни мисвок билан тозалаш керак.

Камида ҳафтада бир марта жума куни ғусл олиш керак. Ҳар ҳафта соч, соқол, тирноқ олиш, қўлтиқ ва чот тукларини қириш суннатдир. Буларни бесабаб кечиктириб юбормаслик керак. Қирқ кундан ўтиб кетса гуноҳ бўлади.

 РАСУЛУЛЛОҲГА ЭРГАШИШ УЧУН

 Ҳазрати пайғамбаримиз қўлларида мингларча мўъжиза содир бўлган. Ўша мўъжизаларининг орасида энг қийматлиларидан бири беқиёс гўзал одоб ва чиройли ахлоқ эгаси бўлишларидир. Расулуллоҳга эргашиш учун қуйидагиларни ҳам қилишимиз керак:

Бой-камбағал, катта-кичик ҳар қандай одам билан юзма-юз келганда биринчи бўлиб салом бериш, кўришиш учун аввал биз қўл узатишимиз керак. Гуноҳ бўлмаган ҳар бир чақирилган жойга бориш керак. Барча билан яхши муомалада, очиқ чеҳра, ширинсўз бўлиш керак.

Расулуллоҳ жанобимиз ўзига хизмат этадиганлар билан ҳам яхши муомалада бўлардилар. Инсонларга раҳбарлик қиладиган кимсанинг Расулуллоҳга эргашиб, қўл остидагилардан келадиган ҳар қандай ташвишга тоқат қилиши керак. Чунки ташвишларга сабр қила олиш, чидай билиш хусусияти ҳар табақадаги инсон учун унинг яхши хулқ-атвор эгаси эканидан далолат берадиган чиройли ахлоқдир. Лекин бу хусусият, айниқса амирларда, бошлиқларда бўлса, ундан да чиройлироқ кўринади.

Ҳаммага нисбатан яхшилик қилиш керак. Мулойим ва сахий бўлиш керак. Лекин исрофдан сақланиш керак. Инсонларга раҳмдил бўлиш, ҳатто бир кишининг ҳам Жаҳаннамга тушишига рози бўлмаслик лозим. Барчага муносиб бир диний китоб ҳадя этишга ҳаракат қилиш керак. Ҳеч кимдан бирон нарса таъма қилиб, наф кутмаслик керак. Кам гапириб, кўпроқ эшитиш лозим.

Расулуллоҳ жанобимизнинг гўзал фазилатлари жуда кўп. Ҳар бир мусулмоннинг буларни ўрганиши ва ўзини ўша чиройли ахлоқ қоидалари бўйича тарбиялаши лозим. Мана шу орқали кишига дунё ва охиратда азоблардан қутулиш ҳамда икки жаҳон сарварининг шафоатига эришиш насиб этади.

 Савол:  Муҳтарам Пайғамбаримизнинг ҳақ пайғамбар эканликларини қабул қилиб, имон келтиргану фақат У зотга эргашмаган мусулмон Жаннатга кирадими?

 Жавоб: Муҳаммад Маъсум Фаруқий ҳазратлари айтадиларки: “Энг улуғ саодат - икки жаҳон сарвари бўлмиш Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тобе бўлмоқдир. Жаҳаннам азобидан қутулиш учун Аллоҳу таолонинг танлаган ва севган қулларининг Раисига эргашиш керак. Жаннат неъматларига эришиш Ўша зотга тобе бўлганларга хосдир. Аллоҳу таолонинг севгисига эришиш учун У зотга тобе бўлиш шарт. Унга эргашмаганларнинг тавбалари, тақволари, таваккуллари ва дуолари қабул бўлмайди. У зотнинг йўлида бўлмаганларнинг зикри, фикри, завқ ва шавқлари қадрсиздир. Барча пайғамбарлар Ўша зотнинг ҳаёт берувчи дарёси сувидан бир қадаҳга эришиш билан юксак даражаларга етдилар. Авлиёлар бу дарёдан бир ютим ичиш билан муродларига етдилар. Ер юзидаги фаришталар Унинг хизматчилари, кўкдаги фаришталар эса ошиқларидир. Ҳамма нарса, бутун мавжудот Унинг шарафига яратилган. Кулли олам Унинг муборак руҳидан файз олади. Аллоҳу таолонинг бор эканлигини оламга У зот овоза қилган. Оламларнинг ва уларнинг ичидаги барча мавжудотнинг Яратувчиси Ул зотни рози қилишни хоҳлаган. Ул зотга, Унинг оиласига ва Асҳобига биздан дуолар бўлсин. Бу улуғ Пайғамбар барчамиздан рози бўлсин!” (1-жилд, 10-мактуб)

“Эй саодатга эришишни хоҳлаган ақл соҳиблари! Бор кучингиз билан Расулуллоҳга тобе бўлишга ҳаракат қилинг. Бу давлатга, бу неъматга тўсиқ бўладиган ҳамма нарсадан юз ўгиринг! Таъсирли, оташин нутқлар отувчи чаламуллаларни ва катта мавқе-мансабу дипломлар қўлга киритган чаладомлаларни, яъни Сарвари оламга тобе бўлиш давлатидан маҳрум бир бенасиб жоҳилни, бир риёкор ғофилни кўрсангиз, уларнинг айтган-ёзганларига, теле-радио эфирларидаги "ваъз" номли жозибадор исмларга ўралган сафсаталарига учманг! Уларнинг уйдирма гапларининг инсонни фалокатга етаклашидан огоҳ бўлинг! Аксинча, ҳар турли риёкорликдан, хўжакўрсиндан йироқ, тавозе соҳиби бўлган ва Расулуллоҳга синчковлик билан эргашган зотларга эътимод қилишнинг, уларга ихлосманд бўлишнинг инсонни фалокатлардан қутқарувчи ҳақиқий бир даво эканлигини билинг!” Ҳусайн Ҳилмий Истанбулий

 Савол: Аллоҳга ошиқ бўлгим келади. Аллоҳни яхши кўриш учун Расулини ҳам яхши кўриш керакми?

 Жавоб: Аллоҳу таолонинг севгили Пайғамбарига тобе бўлмагунча Аллоҳу таолони севиш бахтига эришиб бўлмайди. Қуръони каримда маолан “Агар Аллоҳу таолони яхши кўрадиган бўлсангиз, менга тобе бўлингиз! Менга эргашганларни Аллоҳ севади” деб буюрилди. (Ол-и Имрон, 31) Аллоҳу таоло Ҳабибига одамларга шундай деб айтишларини амр қилди. Саодат пайида бўлган киши, ҳаётидаги барча одатларини, ибодатларини ва савдо-сотиқларини худди Расусуллоҳдек бажаришга ҳаракат қилиши керак. Бу дунёда бировнинг севгилисига ўхшашга ҳаракат қилганлар ҳам ошиққа ёқимли ва чиройли бўлиб кўринади. Натижада, ҳалиги ошиқ уларни ҳам севиб, ёқтиради. Худди шунингдек Аллоҳнинг суюклисини севганларнинг ўзлари ҳам ҳамиша Аллоҳ томонидан севиладилар. Суюклининг душмани севганнинг ҳам душманидир. Шу сабабдан кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган жами устунликларга фақат ўша улуғ Пайғамбарни севиш орқали эришилади. Юксалишнинг, муваффақият қозонишнинг ўлчови мана шу севгига боғлиқ.

Аллоҳу таоло суюкли Пайғамбарини инсонларнинг энг гўзали, энг яхшиси ва энг севигилиси қилиб яратди. Барча яхшиликни, барча гўзалликни, барча устунликни Унда жамлади. Асҳоби киромнинг барчаси Унга ошиқ эдилар. Ҳаммасининг қалби Унинг муҳаббати билан ёниб куярди. Унинг ой юзини, нур сочувчи жамолини кўриш лаззатларнинг энг тотлиси эди. Саҳобалари Унинг муҳаббати учун молларини ва жонларини фидо қилдилар.

Аллоҳни севаман деган мусулмонлар ҳам Асҳоби киромдек бўлиши керак. Севадиган кимса севгилисининг севганларини ҳам севади. Севгилисининг душманларига душман бўлади. Бу севги ва нафрат ошиқнинг изму ихтиёрида эмас, балки ўзлигидан ҳосил бўлади. Ошиқлар севгида ва душманликда худди телбадек бўлишади. Шунинг учун “Бир кимсага телба дейилмагунча унинг имони бутун бўлмайди” деб марҳамат қилинган. Ўз баданида шундай телбаликни ҳис қила олмаганлар, севишдан маҳрумдир. Дўстнинг душманларига душманлик қилмагунча дўстлик ҳаққоний бўлмайди. Севаман деб айта олиш учун севгилисининг душманларига душман бўлиш керак.

 Савол: Шунча муҳим масалалар турганда, "нима суннату нима макруҳ" деб вақт ўтказиш тўғри бўлармикан?

 Жавоб: Суннатнинг динимизда тутган ўрни жуда катта. Қуръони каримда маолан “У (Расулим) ваҳийдан бўлак нарсани гапирмайди” дейилган. (Нажм, 3-4)

“Расулимнинг берганларини олинглар, тақиқлаганларидан узоқ туринглар.” (Ҳашр, 7)

Масалан, ҳанафий мазҳабига мансуб бир мусулмон оғзи-бурнини чайиб, анҳорда ёки душ тагида чўмилса ғусл олган бўлиб ҳисобланади. Аммо, ҳеч қандай узри бўлмаса, бўлаверар эканку деб жўрттага суннатни тарк этмаслик керак.

Динимиз ҳамма нарсанинг энг яхшисини, энг чиройлигини билдирган. Модомики, бир киши ғусл олмоқчи экан, буни энг чиройли шаклда, яъни Расулуллоҳ жанобимизнинг суннатига мос равишда олиши керак.

Муборак ва тоза ишларга бошлаётганда ўнг тарафдан бошлаш суннати завоиддир, яъни мустаҳабдир. Мустаҳаб тарк этилганда гуноҳ бўлмайди. Масалан, масжидга ўнг оёқ билан кириш мустаҳабдир. Бир кимса чап оёғи билан масжидга кирса, гуноҳ қилган бўлмайди. Лекин бошқа биров уни кўриб “Масжидга ўнг оёқ билан кириш суннат, нимага чап оёқда кирдинг?” деса-ю, ҳалиги одам “Суннат бўлса нима қилибди” деб жавоб берса, нияти суннатга аҳамият бермаслик бўлса, куфрга тушади.

Бир кимса “фалон ишни қилмагин, чунки макруҳ” деса-ю, ёнидагиси “Қилсам нима бўлади” деб макруҳга аҳамият бермаса мусулмонликдан чиқади. Чунки бу қилмиши билан ўша суннат ёки макруҳни таблиғ қилган Муҳаммад алайҳиссаломни менсинмаган, ёқтирмаган бўлади.

Пайғамбаримизни ёқтирмаслик ўз навбатида У зотни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолони ёқтирмаслик бўлади. Бирон киши мустаҳабларни бажармаса ҳам, макруҳларга қўл урса ҳам, буларнинг аҳамиятини инкор этмаслиги керак. Фарзларда ҳам худди шундай. Бир кимса бир фарзни бажармаса мусулмонликдан чиқмайди. Лекин “Фарз бўлса нима бўпти” деб фарзнинг аҳамиятни инкор этса, Худо сақласин, имони кетади. (Ҳадиқа)

 Савол: Битта диний китобда “Фарз намозлар билан бирга суннатларни ҳам ўқиш ширк бўлади. Аслида умуман суннатлар билан машғул бўлган одам мушрикдир” деб ёзган. Суннат намозлари ҳам Аллоҳ учун ўқилмайдими? Пайғамбаримиз суннат намозларни ўқигани маэлум-ку! Энди муаллиф бу учун уларга ҳам (астағфируллоҳ!) мушрик демоқчими? Суннатларни бажарилишимизни, уларга (алайҳиссалом) эргашишимизни Аллоҳу таоло амр этган эмасми?

 Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) динда Аллоҳу таоло билдирган нарсалардан ўзга ҳеч нарса гапирмаганлар, ўзидан қўшмаганлар. Расулуллоҳнинг ўқиган намозлари ҳам, ҳозирда биз ўқиётган суннатлар ҳам барчаси Аллоҳу таоло учун қилинаётган ибодатлардир. Аллоҳ учун ўқилаётган суннатларга, нофила намозларга ширк дейиш, Аллоҳнинг Расулига эргашганларга мушрик дейиш бўлади. Расулуллоҳ ҳам нотўғри нарсалар айтишлари мумкин деб ўйлаш, Аллоҳу таолонинг каломини инкор бўлади. Чунки Аллоҳу таолонинг “Расулимга тобе бўлганлар қутулади” деган марҳамати турганда, бу каломга ишонмаслик Аллоҳу таолони инкор қилиш бўлади.

 БУ ДИН АДАБ ДИНИДИР

 Савол: “Пайғамбаримиз яшаган замон ва шарт-шароитдан келиб чиқиб белгиланган меёрларнинг ҳудуди фақатгина маҳаллий аҳоли билан чегараланган бўлиб, барча минтақаларни қамрамайди. Шунинг учун Пайғамбаримизнинг ўз урф-одатлари ва ўша замондаги татбиқ қилган суннатлари динан бизни алоқадор этмайди” дейиш жоизми?

Жавоб: "алоқадор этмайди" деган сўз нақадар чиркин! Имоми Раббоний ҳазратлари айтадиларки: “Муҳтарам пайғамбаримизнинг одат тариқасида қилган ишларини бажармаслик бидъат эмас. Буларни бажариш ё бажармаслик ўлкалар ва инсонларнинг одатларига боғлиқ бўлиб, диний ҳукм эмас. Ҳар бир ўлканинг урф-одати бошқа. Ҳатто ўлкаларнинг одатлари замон ўтиши билан ўзгариб туради. Лекин шундай бўлса-да, одатларга боғлиқ ишларда ҳам (бирон маъзурот бўлмаса) Расулуллоҳга тобе бўлмоқ дунё ва охиратда инсонга жуда кўп даражалар қозонтиради, саодатларга йўл очади.” (Мактубот 2/55)

Бу дин адаб динидур. Саволдаги хунук ифодада урф-одатлар назарда тутилган бўлса ҳам, Аллоҳу таолога ва унинг оламларга раҳмат қилиб юборган Расулига нисбатан одоб сақлаш керак. Гап шунчаки фалончи ё писмадончи ҳақида эмас, Аллоҳ ва Расули ҳақида эканлигини унутмаслик, адаб доирасидан чиқмаслик керак. Ояти карималарда маолан қуйидагича марҳамат қилинмоқда:

“Расулуллоҳда сизлар учун (олишингиз керак бўлган) гўзал ўрнаклар бор.” (Аҳзоб, 21)

“Расулим ўз истаги билан гапирмайди. Унинг (диний ҳукмларга тегишли) ҳар сўзи ваҳийдир. (Нажм, 3-4)

“Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик.” (Анбиё, 107)

“Расулим уларга айтгин: Менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни ҳам севади!” (Ол-и Имрон, 31)

Шундай улуғ пайғамбарнинг суннати завоид сифатида бажарган ишлари, кийинишлари, юришлари, гапиришлари, соқол қўйишлари, салла ўрашлари, ўнгдан бошлашдек одатларига "бизни алоқадор этмайди" дейиш ҳаддан ташқари хунук гап эмасми?