Пайғамбаримизнинг шафоати

Савол: Пайғамбаримиз умматга қандай қилиб шафоат қиладилар?

Жавоб: Қиёмат куни қабрдан биринчи бўлиб Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) турадилар. Эгниларида Жаннат либоси бўлади. Ливо-ул-ҳамд деб аталадиган байроқни тутиб, Буроқ (Жаннат жонивори) деган жониворга миниб, маҳшар майдонига борадилар. Пайғамбарлар ва барча одамлар мана шу байроқ тагида турадилар. Одамлар кутаверишдан чарчаб, аввало пайғамбарлардан ҳазрати Одамга, кейин ҳазрати Нуҳга, кейин ҳазрати Иброҳимга, кейин ҳазрати Мусо билан ҳазрати Исога бориб, ҳисоб-китобнинг бошланиши учун орага тушиб, шафоат қилишларини илтимос қилишади. Улар узр баён қилиб, Аллоҳу таолодан уялишларини айтиб, шафоат қила олишмайди. Ундан кейин одамлар пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга келиб ялиниб-ёлворишади. Пайғамбаримизнинг шафоатлари билан ҳисоб-китоб бошланади.

Энг аввало Унинг уммати Сиротдан ўтиб, Жаннатга киради. Кейин барча пайғамбарлар шафоат қилади. (Бухорий)

Пайғамбаримизнинг шафоати қуйидагича бўлади:

1. Мақоми Маҳмуд (энг юқори даражали) шафоати билан одамларни маҳшарда кутиш азобидан қутқарадилар.

2. Кўплаган одамларни ҳисоб-китобсиз Жаннатга киритадилар.

3. Азоб чекиши керак бўлган мусулмонларни азобдан қутқарадилар.

4. Гуноҳи кўп бўлган мусулмонларни дўзахдан олиб чиқадилар.

5. Савоби билан гуноҳи тенг бўлиб, Аросатда (Жаннат билан Жаҳаннам орасидаги бир жой) кутиб турганларнинг Жаннатга киришларига шафоат қиладилар.

6. Жаннатга кирганларнинг энди даражалари кўтарилишига шафоат қиладилар.

Шафоатлари билан ҳисоб-китобдан қутилган етмиш минг одамнинг ҳар бирининг шахсий шафоати натижасида яна етмиш минг одам савол-жавобсиз Жаннатга киради.

Ҳазрати Имом Раббоний “Сўнгги Пайғамбардек шафоат этгувчи зот бўлмаганида бу умматнинг гуноҳлари ўзларини ҳалок қилиб юборган бўларди. Бу умматнинг гуноҳлари кўп бўлса ҳам, Аллоҳу таолонинг марҳамати билан мағфирати чексиз. Аллоҳу таолонинг бу умматга бўлган кечирими ва марҳамати шу қадарки, бошқа ўтган умматларга ундай марҳамат қилгани номаълум. Худди тўқсон тўққиз раҳматини шу гуноҳкор умматга атагандек.

Аллоҳу таоло мағфират (кечиришни) ва раҳмат (раҳм) қилишни яхши кўради. Гуноҳи кўп бўлган бу умматдек авфу марҳаматга эришадиган ҳеч ким йўқ. Шу сабабдан ушбу уммат умматларнинг энг хайрлиси бўлди. Уларнинг шафоат қилувчи пайғамбарлари – пайғамбарларнинг энг устуни бўлди” деб айтганди.

Иймон билан ўлганларнинг барчасига шафоат

Иймон билан ўлганларнинг барчаси шафоатга қовушади. Дуҳо сурасининг “Албатта, Раббинг сенга (шафоат этиш ҳуқуқи билан жуда катта неъмат) беради, сен ҳам рози бўласан” дейилган 5-ояти каримасининг тафсирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Умматимдан бир одамга Жаҳаннамда қолса ҳам рози бўлмайман” дедилар. Шафоатга эриша олиш учун иймон билан жон таслим қилиш шарт. Иймон билан вафот этганлар абадиян қутилди, демакдир.

Ҳадиси шарифларда шундай дейилган:

“Қиёматда шафоат қиламан. Юрагида хантал уруғидай иймони бўлганларни Жаннатга киргиз дейман. Кейин юрагида озгина бир нарса бўлганларга ҳам Жаннатга киринглар дейман.” (Бухорий)

“Охиратда энг биринчи шафоат этадиган ва шафоати қабул бўладиган одам менман.” (Ибн Можа)

“Умматимдан Аллоҳга шерик қўшмай ўлганларга Аллоҳнинг рухсати билан шафоат қиламан.” (Бухорий, Муслим)

“Қиёмат куни энг биринчи бўлиб мен шафоат этаман.” (Муслим)

“Ҳар бир Пайғамбарнинг қабул бўладиган бир дуоси бор. Мен дуомни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим.” (Бухорий)

“Мендан аввал келган пайғамбарларнинг ҳеч қайсисига берилмаган бешта нарсанинг бири – шафоат. Ширк билан ўлмаган (иймон билан ўлган) одамларнинг барчасига шафоат қиламан.” (Баззор)

“Умматимдан катта гуноҳ қилганларга шафоат қиламан.” (Имом Аҳмад, Насои)

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) гуноҳкорларга шафоат этишини айтганларида, ҳазрати Абуддардо “Иймони бўлган ўғрилар ва зинокорлар ҳам шафоатга қовушадими?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Албатта, уларга ҳам шафоат қиламан” деб марҳамат қилдилар. (Хатиб)

“Гуноҳи кўп бўлганларга шафоат этаман.” (Хатиб)

“Нафсларига алданганларга шафоат этаман.” (Дайламий)

“Қиёматда қумнинг сонидан ҳам кўп одамга шафоат қиламан.” (Табароний)

“Қиёматда “Ё Рабби! Заррадай иймони бўлганни Жаннатингга қўйгин!” дейман. Барчаси Жаннатга киради.” (Бухорий)

“Шафоатимга ишонмаган одам ундан маҳрум қолади.” (Шира)

“Шафоатимга энг лойиқ одам – менга энг кўп саловот айтган одамдир.” (Тирмизий)

“Умматимдан битта-яримта ортда қолиб кетмадимикан, деган қўрқув билан Жаннатга кирганимда ҳам Аллоҳу таолога “Ё Раббим! Умматим, умматим!” дейман. Раббим “Умматингга нима қилишимни хоҳлайсан” деб буюради. Мен “Ё Раббим! Уларнинг ҳисобларини енгиллат ва тезлат, қийинчиликлардан қутилсин” дейман. Дўзахиларнинг рўйхати менга берилади. Уларга шафоат қиламан. Ҳатто Жаҳаннам назоратчиси Молик “Умматингдан жазоланадиган ҳеч кимни қолдирмадинг” дейди.” (Байҳақи, Табароний)

“Раббинг сенга (охиратда турли неъматлар, шафоат қилиш изнини) беради, сен эса, рози бўласан” деган маънодаги Дуҳо сурасининг 5-ояти каримаси тушганда Пайғамбаримизнинг “Умматимдан бир киши Жаҳаннамда қолса, рози бўлмайман” деб марҳамат қилганлари тафсирларда мазкурдир. (Тибён)