Кимларга мазҳабсиз деб айтилади
Савол: Диний китоблар ёзиб, динга хизмат қилаётган инсонларга маълум бир мазҳабга тобе бўлмади,- деган сабаб билан "мазҳабсиз" деб ҳақорат ва туҳматлар қилиш инсофданми?
Жавоб: “Мазҳабсиз” таъбири - диний таъбирдир. Ҳақорат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Дини бўлмаганга динсиз, ақли бўлмаганга ақлсиз, пули бўлмаганга пулсиз, мазҳаби бўлмаганга мазҳабсиз дейилади. Бу табиий нарса. Масалан, Афғоний, Абдуҳ ва Қарзовий деган шахсларнинг ўзлари: "бизнинг мазҳабимиз йўқ",- деб ҳамиша баралла жар солишган. Уларни ўзлари фахрланиб айтиб юрган сифатлари билан таърифлаш, яъни мазҳабсиз деб айтиш ҳақорат ёки туҳмат бўлмайди. Аксинча ҳақиқатни очиқча айтиш бўлади.
Мазҳабсизларнинг диний китоб ёзишлари динга хизмат эмас, динни ўзгартириш бўлади. Ундан кўра тўрт мазҳабнинг ҳукмларини нашр қиладиган бирон бир китоб ёзишса жуда яхши бўларди. Масалан, “Мезон-ул кубро”, “Мазоҳиби арбаъа” номли асарлар жуда мўътабар, яхши китоблар. Лекин китобида ҳар бир мазҳабнинг ижтиҳодларини, ҳукмларини алоҳида-алоҳида келтириб ўтгандан кейин "менимча тўғриси мана бу" дейиш жуда қалтис ва қўпол хатодир.
Савол: Мазҳабсиз одам ўз ақлига ёққани учун бир у мазҳабдан, бир бу мазҳабдан олиб ибодат қилса, лекин ақидасида аҳли суннат эътиқодига хилоф ҳеч нарса бўлмаса, бу одамга аҳли суннат дейилмайдими?
Жавоб: Бугунги вазиятда мавжуд тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлмаган одам асло аҳли суннат бўла олмайди. Аҳли суннат бўлиш учун тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлиш керак. Агар тобе бўлмаса мазҳабсиз бўлади. Мазҳабсиз одам айни пайтда умуман аҳли суннат бўла олмайди.