Пайғамбарларга тил текказилмайди
Савол: Баъзи бир Европа давлатлари матбуотида Расулуллоҳни ҳақоратлаш мақсадида карикатуралар чоп қилинганида интернет саҳифаларида уларга жавобан баъзи мусулмонлар орасида ҳам ҳазрати Исога номуносиб гаплар, карикатуралар қилинганига гувоҳ бўлдик. Қандай ҳолларда Пайғамбарга тил текказилган бўлиб ҳисобланади?
Жавоб: Кофирларнинг Пайғамбаримизга тил текказишларини баҳона қилиб, мусулмонларнинг ҳазрати Исонинг шонига ярашмайдиган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйишлари дин душманларининг ўйини. Мусулмонлар бу тузоққа тушмасликлари керак. Дин душманларининг ўзлари ҳақиқатда ҳеч қайси пайғамбарга ишонишмайди.
Бир Пайғамбар ҳақида “У – Худо” ёки “Худонинг ўғли” деб айтиш у зотни инкор қилиш демакдир. Яъни улар учун ҳеч нарса ўзгармайди, кофир барибир кофирлигича қолади, тил текказгани учун қайтадан кофир бўлмайди. Ҳолбуки мусулмон ҳеч бир Пайғамбарга тил текказмайди. Бутун Пайғамбарлар мусулмон (иймонли) эди, барчасига ишониб, барини яхши кўришимиз иймоннинг шартларидан бири.
Иймоннинг тўртинчи шарти – Пайғамбарларга ишониш. Амантудаги “Ва Русулиҳи” сўзи – Аллоҳу таолонинг пайғамбарларига ишониш деганни билдиради.
Пайғамбарларнинг аввалгиси Одам алайҳиссалом ва сўнггиси бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам)дир. Бу иккаласининг орасида кўплаган Пайғамбарлар келиб кетган. Аниқ сони маълум эмас. Юз йигирма тўрт мингдан кўп эканлиги айтилади.
Пайғамбарларга ишониш дегани – ҳеч қайсисини паст кўрмай, барчасини Аллоҳ тарафидан танланган, ҳақ эканликларига ишонишга айтилади. Улардан биттасига ишонмаслик ҳеч қайсисига ишонмаслик бўлади.
Аллоҳу таоло дастлабки инсон ва дастлабки пайғамбар бўлган Одам алайҳиссаломдан бери ҳар минг йилда Расуллар орқали одамларга динлар юборган. Улар орқали одамларнинг дунёда тинч ва осуда ҳаёт кечиришлари ҳамда охиратда чексиз бахтга етиш йўлларини билдирган. Янги дин олиб келган Пайғамбарлар “Расул” деб аталади. Расулларнинг устунларига “Улул-азим” пайғамбарлар дейилади. Улар: Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад (алайҳиссалоту вассалам).
Одам алайҳиссаломдан бошлаб сўнгги Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарларнинг бари бирдай иймонни тарғиб қилган, барчасининг умматларига ўргатган иймон асослари бирдек бўлган. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломга ишониб, Исо алайҳиссалом билан Муҳаммад алайҳиссаломга ишонмайдилар. Христианлар бўлса, Исо алайҳиссаломга ишониб, Муҳаммад алайҳиссаломга ишонмайди. Мусулмонлар эса пайғамбарларнинг барчасига ишонишади. Пайғамбарлардан ҳохлаган бирига ишонмаслик ёки масхара қилиш куфрдир, яъни бундай қилган одам кофир бўлади.
Аллоҳу таолонинг бор ва бир эканлигини тарғиб қилувчи самовий динларнинг барида, одамлар тарафидан ўзгартиришга учрагунга қадар, амалга тегишли ҳукмлари бошқа-бошқа, лекин иймонга тааллуқли нарсалар эса бирдай эди. Бутун Пайғамбарлар мусулмон эди. Масалан, яҳудийлар билан насронийлар томонидан “фақат бизнинг Пайғамбаримиз” деб таърифланадиган Набийлар ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
“Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва барининг авлодлари (мусулмон). Уларни яҳудий ёки насроний деб юрганларга “Сизлар яхши биласизларми ёки Аллоҳ яхши биладими? Аллоҳнинг билдирганларини яширадиган одамдан ҳам золимроқ ким бўлиши мумкин?” деб айтгин.” (Бақара, 140)