Нофила намозлар

Намоз қандай ўқилади (видео)

Намозга моне бўлган ишда хайр йўқ

Савол: Йиғилиб китоб ўқиётганда, суҳбатни ярмида узиб қўймаслик учун шом ва хуфтон намозини кечиктириб, макруҳ вақтга қолдириш жоизми?

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Нима бўлса бўлсин, намозга моне бўладиган ҳар қанақа ишда хайр бўлмайди. Шом намозини ярим соат кейинга, хуфтон намозини эса кечанинг ярмидан кейинга қолдириш таҳирман макруҳдир. Имом Раббоний ҳазратлари айтадики: “Бир одобга риоя қилиш ва танзиҳан бўлса ҳам бир макруҳдан сақланиш зикр ҳамда тафаккурдан анча фойдалидир. Таҳриман макруҳдан сақланишнинг фойдасини бу ердан тушуниш лозим. Шундай экан, таҳриман макруҳ бўлиб ўқилган намозларни қазо этиш керак. Имом Аъзам ҳазратлари таҳоратнинг одобларидан бир одобни тарк этгани учун қирқ йил ўқиган намозини қазо этиб ўқиган.” (1/29)

Ҳолбуки одобни тарк этиш макруҳ ҳам эмас. Демакки, намоз ўқиётганда, таҳорат олаётганда одобларига ҳам риоя этишга ҳаракат қилиш керак. Айниқса, макруҳ ишлаш дуруст эмас.

Савол: “Саодати абадия” китобининг қазо намозлари баҳсида “Бир намозни вақти ичида такрор ўқишга иёда дейилади” деб ёзилган. Узр баҳсида эса “Намоз вақти чиққандан кейин кейинги намоз вақти ичида узрли ҳолати тўхтаса, аввалги намозини иёда этади” дейилган. Намоз ўз вақтидан кейинга қолса, қазо бўлмайдими?

Жавоб: Бир намозни ўқигандан кейин ҳар қанақа бир сабаб билан бу намозни қайта ўқишга иёда дейилади. Бу одатда шу вақтнинг ичида бўлади. Узр ҳоли эса бундан мустаснодир. Масалан, Ҳанафий мазҳабига кўра, пешин намози вақтида узрли ҳолати бошланган кимса, вақтнинг сўнггига қадар кутади ва намозини ўқийди. Аср намози вақтида узрли ҳолати тўхтаса, пешин намозини қайта ўқиши керак бўлади. Бунга ҳам иёда дейилади. У кимса намозини ўз вақтида ўқиган эди, қазога қолдирмаганди, аммо узри бўлгани учун узрли ҳолатда ўқиганди. Пешиндан сўнг узрли ҳолати тўхтагандан кейин намозини иёда этиши керак. Бундай ҳолатларда моликий мазҳаби тақлид этилса, намози саҳиҳ бўлади. Иёда этишга зарурат қолмайди.

Савол: Намозда “Оҳ”, “Уф” каби овоз чиқариш намозни бузадими?

Жавоб: Ҳа, бузади. “Уф” деб, ташвишини, ғамини билдириш ҳам бузади. Хастанинг ўз қўлида бўлмасдан “Оҳ”, “Уф” дейиши, йиғлаши намозни бузмайди. (Саодати абадия)

 

Батафсил


Ёлғиз ўқийдиган аёл кишининг намози

Масалан, бомдод суннатининг ўқилиши
   

Вужуднинг шакли билинмайдиган, сезилмайдиган қилиб кенг ва узун бир либос кийилади. Кафтлар ва юздан бошқа бутун аъзолар аврат бўлгани учун ёпилади. Намозда ўқиладиган дуо ва суралар эр ва хотин кишиларга қараб ўзгармайди, яъни бир хилда ўқилади. 

«Аллоҳ ризоси учун Қиблага ўгирилдим ва бугунги Бомдод намозининг суннатини ўқишга ният қилдим»-деб кўнгилдан ўтказилгач, “Аллоҳу акбар” деб, қўллар қулоққа кўтарилмайди, балки елка ҳизосига кўтарилиб, бармоқлар жипс ҳолда, кафт ичи Қиблага қаратилиб, такбир олинади.

 

Қўллар кўкрак узра бармоқ оралари ёпиқ ҳолатда, ўнг қўл чап қўл устига қўйилади. Шу тариқа намозга кирилган бўлади.

Кўзлар сажда жойига қараб турган ҳолда;

а) Субҳонака ўқилади.

б) Аъузу-бисмиллоҳдан кейин Фотиҳа ўқилади.

в) Фотиҳадан кейин «омин» дейилиб, бир Замми сура ўқилади. [Шофеъий мазҳабида фотиҳа билан замми сура орасида бисмиллоҳ айтилади.]

Замми сурадан кейин “Аллоҳу акбар”- деб, рукуъга борилади. Аёл киши рукуъда 90оС даража эгилмайди ва орқасини бир текисда тутмайди. Бу вазиятда уч марта “Субҳона роббиял озым” дейилади. Беш ёки етти марта ҳам айтилиши мумкин.

 Кейин “Самиъ аллоҳу лиман ҳамидаҳ”- деб қад ростланади. Бу пайтда кўзлар сажда жойидан узилмайди. Қад ростлаб бўлгач, “Роббана лакал ҳамд”-дейилади. [Қад ростлаб тик туришга қавма дейилади.]

Сўнгра дарров “Аллоҳу акбар” дейилиб саждага борилади.

Саждага бораётганда навбат билан:

 а) Ўнг тизза, чап тизза, ўнг қўл, чап қўл, бурун ва пешона ерга қўйилади.

 б) Оёқ бармоқлари қиблага қараб букилади.

 в) Бош икки қўлнинг орасига олинади.

 г) Қўл бармоқларининг ораси ёпиқ бўлади.

 д) Ҳовуч ичи ерга текис теккизилади.

 е) Кўзлар буруннинг икки ёнига қараб туради.

 ж) Саждада тирсаклар ерга қўйилади. Қўллар биқинга ва сон ҳам қоринга тегиб туради

 з) Бу вазиятда камида уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейилади.

Сўнгра “Аллоҳу акбар” дейилиб, ташаҳҳудга ўтирилади. Ташаҳҳудда чап ва ўнг оёқ, ўнг тарафдан чиқарилиб чап оёқ устига ўтирилади. [Бу вазиятда бир марта «Субҳоналлоҳ» дейдиган миқдор жим ва қимирламасдан турилади. Бу ҳаракатсизлик таъдил-и аркондан бўлиб, вожибдир.]                      

Кўп кутилмасдан “Аллоҳу акбар”- деб иккинчи саждага борилади. [Икки сажда орасидаги ўтиришга жалса дейилади.]

Саждада яна энг кам уч марта “Субҳона роббиял аъло” дейилгач, “Аллоҳу акбар”- деб қад ростланади. Ўриндан турилаётганда қўллар билан ерга таянилмайди; Оёқлар ўрнидан ўйнатилмайди. Саждадан туришда навбат билан аввал пешона, сўнгра бурун, кейин чап қўл ва ўнг қўл, чап тизза ва ўнг тизза ердан кўтарилади. Бу ҳаракатлар давомида бошқаларнинг диққатини жалб қилмайдиган, сезиларсиз ҳаракат қилиш яхши.

Қиёмда яна кўзлар сажда жойида бўлиб, аввал Бисмиллоҳ сўнгра Фотиҳа, ундан кейин замми сура ўқилади. Кейин “Аллоҳу акбар”- деб рукуъга эгилинади.

Иккинчи ракъат ҳам, худди биринчи ракъатда таъриф қилинганидек адо этилади. Фақат, иккинчи саждадан кейин “Аллоҳу акбар”- деб туриб кетилмасдан ташаҳҳудга ўтирган ҳолда;

а) “Аттаҳиёту”, “Аллоҳумма солли”, “Аллоҳумма борик” ва “Роббана отина” дуолари ўқилиб аввал ўнг елкага кейин чап елкага алоҳида алоҳида “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”- деб, намоз тугатилади.

б) Салом бергандан кейин “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом таборакта ё зал жалоли вал икром” дейилади ва ҳеч бир ортиқча нарса қўшимча қилинмасдан, гапирмасдан ва ортиқча ҳаракат қилинмасдан бомдод намозининг фарзига киришилади. Чунки Оловуддин Ҳаскафий ҳазратларининг “Дурр-ул-мухтор” номли китобларида «Суннат билан Фарз намози орасида гапириш, ўқилган суннатни бузмаса ҳам савобини кетказади. Бу орада дуо (ёки сура) ўқиш ҳам бидъатдир. Баъзи олимлар: «Бу ҳолда суннат намози қабул бўлмайди бошқатдан ўқиш лозим бўлади»- дедилар.»- деб ёзилган.

 

Фарз намозини ҳам битиргач, уч марта “Астағфируллоҳ” деб кейин “Оятал-курси” ва 33 (ўттиз уч) тасбиҳ [Субҳоналлоҳ], 33 таҳмид [Алҳамдулиллоҳ], 33 такбир [Аллоҳу акбар] ва бир таҳлил [Ло илоҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу ло шарикалаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъло кулли шай’ин қодийр] ўқилади. Буларнинг тамомини ҳар бир намозхон ўзи мустақил, овоз чиқармасдан ўқиш керак. Ким бўлишидан қатъий назар бу тасбиҳ дуоларини баланд овозда ўқиш бидъатдир.

Тўрт ракъатлик суннатларнинг ва фарзларнинг иккинчи ракъатида ташаҳҳудга ўтирилиб “Аттаҳиёту” ўқилгач, ўрнидан турилади. Суннат намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида Фотиҳадан кейин замми сура ўқилади. Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида фақатгина Фотиҳа ўқилади, Замми сура ўқилмайди. Шом намозининг фарзи ҳам шу тариқа ўқилади. Яъни учинчи ракъатда Замми сура ўқилмайди. Витр намозининг ҳар учала ракъатида ҳам Фотиҳадан кейин Замми сура ўқилади. Кейин қўллар қулоққа кўтарилиб такбир айтилади. Қўл боғлангач “Қунут дуолари” ўқилади. Суннати ғайри муаккада бўлган Аср ва Хуфтон намозининг тўрт ракъатлик аввалги суннатлари ҳам, нариги суннатлар каби ўқилади. Фақат, уларнинг иккинчи ракъатларидан кейинги ўтиришда “Аттаҳиёту” билан бирга “Аллоҳумма солли” ва “Аллоҳумма борик” дуолари ҳам ўқилади.

Намоздан кейинги дуо қисмида, кафтлар кўкка кўтарилиб бир-бирига параллел вазиятда тутилади. Эркаклар каби олдинга узатилмайди, балки тирсак зиёдароқ букилиб, кафтлар юзга қарши эгик тутилади.

Аёл киши эркакларга имом бўлолмайди. Хотин кишининг хотинларга имомлик қилиши ҳам макруҳдир.

Батафсил


Ёлғиз ўқийдиган эр кишининг намози

 

Масалан, бомдод суннатининг ўқилиши

 

1. Аввало қиблага қараб турилади. Оёқ ораси бир-биридан тўрт бармоқ энида бўлиб, параллел тутилади. Қўлнинг бош бармоғи қулоқ юмшоғига текказилиб, ҳовуч ичи қиблага қаратилади. Бармоқ оралари озмунча очиқ тутилади.

«Аллоҳ ризоси учун Қиблага ўгирилдим ва бугунги Бомдод намозининг суннатини ўқишга ният қилдим»-деб кўнгилдан ўтказилгач, “Аллоҳу акбар” деб, қўллар киндик узра, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш билан боғланади.

 

Ўнг қўлнинг бош ва кичик бармоқлари чап билакни ҳалқа қилиб ўраб туради. Нариги учта бармоқ эса чап билакнинг устига қўйилади.

2. Кўзлар сажда жойига қараб турган ҳолда;

а) Субҳонака ўқилади.

б) Аузу-бисмиллоҳдан кейин фотиҳа ўқилади.

в) Фотиҳадан кейин «омин» дейилиб, бир Замми сура ўқилади. [Шофеъий мазҳабида Фотиҳа билан замми сура орасида бисмиллоҳ айтилади.]

 

3. Замми сурадан кейин “Аллоҳу акбар”- деб, рукуъга борилади. Рукуъда кафтлар билан тизза кўзлари қопланиб ушланади. Бел, орқа ва бош бир текис ҳолда тутилади. Кўзлар оёқ учига қараб туради. Бу вазиятда уч марта “Субҳона роббиял озым” дейилади. Беш ёки етти марта ҳам айтилиши мумкин.

4. Кейин “Самиъ аллоҳу лиман ҳамидаҳ”- деб қад ростланади. Бу пайтда шимнинг балоғи тортилмайди ва кўзлар сажда жойидан узилмайди. Қад ростлаб бўлгач, “Роббана лакал ҳамд”-дейилади. [Қад ростлаб тик туришга қавма дейилади.]

 

5. Сўнгра дарров “Аллоҳу акбар” дейилиб саждага борилади.

Саждага бораётганда навбат билан:

 а) Ўнг тизза, чап тизза, ўнг қўл, чап қўл, бурун ва пешона ерга қўйилади.

 б) Оёқ бармоқлари қиблага қараб букилади.

 в) Бош икки қўлнинг орасига олинади.

 г) Қўл бармоқларининг ораси ёпиқ бўлади.

 д) Ҳовуч ичи ерга текис теккизилади.

 е) Кўзлар буруннинг икки ёнига қараб туради.

 ж) Тирсак биқиндан, сон қориндан узоқ тутилади.

 з) Бу вазиятда камида уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейилади.

 

6. Сўнгра “Аллоҳу акбар” дейилиб, чап оёқ учи ўнг тарафга ётқизилади. Ўнг оёқ тик ҳолатда бармоқ учлари Қибла истиқоматида букилган бўлади. Чап оёқ устига ўтирилади. Қўл бармоқлари учлари тиззанинг букилган жойига тўғри келтирилиб, оралари бироз очиқ ҳолда сон устига қўйилади. [Бу вазиятда бир марта «Субҳоналлоҳ» дейдиган миқдор жим ва қимирламасдан турилади. Бу ҳаракатсизлик таъдил-и аркондан бўлиб, вожибдир.]                      

7. Кўп кутилмасдан “Аллоҳу акбар”- деб иккинчи саждага борилади. [Икки сажда орасидаги ўтиришга жалса дейилади.]

8. Саждада яна энг кам уч марта “Субҳона роббиял аъло” дейилгач, “Аллоҳу акбар”- деб қад ростланади. Ўриндан турилаётганда қўллар билан ерга таянилмайди; Оёқлар ўрнидан ўйнатилмайди. Саждадан туришда навбат билан аввал пешона, сўнгра бурун, кейин чап қўл ва ўнг қўл, чап тизза ва ўнг тизза ердан кўтарилади. Бу ҳаракатлар давомида бошқаларнинг диққатини жалб қилмайдиган, сезиларсиз ҳаракат қилиш яхши.

9. Қиёмда яна кўзлар сажда жойида бўлиб, аввал Бисмиллоҳ сўнгра Фотиҳа, ундан кейин замми сура ўқилади. Кейин “Аллоҳу акбар”- деб рукуъга эгилинади.

 

10. Иккинчи ракъат ҳам, худди биринчи ракъатда таъриф қилинганидек адо этилади. Фақат, иккинчи саждадан кейин “Аллоҳу акбар”- деб туриб кетилмасдан чап оёқ устига ўтирилади ва кўзлар ўнг тиззада бўлган ҳолда;

а) “Аттаҳиёту”, “Аллоҳумма солли”, “Аллоҳумма борик” ва “Роббана отина” дуолари ўқилиб аввал ўнг елкага кейин чап елкага алоҳида алоҳида “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”- деб, намоз тугатилади.

б) Салом бергандан кейин “Аллоҳумма антассалом ва минкассалом таборакта ё зал жалоли вал икром” дейилади ва ҳеч бир ортиқча нарса қўшимча қилинмасдан, гапирмасдан ва ортиқча ҳаракат қилинмасдан бомдод намозининг фарзига киришилади. Чунки Оловуддин Ҳаскафий ҳазратларининг “Дурр-ул-мухтор” исмли китобларида «Суннат билан Фарз намози орасида гапириш, ўқилган суннатни бузмаса ҳам савобини кетказади. Бу орада дуо (ёки сура) ўқиш ҳам бидъатдир. Баъзи олимлар: «Бу ҳолда суннат намози қабул бўлмайди бошқатдан ўқиш лозим бўлади»- дедилар.»- деб ёзилган.

 

Фарз намозини ҳам битиргач, уч марта “Астағфируллоҳ” деб кейин “Оятал-курси” ва 33 (ўттиз уч) тасбиҳ [Субҳоналлоҳ], 33 таҳмид [Алҳамдулиллоҳ], 33 такбир [Аллоҳу акбар] ва бир таҳлил [Ло илоҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу ло шарикалаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъло кулли шай’ин қодийр] ўқилади. Буларнинг тамомини ҳар бир намозхон ўзи мустақил, овоз чиқармасдан ўқиш керак. Ким бўлишидан қатъий назар бу тасбиҳ дуоларини баланд овозда ўқиш бидъатдир.

Тўрт ракъатлик суннатларнинг ва фарзларнинг иккинчи ракъатида ташаҳҳудга ўтирилиб “Аттаҳиёту” ўқилгач, ўрнидан турилади. Суннат намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида Фотиҳадан кейин замми сура ўқилади. Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида фақатгина Фотиҳа ўқилади, Замми сура ўқилмайди. Шом намозининг фарзи ҳам шу тариқа ўқилади. Яъни учинчи ракъатда Замми сура ўқилмайди. Витр намозининг ҳар учала ракъатида ҳам Фотиҳадан кейин Замми сура ўқилади. Кейин қўллар қулоққа кўтарилиб такбир айтилади. Қўл боғлангач “Қунут дуолари” ўқилади. Суннати ғайри муаккада бўлган Аср ва Хуфтон намозининг тўрт ракъатлик аввалги суннатлари ҳам, нариги суннатлар каби ўқилади. Фақат, уларнинг иккинчи ракъатларидан кейинги ўтиришда “Аттаҳиёту” билан бирга “Аллоҳумма солли” ва “Аллоҳумма борик” дуолари ҳам ўқилади.

 

Батафсил


Қазо намозлари

Намоз - бадан билан бажо келтириладиган ибодат бўлгани учун, уни бири ўрнига бошқаси ўқиёлмайди. Ҳар одам бевосита ўзи ўқиши керак. Намозларнинг ўз вақтида ўқилишига “Адо” дейилади. Ўша намозни ўз вақтида ёки бошқа вақтларда бошқатдан ўқишга “Иёда” дейилади. Масалан, макруҳ аралаштирилиб ўқилган намозни вақти чиқмасдан аввал ёки иложи бўлмаса, вақти чиққач иёда (такрор) қилиш вожибдир. Фарз ва вожиб намозларини ўз вақтидан бошқа вақтларда ўқишга “Қазо” дейилади.

Бир кунлик беш вақт фарз ва витр намозларини адо этаётганда, тартибга риоя қилиш фарздир. Қазолари бештадан кўп бўлмаган кишига “Тартиб соҳиби”, яъни тартиб эгаси дейилади.

Жума намози ўша куни пешин намози вақтида ўқилади. Жума куни бомдодга уйғона олмаган тартиб соҳиби киши, буни хутба ўқилаётган пайтда хотирласа, дарҳол қазосини ўқиб олиши керак бўлади. Бир намозни ўқимагунча, ундан кейин келадиган бешта намозни ўқиш жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда: «Бир намозни уйқуда ёки унутиб ўтказиб юборган киши, кейинги намозни жамоат билан адо этаётганда, (аввалгиси) эсига тушиб қолса, имом билан намозини битиргач, аввалги намозининг қазосини ўқисин! Ундан кейин имом билан ўқиганини бошқатдан ўқисин!»- деб, марҳамат қилинди. Бу шартлар жами қазо намозларининг адади бештадан кам бўлган тартиб соҳиблари учунгина тааллуқлидир.

Ўтказиб юборилган фарзнинг қазосини ўқиш фарздир. Вожибнинг қазоси вожибдир. Суннатларнинг қазоси эса, амр қилинмади. Ҳанафий мазҳабининг олимлари иттифоқ билан билдирдиларки:  намозларини билиб туриб ва узрсиз тарк этиш катта гуноҳ эканлиги билдирилган бўлиб, бундай ўтказиб юборилган намозларнинг қазосини ўқиш ҳам фарздир. Фарз ва вожиб намозларини билиб туриб қазога қолдира олиш учун, иккита узр мавжуд бўлиб, биринчиси, душман билан юзма-юз бўлиш, иккинчиси эса, сафардаги одам ёки сафарий бўлмаса ҳам йўловчи кишига, йиртқич ҳайвон, ўғри-қароқчи, сел, тошқин ва бўрон хавфи бўлишидир. Бу вазиятдаги одамлар, ўтириб ва хоҳлаган тарафга ўгирилиб ёки от-улов устида имо билан ҳам ўқий олмайдиган пайтлардагина, намозларини қазога қолдиришлари жоиз бўлади. Ўша икки узр ва уйқу ёки унутиш сабаби билан намозларини қазога қолдириш, гуноҳ бўлмайди. “Ашбоҳ” китобининг шарҳида: «Бўғилаётган, чўкаётган ва шунга ўхшаш хатарли вазиятдаги одамларни қутқариш билан машғул бўлиб, намозларини вақтидан кейин ўқиш ҳам саҳиҳ бўлади..»-дейилган. Табиб, доктор жарроҳ ва доянинг мана шунга ўхшаш узрлар натижасида намозларини ўз вақтидан кечиктиришларига динимиз ҳам изн берган. Лекин, узр ҳоли битгач, тезда қазосини ўқиш фарз бўлади. Ҳаром бўлган уч вақтдан бошқа бутун вақтларда ўқиш нияти билан, бола-чақасининг ризқини ва эҳтиёжларини таъминлаш учун меҳнат қилиниши керак бўлган вақтлардагина, қазо намозларини ўқишни кечиктириш мумкин. Бу қулайликдан, иш вақтида фарзларини қазога қолдириш мумкин экан, деган хулоса чиқармаслик керак. Зеро, севгили Пайғамбаримиз, Ҳандак жангининг шиддатидан ўқий олмаган тўрт намозни, Асҳоби киромнинг ярадор ва хорғин эканликарига қарамай, ўша кечасиёқ жамоат билан ўқиган эдилар. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» айтдиларки: «Икки фарзни бир орага келтириш, катта гуноҳ ҳисобланади.» Яъни бир намозни ўз вақтида ўқимасдан бошқа вақтга кечиктириш, катта гуноҳдир. Бир ҳадиси шарифда хабар берилдики: «Бир намозни вақти чиққандан кейин ўқиган кимсани Аллоҳу таоло саксон ҳуқба дўзах азобига маҳкум қилади». Бир ҳуқба-саксонта охират йилига тенг. Охиратнинг бир куни эса, дунёнинг минг йилича келади. Бир вақт намозни ўз вақтидан кейин ўқишнинг жазоси бу бўлса, ҳеч ўқимайдиганларнинг ҳоли нима кечади?

Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Намоз диннинг таянчидир. Намозини ўқийдиган киши, динини тиклаган, тарк этадиган эса, вайрон қилган бўлади.» Бошқа бир ҳадиси шарифда айтилдики: «Қиёмат куни иймондан кейин биринчи сўроқ намоздан сўралади». Ўшанда, Аллоҳу таоло буюрадики: «Эй қулим! Намознинг ҳисоб-китобидан ўта олсанг бас, нажот сеникидир. Бошқа ҳисобларингни осонлаштираман». Анкобут сураси 45-оятининг мазмунида: «Қусурсиз тўғри адо этиладиган намоз, инсонни чиркин, ифлос ишлардан ҳимоя қилади» - дейилган. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» яна марҳамат қилдиларки: «Инсоннинг Раббига энг яқин пайти, намоз ўқиётган пайтидир».

Бир мусулмоннинг хоҳлаган бир намозни ўз вақтида адо этмай, қазога қолдириши икки хил бўлади:

1. Узр сабаби билан;

2. Фарз эканини, вазифа эканини била туриб, аҳамият бера туриб, дангасалик билан ўқимаслик.

Фарз намозини узрсиз, сабабсиз ўз вақтидан кейин ўқиш, яъни қазога қолдириш - ҳаромдир, катта гуноҳдир. Бу гуноҳ, қазо ўқилган ҳолда ҳам кечирилмайди. Қазо ўқилганида, фақатгина намозини ўз вақтида ўқимаганнинг гуноҳи кечирилади. Намозини кечиктиргани учун эса, алоҳида тавба керак бўлади. Бир одамнинг қазолари бўлсаю уларни ўтамасдан, ёлғиз тавба қилса, гуноҳи кечирилмайди. Қазоларини ўқиб бўлгач, тавба қилса кечирилиши умид қилинади. Тавба қилаётганида ўқимаган қарз намозларини ҳам ўташи керак. Қазо ўқишга имкони бўла туриб ўқимаган киши, яна-да катта гуноҳ қилган бўлади. Ўша катта гуноҳ, ҳар намоз ўқигулик вақт ўтган сайин икки баравар ортиб боради. Чунки, қазоларни бўш вақт топган заҳоти ўқиш ҳам фарздир.  Ҳарбир фарзнинг тарки, ҳаром ва гуноҳ бўлгани учун, бу гуноҳ, қарз ўталмагунча ортаверади. “Умдат-ул-ислом” ва “Жомиъ-ул-фатово” исмли фиқҳ китобларида: «Душман билан юзма-юз келганда, бир фарзни ўқишнинг имкони бўлган ҳолда, (душман баҳона қилиниб) бу фарзни тарк этишнинг гуноҳи, етти юз катта гуноҳга тенг бўлади» - дейилган.

ИЗОҲ: Суннатлар ўрнига қазо ўқиш мумкинми?

Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний (Гийлоний ёки Ғилоний) ҳазратлари “Футуҳ-ул-Ғайб” китобида ёзадиларки: «Мўмин, аввало фарзларни бажо келтириши керак. Фарзлар битгач, суннатларни адо этади. Ундан кейин нофилалари билан машғул бўлади. Фарз ибодатидан қарзи бўлган кишининг, суннатлар билан вақт ўтказиши аҳмоқликдир. Фарз қарзи [қазолари] бўлган одамнинг суннатлари қабул бўлмайди. Али ибн Абу Толиб «родияллоҳу анҳ» ривоят қиладилар: Расулуллоҳ «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Зиммасида фарз қарзи бўлган кимса, қазони қўйиб нофила амал ишласа, бекорга заҳмат чеккан бўлади. Бу кимса, қазосини ўтамагунча Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул қилмайди». Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари билдирган бу ҳадиси шарифни Ҳанафий мазҳаби олимларидан бўлмиш Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари қуйидагича изоҳ, яъни шарҳламоқдалар: «Бу хабар, фарз қарзи [қазоси] бўлган кишининг суннат ва нофила ибодатлари қабул бўлмаслигини билдирмоқда. Суннат намозлари, фарзларни тамомлашини биламиз. Лекин бу, «суннат фарзнинг ўрнига ўтади», - деган маънога келмайди. Балки, фарз адо этилаётганда, “намоз ичида тарк этилган суннат ва адабларни тамомлаш”- деган маънони билдиради. Демакки, суннатларни ўқишдан мақсад, фарз намозининг ичидаги камчиликларни тўлдириш учундир. Бироқ, фарз қарзи бўлганларнинг суннат ўқишларидан ҳеч қанақа наф тегмайди.»

Қуддуси шариф [Иерусалим] шаҳрининг қозиси Муҳаммад Содиқ афанди “Наводир-и фиқҳийя фи мазҳаб-ил-аиммат-ил Ҳанафия” номли фиқҳ китобида, фоита намозининг қазолари қисмида қуйидагиларни билдирмоқдалар: «Буюк олим Ибни Нужайм ҳазратларидан “Бир мумулмоннинг қазога қолган намозлари бўлса-ю, у одам бу намозларини бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон суннатлари ўрнига қазо нияти билан ўқиса, суннатларни тарк этган ҳисобланадими?”- деб, сўралди. Бу сўроққа Ибни Нужайм ҳазратлари: «Суннатларни тарк этган ҳисобланмайди. Чунки, беш вақт намознинг суннатларини ўқишдан мақсад, ўша вақтларда фарздан бошқа бирон намоз ўқишдир. Шайтон инсонга ҳеч намоз ўқитишни хоҳламайди. Фарзнинг ёнида бошқа бир истаган намозни ўқиш натижасида шайтон шарманда қилинган бўлади. Суннатларнинг ўрнига қазо ўқиш билан суннатлар ҳам бажо келтирилган бўлади. Қазо намози бўлган мўминлар ҳар вақтнинг суннатида қазога ният қилишлари лозим. Бу билан, ўша вақтнинг фарзидан бошқа бир намоз ўқилгани туфайли, ҳам суннат бажо келтирилади, суннатга қазо нияти билан киришилгани учун, ҳам қазо қарзи ўталган бўлади. Замонамизда жуда кўп кимсалар фарз қазоларини ўтамасдан, суннатлар билан овуниб юришибди. Булар жаҳаннамга кетишади. Ҳолбуки, суннат намозларини қазо нияти билан ўқиётганлар эса, жаҳаннам азобидан халос бўлишади»-деб, жавоб бердилар.»

Қазо намозлари қандай ўқилади?

Қазо намозлари бўлган мусулмонлар, катта жазодан, азобдан қутилишлари учун тез кунлар ичида бутун қарз намозларини қазо этмоқлари ва бу гуноҳни қилганлари учун алоҳида тавба, истиғфор қилмоқлари керак. Бунинг учун суннатларини қазо нияти билан адо этишлари лозим. Дангасалик қилиб намоз ўқимаганлар, йилларча қазо намози бўлганлар, намозга тураётганларида, суннат намозларининг ниятида, ўша вақтнинг энг аввал қазога қолган намозини қазо этишга деб, ният қилишлари даркор. Қазо намозлари бўлган кишининг суннат намозларини қазога ният қилиб ўқиши, 4 мазҳабда ҳам лозимдир.

Ҳанафий мазҳабида намозни узрсиз қазога қолдириш акбари кабоир, яъни катта гуноҳдир. Бу катта гуноҳ, ҳар бир тўрт ракъат намоз ўқишга кетадиган вақт ўтган сайин икки марта ортиб бораверади. Чунки, намозни бўш вақт топган заҳотиёқ қазо этиш фарздир. Мана шундай ҳисобга, сонга сиғмайдиган ва дақиқа сари ортиб бораётган бу даҳшатли гуноҳдан ва унинг азобидан халос бўлиш учун, қазоларни қуйидагича ўқиш керак.

Пешин намозининг аввалги суннатида; “энг аввал қазога қолган пешиннинг қазосига” деган ният билан ўқиш керак. Пешиннинг охирги суннатини эса, “энг аввал қазога қолган бомдоднинг фарзига” деб ният қилган ҳолда ўқиш керак.

Асрнинг олдидаги тўрт ракъат суннатини, “энг аввал қазога қолган асрнинг қазосига” деб ният қилиб ўқиш керак.

Шомнинг суннатида “энг аввал қазога қолган шомнинг фарзини ўқишга” деб уч ракъат қилиб ўқиш керак.

Хуфтоннинг олдинги суннатини “энг аввал қазога қолган хуфтоннинг фарзини ўқишга” деб ният қилган ҳолда ўкиш керак. Хуфтоннинг охирги суннатида «энг авволо қазога қолган Витри вожибнинг қазосига» деб ният қилиш керак. Мана шу тарзда ўқийдиган одам, бир кунда, ортиқча овора бўлмасдан, ҳам ўша куннинг намозини, ҳам-да бир кунлик қазо намозини ўтаган бўлади. Таровиҳ намозини ҳам қазо нияти билан ўқиш, мақсадга мувофиқдир. Фарз қазоси қанча йиллик бўлса, шунча йил юқоридагидек ибодат қилиш керак. Қазолар битгач яна суннат нияти билан давом этиш мумкин. Агар бўш вақт кўп бўлса, суннатларни кутиб ўтирмасдан бошқа пайтларда ҳам қазоларни ўқиб, қарз ва гуноҳлардан бир соат бўлса-да олдинроқ қутилишга ҳаракат қилиш керак. Ўталмаган қазоларнинг гуноҳи кун сайин ортиб бораётганини унутмаслик керак.

Батафсил


Масбуқнинг Намози

 Имомга иқтидо қиладиган кишилар тўрт тоифага бўлинади. Булар: «Мудрик», «Муқтадий», «Масбуқ» ва «Лоҳиқ»дир.

Мудрик: Намозда таҳрима такбирини имом билан бирга олган, намозга имомла бирга кирган кишига айтилади.

Муқтадий: Таҳрима такбирига улгуролмаган, намозга қироатда етишган кишига айтилади.

Масбуқ: Имомга биринчи ракъатдан кейин етишиб иқтидо қилган кишига айтилади.

Лоҳиқ: Таҳрима такбирини имом билан бирга олгану фақат намозда таҳорат бузувчи бирор иш содир бўлиб, шу сабаб-ла таҳоратини янгилаб келиб, имомга қайтадан иқтидо қилган кишига айтилади. Бу намозхон, яна худди аввалгидек қироатсиз, рукуъ ва сажда тасбиҳларини ўқиб намозини адо этади. Агар таҳорат янгилаш жараёнида дунё сўзи сўзламаган бўлса, имомнинг орқасида турган бўлиб ҳисобланаверади. Лекин, масжиддан чиққач энг яқин жойда таҳорат олиш лозим. Зеро, кўп узоққа кетса, намози бузилади дейилди.

Масбуқ, яъни имомга биринчи ракъатда етишолмаган одам, имом салом бергандан кейин, салом бермасдан ўрнидан туриб, намозининг нуқсон ракъатларини тамомлайди. Қироатларни биринчи, кейин иккинчи, ундан кейин учинчи ракъатларни ўқиётгандек қилиб, бошдан бошлайди. Ўтиришларда эса тўртинчи, учинчи ва иккинчи ракъатдан, яъни намознинг охиридан бошлагандек қилиб ҳаракат қилади.

Масалан: Хуфтоннинг охирги ракъатида жамоатга етишган одам, имом салом бергандан кейин ўрнидан туради ва худди биринчи ракъатдагидек «Субҳонака, Аузу-бисмилло, Фотиҳа ва Замми сура» ўқийди. Рукуъ ва сажда қилгач, туриб кетмасдан ташаҳҳудга ўтиради. Чунки, имом билан ўқиган бир ракат ва ўзи алоҳида ўқиган бир ракъати икки ракъатни ташкил қилган бўлади. Ҳар икки ракъатда бир ташаҳҳудга ўтириш, вожибдир. Масбуқ, «Аттаҳияту»ни ўқигач, ўрнидан туради ва бу сафар худди иккинчи ракъатни ўқиётгандек қилиб «Бисмилло, Фотиҳа ва Замми сура» қироат қилади. Рукуъ ва саждадан кейин ўтирмасдан қиёмга туради. Бу ракъатда эса худди учинчи ракъатдагидек «Бисмилло ва Фотиҳани»ни ўқиб, намозини тугатади.

Батафсил


Имомга иқтидо саҳиҳ бўлиши учун ўнта шарт мавжуд

1. Намозга тураркан такбир айтмасдан аввал, имомга иқтидо қилишга ният қилмоқ шарт. «Уйдим ёки иқтидо қилдим ҳозир бўлган имомга» - деб қалбдан ўтказиш керак. Такбир олиб, намозга киргандан кейин қилинган ният, саҳиҳ бўлмайди.

2. Жамоатда аёллар ҳам бўлса, имомнинг «аёлларга имомлик қилишга» - деб алоҳида ният этмоғи ҳам даркор. Эркаклар учун имоматга ният қилиш, шарт эмас. Агар ният этса, имом ҳам жамоат савобидан баҳраманд бўлади. Ният қилмаса, намоз саҳиҳ бўлади лекин, имом худди ёлғиз ўқигандек савобга эришади халос.

3. Жамоатнинг тўпиғи, имомнинг тўпиғидан орқароқда бўлиши шарт.

4. Имом ҳам жамоат ҳам бир хил фарз намозига ният қилган бўлишлари шарт.

5. Имом билан жамоат орасида аёллар сафи бўлмаслиги шарт.

6. Имом билан жамоат орасида қайиқ ўта оладиган кенгликда ариқ ёки ирмоқ ва арава ўта оладиган даражада йўл бўлмаслиги шарт.

7. Жамоатнинг орасида, имомни кўришга ёки имомни кўриб турган жамоатни кўришга ёхуд табиий овозларини эшитишга имкон бермайдиган туйнуксиз ва деразасиз деворнинг қатъиян бўлмаслиги шарт.

8. Имом билан жамоат, бирбирига боғланмаган ёки тегмай турган икки кемада бўлмасликлари шарт.

9. Ўзга мазҳабдаги имомга иқтидо қилган жамоатнинг намози саҳиҳ бўлиши учун иккита қавл воқиъдур:

Биринчи қавлга кўра: Жамоат, ўз мазҳабларида намозни бузадиган сабаблардан ҳеч бирини имомда кўролмаслиги ва тополмаслиги шарт.

Иккинчи қавлга кўра: Ўз мазҳабида намози саҳиҳ бўлган имомга бошқа мазҳабдаги мўминлар ҳам иқтидо қилишлари мумкин. Бу қавлга кўра, қоплама тиш солдирган ёки тиш ковагини тўлдиртган (пломба) имомларга ҳам иқтидо қилиш жоиз бўлади. (Аҳл-и суннатнинг тўртта, яъни Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, Ханбалий мазҳабидан бошқа гуруҳ ёки фирқаларга мансуб кишиларга иқтидо қилиш, жоиз эмас.)

Жамоат бир кишидан иборат бўлган ҳолларда бу одамнинг, имомнинг чап ва орқа тарафида туриши макруҳдир. Бу киши, имомнинг ўнг тарафида жой олади ва тўпиғи имомнинг тўпиғидан салгина орқароқда турса, намози саҳиҳ бўлади. Жамоат икки ёки ундан кўп кишидан иборат бўлса, имомнинг орқасига ўтиб туришлари керак бўлади.

Имомга иқтидо қилган киши, “Субҳонака”ни ўқийди. Имом, овоз чиқариб ўқиса ҳам, ичида ўқиса ҳам жамоат ҳеч нима ўқимайди. [Шофиъий мазҳабида, жамоат ҳам имом билан бирга ичларида қироат қилишади.] Имом жаҳран [овоз чиқариб] ўқиётганида, Фотиҳани битиргач жамоат ҳафиян [ичида] “омин”- дейди. Рукуъдан тураётиб, имом “Самиъ аллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганида, жамоат фақатгина “Роббана лакал ҳамд”- дейди. Такбирларни жамоат ҳам ичида айтади. Рукуъ, сажда ва ташаҳҳудлардаги дуоларни бутун жамоат ичида ўқийди.

Витр намози, ёлғиз Рамазон ойида жамоат билан адо этилади. Бошқа вақтларда мустақил ўқилади.

Батафсил


Имомликнинг шартлари


Имом бўла олиш учун олтита шарт тўкис бўлиши керак. Булардан лаоқал биттасига эга бўлмаган одамнинг орқасида намоз дуруст бўлмайди. Шартлар эса қуйидагича:

1. Мусулмон бўлиш. Абу Бакр ва Умарнинг «родияллоҳу анҳума» халифа эканликларига, меърож ҳодисасига ва қабр азобига ишонмайдиган одам имом бўла олмайди.

2. Балоғат ёшига етган бўлиш.

3. Ақли жойида бўлиш. Маст ва эси паст одам имом бўлолмайди.

4. Эр киши бўлиш. Хотин киши эркакларга имом бўла олмайди. Аёлнинг аёлларга имом бўлиши эса, макруҳдир.

5. Ҳеч бўлмаганда, Фотиҳа ва яна бир оятни тўғри қироат қила олиш шарт. Ёддан битта ҳам оят билмайдиган, билганда ҳам тажвид билан ўқий олмайдиган ва нуқул нағма қилиб ашулага ўхшатадиган кишилар, имом бўлолмайдилар.

6. Диний бир узр соҳиби бўлмаслик, шарт. Узрли одам узри бўлмаганларга имом бўлолмайди.

Имомнинг қироати чиройли бўлиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқиши лозим. Мақомга ва мусиқа пардаларига солиш, катта гуноҳдир. Намознинг шартларига ва суннатларига аҳамият бермайдиган имомларнинг орқасида намоз ўқилмайди.

«Солиҳ ва фожир мусулмонларнинг орқасида намоз ўқингиз.» - деган ҳадиси шариф масжид имомлари учун эмас, балки жума намозини ўқитадиган амирлар ва ҳокимлар учундир.

Имом бўлишга энг лаёқатли мусулмон– суннатни, яъни дин илмлари-ю аҳкомларини (мазҳаб ҳукмларини) яхши биладиган мусулмондир. Юқорида билдирилган имомлик шартларида, икки мўмин тенг бўлиб қолгудек бўлса, у ҳолда имомлик ҳаққи, Қуръони каримни яхшироқ ўқийдиганига берилади. Агар бу мавзуда ҳам тенг бўлсалар, ичларидан тақводори, яъни ҳаромлардан кўпроқ тийиладигани имом бўлади. Тақвода ҳам тенг бўлишса, ёши улуғроғи имомликка ўтади.

Қул (малай), бадавий, фосиқ, кўр ва ҳароми (никоҳсиз туғилган) одамнинг имом бўлишлари макруҳдир.

Имомнинг намозни, жамоатни қийнайдиган даражада узун ўқитиши, макруҳдир. Аёл кишиларнинг ўзаро жамоат қилишлари ҳам макруҳдир.

Жамоат бир кишидан иборат бўлса, имом уни ўнг тарафига олади. Чап тарафига туриши макруҳдир. Икки киши бўлишса, имом уларнинг бир метр қадар илгарисига ўтиб туради. Эркакларнинг аёл кишига ва ёш болаларга иқтидо қилишлари жоиз эмас. Жамоатда, имомнинг орқасига аввал эркаклар, сўнгра болалар, кейин эса аёллар саф тортишади. Имом, аёлларга ҳам имом бўлишга ният қилган бўлиб, ўша жамоатда бир эркак билан бир аёл киши бир сафда ёнма-ён туриб қолган бўлса, эркакнинг намози бузилади. Агар имом аёллар учун алоҳида ният қилмаган бўлса, аёлнинг ёнига туриб қолган эркакнинг намозига ҳеч қанақа зиён келмайди, намози бузулмайди. Чунки, бу вазиятда, аёл киши намозда, деб ҳисобланмайди. Имом аёлларга ният қилмагани учун аёл кишининг намози жоиз бўлмайди. Тик туриб ўқий оладиганларнинг, ўтириб ўқийдиган кишига иқтидо қилишлари, жоиздир. Фарз ўқиётган киши, нофила ўқиётган одамга  иқтидо қилолмайди. Бунинг акси эса, жоиздир. Имом билан бирга намозини адо этган намозхон, имомнинг бетаҳорат эканлигини фаҳмласа, ўша намозини иёда этади.

Рағойиб, Барот ва Қадр каби кечаларга хос бўлган намозларни жамоат билан адо этиш макруҳдир. Жамоат хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, имомнинг намоздаги қироат ва тасбиҳларни суннат миқдоридан ошириб ўқиши таҳриман макруҳдир.

Кеч келиб, жамоатга рукуъда улгура олмаган одам, ўша ракъатни имом билан ўқиган бўлиб ҳисобланмайди. Имом рукуъда турганида жамоатга келган киши, ният қилади ва тик турган ҳолатда такбир олиб намозга киргач, дарров эгилиб рукуъ ҳолатига ўтади. Агар рукуъга эгилаётганида имом рукуъдан бош кўтаргудек бўлса, ўша ракъатга етишолмаган бўлади.

Жамоатда имомдан аввал рукуъ ёки саждага бориш ёхуд қад ростлаш, таҳриман (ҳаромга яқин) макруҳдир. Фарз намозлар битгач сафларни бузиш, мустаҳабдир.

Бир мўмин беш вақт намозини ҳар куни жамоат билан адо этиш учун ғайрат қилса, бутун пайғамбарлар билан адо этгандек савобга ноил бўлади. Бунча савоб ва фазилатларнинг берилиши, имом ўқитган намознинг қабул бўлишига боғлиқ.

Бир киши, жамоатни узрсиз тарк этса, жаннатнинг ҳидини ҳам туёлмайди. Жамоатни узрсиз тарк этадиганларга ҳар тўрттала китобда ҳам “малъун” деб хитоб қилинган.

Беш вақт намозни жамоат билан адо этишга тиришиш керак. Қиёмат куни Хақ таоло ҳазратлари етти қават ер ва етти қават осмонни, Аршни, Курсини ва бутун махлуқотни тарозининг бир палласига қўйса-ю иккинчи палласига эса, шартларига ва суннатларига риоят қилган ҳолда ўқилган битта жамоат намозининг савобини қўйса, жамоат билан адо этилган намознинг савоби оғир босади.

Батафсил


Жамоат билан намоз

Намозда, энг кам икки кишидан бирининг имом бўлиши билан жамоат ҳосил бўлади. Беш вақт намознинг фарзларини жамоат билан адо этиш, эркаклар учун суннатдир. Жума ва Байрам намозларида эса, жамоат – фарздир. Жамоат намозларига кўп-кўп савоб берилиши ҳадиси шарифларда билдирилган. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Жамоат намозига, ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти марта кўп савоб берилади.» Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Чиройли таҳорат олиб, масжидлардан бири сари, жамоат билан намоз ўқиш мақсадида йўлга тушадиган намозхоннинг ҳар қадамига Аллоҳу таоло бир савоб ёзади ва ҳар бир қадамида амал дафтаридан бир гуноҳ ўчирилади ва яна Жаннатдаги даражасини бир марта юксалтади.»- деб, марҳамат қилинди.

Жамоат билан ўқиладиган намозлар – мусулмонлар орасида бирлик, ҳамдўстлик, ҳамжиҳатлик ва жамият ҳаётини таъминлаб туради. Севги ришталарини мустаҳкамлаб, меҳр-оқибат деган қадриятларни орттиради. Жамоат сабабли, мўминлар тўпланишиб, суҳбат қилишади. Масжидга келолмаганлар, дард-қайғуси бўлганлар, бошига иш тушган ва қийин аҳволда бўлган чорасизлар ва касалликка чалинганлар, ўша суҳбатлар натижасида маълум бўлади. Оқибатда, намоздан кейин жамоатдан баъзилари касал кўришга, баъзилари муҳтожларга ёрдам беришга, яна бошқа бирилари эса кўнгил олиш учун кетишади.

Жамоат – мусулмонларнинг бир тан-у бир жон эканликларига энг чиройли далил ва мисолдир. Бу бирликни бузадиган инсонсурат, шайтонсифат, мазҳабсиз бўлган мол-дунё жинниси мунофиқ тўполончиларга Аллоҳу таоло инсоф берсин!

Касал ва шол бўлган хасталар, бир оёғи кесик бўлган ногиронлар, ўзи юролмайдиган қариялар ва кўзлари кўрмайдиган узрлиларнинг жамоатга иштирок этиши шарт эмас.

Жамоатда, намоз учун иқтидо қилинган мусулмонга, Имом дейилади. Имом бўлиш, унга иқтидо қилиш ва жамоат ташкил қилишнинг ўзига хос бир неча шартлари бордир.

Батафсил


Ҳар қандай намозни бузишни фарз қиладиган сабаблар

1. “Дод” - деб қичқирган бир кимсани қутқариш учун, чуқурга тушиб кетган ёки тушиши мумкин бўлган кўр кимсага ёрдам бериш учун, куйиб қолиш ёки чўкиб кетиш эҳтимоли бўлган инсонларни қутқариш учун ва ёнғинни ўчириш учун ҳар қандай намозни бузиш фарздир.

2. Ота, она, бобо ва бувидан бири чақирганида намозни бузиш вожиб эмас, балки жоиз бўлса ҳам эҳтиёж бўлмаса, бузмаслик керак. Нофила (Суннатлар ҳам киради) намозларда бузса бўлади. Агар бу яқинлардан бирортаси «Дод»- деб ёрдамга чақиргудек бўлса, фарз намозларни ҳам бузиш лозим бўлади.

Батафсил


Ҳар қандай намозни бузишни мубоҳ қиладиган сабаблар

1. Илонни ўлдириш учун намозни бузиш, мубоҳдир.

2. Бўшалиб кетган молини ёки уловини тутиш учун.

3. Сурувни йиртқичлардан ҳимоя қилиш учун.

4. Ўт устидаги тошиб тўкилаётган таомни олиш учун.

5. Вақтнинг ўтиб кетиш, жамоатнинг тарқаб кетиш андишаси бўлмаган пайтларда, бошқа мазҳабда намозни бузадиган бирор ҳодисани, гумондан холис бўлиш мақсадида бартараф қилиш учун, (масалан: дирҳамдан кичик бўлган нажосатни ёки бегона бўлган аёлнинг баданига бадани билан текканини эслаб, янгидан таҳорат олиш учун) намозни бузиш, жоиздир.

6. Таҳорат ва ел қисташидан фориғ бўлиш учун намозни бузиш, мубоҳдир.

Батафсил